Жамият | 17:27 / 24.12.2021
1603
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда алимент тўлашдан бўйин товлаган 262 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган

Сирдарё вилоятида жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига 8 961 нафар боланинг таъминоти учун 8 074 нафар қарздордан алимент тўловларини ундириш юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: Getty Images

Жорий йилнинг ўтган даврида 752 та ҳолатда тарафлар ўзаро яраштирилиб, оилаларни қайта тиклашга эришилди, 69 та ҳолатда болаларнинг вояга етгунига қадар бўлган таъминоти учун алимент тўловлари пул маблағи, уй-жой, автомашина ва бошқа шаклларда қопланди. Ишсиз алимент тўловчиларни иш билан таъминлашга қаратилган тадбирлар натижасида вилоятда 1 541 нафар фуқаро доимий ва мавсумий ишга жойлаштирилди.

Бюронинг туман-шаҳар бўлимлари томонидан 218 нафар қарздор жисмоний шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлиб, олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида, қидирувдаги шахсларнинг 112 нафари топилган. Қидирувдаги қарздор жисмоний шахсларнинг 79 нафари маҳаллий қидирувда бўлиб, республика ҳудудидан чиқиб кетганлари 27 нафарни ташкил этади.

Шунингдек, 38 та автомототранспорт воситаларига қидирув эълон қилинган бўлиб, олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида, 23 таси топилган, 15 та автомототранспорт воситалари бўйича қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йил 1 декабрдан жорий этилган тартибга кўра солиқдан ташқари давлатга ундирилган маблағлар ҳисобидан, Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га январь-ноябрь ойларида 21,9 млрд сўм пул маблағлари пропорционал равишда 7,3 млрд сўмдан  ўтказиб берилди.

Мавзуга оид