Ўзбекистон | 14:37 / 16.12.2021
8419
5 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаев дарахтлар кесилишида ҳокимиятнинг ҳам айби борлигини тан олди

“Ҳақиқатда кесилиб кетган жойлари бор, шаҳар ҳокимлигининг бунга ёрдам беролмай қолган жойлари ҳам бор, айбдор жойлари ҳам бор. Мен буни тан оламан”, деди Тошкент ҳокими. Шу билан бирга, шаҳар мэри дарахтларнинг қуриб қолаётгани суғориш тизимларига зарар етказилаётгани билан боғлиқлигини рад этиб, ерости сувлари сатҳи пасаяётганини айтди.

Сенатнинг экологияга масъул қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга пойтахтдаги дарахтлар кесилиши ва шаҳар экологияси бўйича савол берди.

Тожиевнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳрида 1,2 миллионга яқин дарахт хатловдан ўтказилган, аммо уларнинг 20 фоизи ҳам ягона электрон маълумотлар базасига киритилмаган. Натижада мораторийга қарамай дарахтларни кесиш ҳолатлари ҳали ҳам давом қилмоқда.

“2021 йил январ-ноябр ойларида 33 609 туп дарахтни кесиш учун Экология қўмитасига 2 479та ариза келган. 1 483та аризага рад жавоби берилиб, 22 145та дарахт сақлаб қолинган. Бу – маълумот, лекин кўп жойларда қурилишлар дарахт бор жойларда олиб бориляпти. Ҳокимликда дарахтларни сақлаб қолиш масаласида қандай ишлар қилиняпти?

Иккинчи масала – қурилиш, реконструкция ишлари давомида суғориш тизимларига шикаст етказилиши натижасида дарахтларнинг қуриши, касалланиши ҳолатлари кўпайиб кетяпти. Масалан, Чилонзор туманида жойлашган Ғафур Ғулом боғида 15та дарахт, Олмазор туманидаги Абдулла Қодирий боғида 35та дарахт қуриши ҳолатлари аниқланган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Баҳодир Тожиев
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Табиий омиллар таъсирида қуриган ва инсонлар ҳаётига хавф соляпти деб, 852та ариза билан 9 739та дарахт кесилиб кетган. Яшил ҳудудларнинг камайиши каби ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолатлар бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигида аниқ режалар борми?” – сўради сенатор палатанинг 16 декабр кунги ялпи мажлисида.

Бунга жавобан Жаҳонгир Ортиқхўжаев дарахтлар шу вақтгача эгасиз бўлиб келгани туфайли кесилиш ҳоллари кўп бўлганини айтиб, бунда шаҳар ҳокимлигининг ҳам айби борлигини тан олди.

Охирги йилларда умуман дарахтларнинг аниқ эгаси бўлмаган. На экологияга қарашли бўлган, на ҳокимиятга қарашли бўлган, рақамлаштирилмаган. Ким қаерда хоҳласа, дарахт экилган. Экиш керакмас бўлган жойда ҳам дарахт экилган, экиш керак бўлган жойда экилмаган ҳолатлар ҳам бор.

Ҳурматли президентимиз ташаббуслари билан ҳозирда экологик полиция ташкил қилинган. Ҳолат назоратга олинди ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида Рақамлаштириш маркази ташкил қилинди. Ҳозир Рақамлаштириш марказида ҳар битта дарахтни аниқ ҳисобга олиб, бошқарувини йўлга қўйяпмиз.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Ҳақиқатда, кесилиб кетган жойлари бор, шаҳар ҳокимлигининг бунга ёрдам беролмай қолган жойлари ҳам бор, айбдор жойлари ҳам бор. Мен буни тан оламан. Қурилиш майдонларида нобуд бўлган дарахтлар бор, уни ҳам тан оламан. Лекин охирги пайтда ерости сувлари сатҳининг қочиши шаҳардаги қурилишларга асло боғлиқ эмас. Бутун дунёда экология ўзгариб боряпти, фақат Тошкентда эмас, бутун дунёда ерости сувлари сатҳининг пасайиши юзага келяпти. Ўйлайманки, экологларимиз бунинг устида ишлашади.

Бу борада биз 200 вараққа яқин лойиҳа ишлаб чиққанмиз. Агар батафсил танишмоқчи бўлсангиз, сизга бу борадаги барча маълумотларни юборамиз”, – деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Пойтахтда хатловга киритилган 1,2 млн дарахтнинг бор-йўғи 20 фоизи электрон реестрга киритилгани ҳақида такроран берилган саволга шаҳар мэри қуйидагича жавоб берди.

“Айтдим-ку, чунки бу дарахтларнинг аниқ эгаси бўлмаган. На экология қўмитаси, на шаҳар ҳокимлиги... Ҳисоби юритилмаган. Йиллар давомида [шаҳарда] 1,2 млн, 1,5 млн, кимдир эса 2 млн дарахт бор деган, лекин қаерда бор, қанақа дарахтлар улар – ҳеч қанақа маълумот олинмаган. Мана энди Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида биз Рақамлаштириш марказини қуриб ишга туширдик. У ерда Экология қўмитаси билан биргалашиб, бирма-бир дарахтларни рақамлаштиряпмиз. [Марказни] ишга туширганимизга 3-4 ой бўлди”, – деди ҳоким.

Аввалроқ, Kun.uz яширин қарорлар билан Абдулла Қодирий боғи ва Ғафур Ғулом боғининг ТТЗ мавзесида жойлашган шохобчаси абгор аҳволда қолаётганини ёритганди.

Мавзуга оид