Навоийда пора билан қўлга тушган раҳбар 5 йилга қамалди
9 млн сўм пора билан қўлга тушган Конимех тумани Ободонлаштириш бошқармасининг собиқ бошлиғига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Kun.uz'га жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди раиси Мақсуд Райимов хабар берди.
Маълум қилинишича, Конимех тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган 40 ёшли Ж.К. бошқарма тасарруфидаги “Damas” машинасини бошқарманинг Зарафобод бўлими ихтиёрига ўтказиб бериш учун фуқаро Ф.М.дан 9 млн сўм талаб қилган. У ўз хизмат хонасида келишилган пулни олган. Шунингдек, Ж.К. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, туман ободонлаштириш бошқармасига ажратилган “Isuzu” машинасини бошқарманинг Зафаробод бўлими ихтиёрига ўтказиб бериш эвазига Ф.З.дан 15 млн сўм талаб қилган ҳамда келишилган пулларни фуқаро М.Д. орқали олган.
Аммо раҳбар “ваъдаси”ни бажармаган. “Damas” ва “Isuzu” машиналарини бошқарманинг Зафаробод бўлимига бириктириб бериш пайсалга солиб келинган. Бундан норози бўлган Ф.М. берган пулларини қайтаришни талаб қилган. Ж.К. пора тариқасида олган пулларнинг бир қисми сифатида 4 млн сўм маблағни фуқаро А.М. орқали қайтарган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган.
Бундан ташқари, Ж.К. жиноий шериклари Ф.М. ва М.Д. билан биргаликда ободонлаштириш бошқармаси балансида бўлган темир қувурларни ноқонуний тарзда сотиб юборган ва 20,7 млн сўмлик мол-мулкни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Суд ҳукмига кўра, Ж.К.га 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.