Иқтисодиёт | 14:48 / 25.12.2021
17461
2 дақиқада ўқилади

Инвестицияларни ўзлаштириш учун қайси давлатлардан қанча қарз олингани маълум қилинди

11 ойда инвестицияларни ўзлаштириш учун жалб қилинган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари 1 млрд 910 млн долларни ташкил қилган.

Фото: Paul Yeung/Blomberg

Жорий йилнинг 11 ойида инвестицияларни ўзлаштириш учун хориждан 1 млрд 910 млн доллар жалб қилинган.

Бу ҳақда 25 декабр куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Иномжон Абдураҳмонов маълум қилди.

Маълумотларга кўра, январ–ноябрда 9 млрд 229 млн доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Бундан:

  • тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 7 млрд 318 млн доллар (прогнозга нисбатан 115 фоиз);
  • халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари 1 млрд 910 млн долларни ташкил қилди.

Қайси давлатлар ва хорижий молия институтларидан маблағлар жалб қилинган?

Иномжон Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларининг асосий қисми:

  • Осиё тараққиёт банки (жами ҳажмга нисбатан 25 фоиз ёки 471 млн доллар);
  • Жаҳон банки (20 фоиз ёки 382 млн доллар);
  • Хитой (16 фоиз ёки 300 млн доллар);
  • Ислом тараққиёт банки (5,2 фоиз ёки 99 млн доллар)
  • Япония (3,9 фоиз ёки 75 млн доллар) давлатларининг молия институтлари ҳиссасига тўғри келди.

Ушбу маблағлар нимага сарфланган?

Халқаро молия ташкилотлари ва давлатларнинг маблағлари:

  • Транспорт (24 фоиз ёки 466 млн доллар);
  • Энергетика (21 фоиз ёки 404 млн доллар);
  • Қишлоқ ва сув хўжалиги (17 фоиз ёки 328 млн доллар);
  • Соғлиқни сақлаш (7,5 фоиз ёки 143 млн доллар);
  • Коммунал хўжалик (7,2 фоиз ёки 138 млн доллар);
  • Қишлоқ жойларида уй-жой қурилиши (6,3 фоиз ёки 121 млн доллар) соҳаларига йўналтирилди.

Аввалроқ 2022 йил учун жалб қилинадиган ташқи ва ички қарз лимити 4,5 млрд доллар этиб белгилангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид