Жамият | 16:32 / 25.12.2021
17521
1 дақиқада ўқилади

Навоийда 4 нафар эгизак дунёга келди

Навоий шаҳрида 4 нафар эгизак туғилди. Уларга Мадина, Муслима, Юнус ва Юлдуз исмлари қўйилди. Kun.uz мухбири чақалоқларнинг отаси билан суҳбатлашди.

Фото: Kun.uz

23 декабр куни Навоий шаҳрида бирйўла 4 нафар эгизак: 3 қиз ва 1 ўғил туғилди. Чақалоқларнинг ота-онаси Шомурод Фармонов ва Раҳима Абдураҳмонова Кармана туманининг Талқоқ маҳалласида истиқомат қилишади. Улар 2020 йилда турмуш қуришган.

“Скрининг текширув пайтида чақалоқлар 4 нафар экани маълум бўлганди. Уларнинг 2 нафари қиз ва 1 нафари ўғил эканини ўшандаёқ аниқ айтишганди шифокорлар. Албатта, қувончимнинг чеки йўқ”, – дейди чақалоқларнинг отаси Шомурод Фармонов.

Маълум бўлишича, биринчи бола 1 570 грамм, иккинчи бола 1 460 грамм, учинчи бола 910 грамм, тўртинчи бола эса 1 280 граммни ташкил этган.

ДХА Навоий вилояти бошқармасининг ташаббуси билан сайёр тартибда хизмат кўрсатилиб, чақалоқларнинг яқинларига туғуруқхонанинг ўзида туғилганлик гувоҳномалари, банк ходимлари томонидан суюнчи пули топширилган.

Фото: ДХА Навоий бошқармаси

Айни пайтда она ҳам, чақалоқлар ҳам шифокорлар назоратида.

Мавзуга оид