Ўзбекистон | 14:44 / 14.12.2021
31723
4 дақиқада ўқилади

«Қўйлиқ» маъмурияти бозор кўчиши бўйича расмий топшириқ бўлмаганини айтди

Қўйлиқ деҳқон бозори маъмурияти вакили Қодиржон Нормирзаевга кўра, бозор бузилиши ёки кўчиши ҳақида ҳеч қандай расмий топшириқ берилмаган. Янги бозорга кўчмаган сотувчиларни жавобгарликка тортиш бўйича огоҳлантириш хати ким томонидан берилгани номаълум бўлиб қолмоқда.

Йўл кенгайиши ва кўприк қурилиши сабаб Қўйлиқ деҳқон бозори ва унга туташ бўлган улгуржи савдо майдони жойлашган манзил Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани Меҳнатобод кўчасида жойлашган Food City савдо марказига кўчирилиши ҳақида хабар берилганди.

Бу янгилик ижтимоий тармоқларда жиддий эътирозлар ва баҳсларга сабаб бўлди. Янги мажмуадаги дўконлар ижараси ҳаддан ташқари қимматлиги, майдони эса жуда кичиклиги боис савдогарлар бозор кўчиши натижасида Тошкентда озиқ-овқат нархи ошиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда, минглаб кишилар эса кундалик даромадидан айрилишидан катта хавотирда эканини билдирган. Аммо кутилмаганда бозор расмийси бозор бузилиши ҳақидаги хабарларни инкор этмоқда.

ЎзА тайёрлаган видеорепортажда Қўйлиқ деҳқон бозори директорининг хавфсизлик бўйича ўринбосари Қодиржон Нормирзаев бозор бузилиши ёки кўчиши ҳақидаги эътирозларга муносабат билдириб, бу борада ҳеч қандай расмий топшириқ берилмаганини айтиб ўтди. Унинг қўшимча қилишича, айланма кўприк лойиҳасини амалга ошириш учун бозорни бузишга ҳожат йўқ.

«Янги кўприк қуриш ҳозирча лойиҳа. Ушбу кўприк қурилишига 2025 йил ёки бошқа маълум бир аниқ вақт белгиланмаган. Қурилган тақдирда ҳам кўприк билан бозор оралиғида катта жой бор, айланма йўл қилиб, пастга туширганда ҳам бозорга халақит қилмайди.

Янги бозорга кўчиш бўйича ҳали бизга шаҳар ҳокимияти ёки бозорлар маркази томонидан ҳеч қанақа хабар берилмаган, огоҳлантириш хатлари ҳам юборилмаган. Янги бозор масаласига тўхталадиган бўлсак, у асосан улгуржи маҳсулотлар сотиш учун мўлжалланган. Бундан кўзланган мақсад катта юк машиналарининг шаҳар ичига кириб, тирбандлик юзага келтиришига йўл қўймаслик.

Айланма кўприк лойиҳасини амалга ошириш учун бозорни бузишга ҳожат йўқ, чунки етарли даражада жой бор», деган у.

Иқтисодчи Отабек Бакиров кўчмаган сотувчиларни жавобгарликка тортиш бўйича огоҳлантириш хатини ким бергани юзасидан саволлар қўйди.

«Қўйлиқ деҳқон бозорининг директор ўринбосари интервью берибди. Унга кўра, бозор бузилмайди, кўчирилмайди, бозор резидентларига огоҳлантириш хатлари ҳам берилмаган.

Унда ким кўчмаган бозорчиларни жавобгарликка тортиш бўйича огоҳлантириш берди? Марсликларми?

Ким қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ортилган машиналарни бозорга киргизмаслик ҳақида топшириқ берди? Марсликларми?

Ким Қўйлиқ резидентлари Food City савдо марказига кўчиши кераклиги ҳақида топшириқлар берди? Марсликларми?

Бозорнинг бош акциядори бўлган Тошкент шаҳар ҳокимияти қани? Эртага яна бозор бузилмайди деб мен айтмаганман, деб билган номаъқулини ейишда давом этмайдими?

Савдо-саноат палатаси қани? Бир оғиз товуш чиқарадими? Бизнеснинг мулк ҳақлари бузиляпти. Пиқ этган товуш чиқадими?» дея ёзади иқтисодчи.

Тошкент шаҳри ва вилоятларга озиқ-овқат етказиб берувчи Қўйлиқ деҳқон бозори ва унинг ёнидаги улгуржи савдо майдонининг бошқа ҳудудга кўчирилиши ҳақидаги қарор ва ҳаракатлар сўнгги кунларда муҳокамалар марказига айланди. Қарор эълон қилинган 7 декабрь куни Kun.uz мухбири бозор ҳудудида бўлиб, бу ерда савдо қиладиган тадбиркорларнинг фикрлари билан қизиқди. Чакана ва улгуржи савдо билан шуғулланадиган сотувчи ва тадбиркорлар ўз норозиликларини билдириб, бозорнинг кўчиши кўпчиликнинг ишсиз қолиши, нархлар ошиши каби салбий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкинлигини айтишди, бошқа жойга кўчиш мижозлар сони кескин камайиши ва савдо сусайишига сабаб бўлишини таъкидлашган.

Кейинроқ, Қўйлиқ бозоридаги барча тадбиркорлардан савдо фаолиятини жорий йилнинг 31 декабрига қадар тугаллаб, 2022 йилнинг 1 январидан Food city савдо мажмуасида давом эттириш ҳақида огоҳлантириш хатига имзо қўйдирилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Мавзуга оид