Иқтисодиёт | 17:38 / 03.12.2021
17405
5 дақиқада ўқилади

“Тадбиркорларга ҳам валюта айирбошлаш ҳуқуқини бериш вақти аллақачон келган” — Мухтор Умаров

“Валюта айирбошлаш шохобчаларининг дам олиш кунлари ишламаслиги аҳоли, хусусан тадбиркорларга ҳам ноқулайлик туғдиради. Бу тизимни эркинлаштириш вақти аллақачон келиб бўлган”, дейди Ўзбекистон иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаров.

Ижтимоий тармоқларда валюта айирбошлаш шохобчалари дам олиш кунлари ишламаслиги масаласи кенг муҳокама қилинмоқда, муаммо юзасидан турли фикрлар янграяпти. Ўзбекистон иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаров Kun.uz’га берган интервьюсида мазкур муаммо тадбиркорлар учун ҳам ноқулайлик туғдиришини айтди ва ечимлардан бирига тўхталди.

“Валюта айирбошлашни эркинлаштиришимиз керак. Хусусий секторга ҳам чет эл валютасини алмаштириш имкониятини бериш керак ва аллақачон бунинг вақти келган. Банклар дам олиш кунлари ишлашни хоҳламаса, марҳамат, хусусий валюта айирбошлаш шохобчаларига йўл берайлик. Улар 24 соат ишлайди. Ҳозир эса улар ноқонуний ишламоқда. Ундан кўра, уларга қонуний йўл очиб бериш лозим. Бу ҳам тадбиркорлик. Чет элга чиқсангиз, ҳар қадамда валюта айирбошлаш шохобчалари бор. Улар хусусий ва эркин. Бизда ҳам буни хусусий секторга ўтказилса, ўртада эркин рақобат бўлади.

Агар уларга лицензия бериладиган бўлса, солиқ тўлашади ва давлат бюджетига ҳам пул тушади. Тадбиркорлар валютани эркин алмаштиришлари мумкин бўлади. Кўп одамлар қонуний иш билан таъминланади. Аҳоли дам олиш кунлари валюта алмаштириладиган жойни қидириб юрмайди.

Масалан, яқинда шанба куни ёнимиздаги банкка валюта алмаштираман деб кирсам, “биз шанба-якшанба кунлари ишламаймиз, душанба куни келинг”, дейишди. Ходимлар юришибди, лекин банк операциялари бажарилмайди. Банкда ҳеч ким йўқ бўлса, тўғри тушунсангиз бўлади, лекин ходим бўлатуриб мижозларга хизмат кўрсатмаслиги хато”, дейди у.

Мухтор Умаровга кўра, банк тизими “non-stop” режимида, тўхтовсиз  ишлаши керак.

“Ғарб мамлакатларини кўрадиган бўлсангиз, технологиялар шундай ривожланиб кетганки, агар сизга банк картаси керак бўлса, банкка боришингизга ҳожат йўқ. Банк шанба-якшанба ёки бошқа кунларими, фарқи йўқ, белгиланган вақтда картангизни сизга юборади.

Бундай операциялар рақамлаштирилиши керак. Тўғри, инсон дам олади, лекин хизматлар тўхтамаслиги лозим.

Ўзбекистон ҳозир ривожланиш даврида. Мамлакат юқори савиядаги банк хизматларига ўта муҳтож. Банк соҳасида қилиниши керак бўлган ишлар эса жуда кўп. Банк инструментлари ва сервислари кўнгилдагидек эмас. Бу тадбиркорларни энг кўп қийнайдиган муаммо ва рақобат учун тўсиқ бўлаётган асосий омил.

Қўшниларимизда (давлатлар) банк хизматлари бизга қараганда 3 баробар арзон бўлса улар билан қандай қилиб рақобатлашамиз”, деди Мухтор Умаров.

Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев шанба куни ўзининг Facebook'даги саҳифасида жонли эфир ўтказиб, банкларнинг валюта айирбошлаш шохобчалари дам олиш кунлари ишламаслиги муаммосини кўтарди. Депутат 50 долларни қайтим билан олиш учун қора бозордан алмаштиради ва шанба-якшанба куни банк кассалари, айирбошлаш шохобчаларини ишлатиб қўймагани учун Марказий банкни айблайди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров бунга муносабат билдириб, депутатнинг танқиди ўринли экани, бироқ дам олиш кунлари валюта айирбошлаш ҳажми кам бўлиши ва шохобчалар фаолияти иқтисодий жиҳатдан ўзинини оқламаслигини билдирди. У масаланинг ечими сифатида дам олиш кунлари ишлайдиган шохобчаларда курсларни одатдагидан баландроқ белгилаш мумкинлигини қайд этди.

Яна бир иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов валюта айирбошлаш ҳуқуқи фақат банкларга берилгани тўғри эмаслиги, бундай ҳуқуқни ҳаммага бериш ҳам ликвидлик бериши, ҳам рақобат кўп бўлгани учун хизмат сифатини оширишини таъкидлади.

30 ноябрь куни Адлия вазирлиги Расул Кушербаевнинг ҳаракатларини қонунни бузишга тарғиб қилиш деб баҳолади. Вазирлик депутатнинг ҳаракатларини амалдаги қонунларни “бузишга қаратилган намойишкорона ҳаракатлар” деб атаб, буни “қаттиқ қоралаши”ни билдирди. Адлия вазирлигининг бу муносабати ижтимоий тармоқда танқид қилинди.

Мавзуга оид