Ўзбекистон | 16:24 / 21.12.2021
4061
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди

Қонун лойиҳасида давлат қарзи суммасининг ЯИМга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги назарда тутилган. Олий Мажлис палаталарига давлат қарзининг чекланган ҳажмини белгилаш ваколатлари берилмоқда.

Фото: Олий Мажлис

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан давлат қарзи суммасининг ЯИМга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва Молия вазирлигининг давлат қарзини бошқариш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.

Хусусан, давлат қарзини бошқаришда парламент ролини ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарига давлат қарзининг чекланган ҳажмини белгилаш, давлат қарзини бошқариш стратегияси ижросини кўриб чиқиш ҳамда жалб қилинган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш ваколатлари берилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 3 йил муддатга давлат қарзини бошқариш стратегияси тасдиқланиши кўзда тутилмоқда.

Ушбу ҳужжат давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар очиқлигини таъминлаш бўйича қоидаларни ҳам акс эттирмоқда. Бунда Молия, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликларига Олий Мажлис палаталарига маълумот киритиш ҳамда вазирлик ва идораларга давлат қарзи тўғрисидаги маълумотларни ОАВда ёритиб бориш, расмий веб-сайтларда чоп этиш мажбурияти юкланмоқда.

Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим доирасида хусусий шерикка бериладиган кафолатлар бўйича чекловлар ўрнатиш амалиёти жорий этилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мавзуга оид