Жаҳон | 22:52 / 20.12.2021
8237
1 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг катта круиз лайнерида 50 га яқин кишида омикрон аниқланди

Фото: AFP

Дунёдаги энг катта круиз лайнери Symphony of the Seas’да камида 48 кишида коронавируснинг омикрон штамми аниқланди. Бу ҳақда кема эгаси Royal Caribbean компаниясига таяниб Washington Post нашри хабар берди.

Майамини 11 декабрда тарк этган лайнерда ҳаммаси бўлиб 6 мингдан кўпроқ одам бўлган. Компанияда таъкидланишича, круиз лайнери бортидаги одамларнинг 95 фоизи, омикрон билан касалланганларнинг 98 фоизи тўлиқ эмланган бўлган. Янги штамм юқтириб олганлар ўзларида касалликнинг бирорта аломатини сезмаганлари ёки улар енгил кечганини айтишган.

Баъзи йўловчилар Royal Caribbean’ни хавфсиз саёҳатни ташкиллаштира олмагани учун танқид қилган.

Symphony of the Seas дунёдаги энг катта круиз лайнери бўлиб, у ўз бортига 6680 йўловчини олиши мумкин. Кеманинг 18 та палубасида 20 та ресторан, робот-официантларга эга бионик бар, 5 та сув ҳавзаси, театр мавжуд. Меҳмонларга 2175 ходим хизмат кўрсатади.

Мавзуга оид