Ўзбекистон | 15:19 / 30.12.2021
9940
12 дақиқада ўқилади

Деҳқон ва фермерлар учун интернет-платформа яратилмоқда

2021 йил 28 декабр куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги аграр соҳани рақамлаштириш доирасида ишлаб чиқилган дастур ва тизимларни тақдим этди. Платформа бирқанча хизматларни ўзида жамлайди.

Фото: Agro.uz

Катта маълумотларни таҳлил қилиш, экин майдонлари ҳолатини юқоридан кузатиб туриш, ҳосилни териб олиш учун қулай вақтни белгилаш, ўғитлаш схемасини ҳисоблаб чиқиш ва мониторинг қилиш, ҳосилни прогнозлаштириш, тупроқ ҳолатини, ўсимликлар параметрларини кузатиб туриш, микроиқлимни ўлчаш – булар ва бошқа имкониятлар фазодан олинган суратлар, дронлар, метеорологик станциялар, датчиклар ва бошқа ускуналардан олинган маълумотларни жамлайдиган платформа орқали мумкин бўлади. Рақамли технологиялар ўсимликшуносликнинг тўлиқ циклини бошқаришга имкон яратади.   

"Жорий йил охиригача Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни рақамлаштириш маркази томонидан 5 та ахборот тизими ишга туширилади. Жумладан, қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш учун мўлжалланган “E-IJARA TANLOV" тизими, ArcGIS дастурий маҳсулоти базасидаги геоахборот тизими, “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини субсидиялаш” ягона ахборот тизими, “Импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникалари ҳисоби” тизими ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг янгиланган расмий веб-сайти, – дея аниқлик киритди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни рақамлаштириш маркази директори Саидагзам Алимов.

– Шунингдек, 2022-2023 йилларда яна 5 та электрон тизимнинг ишга туширилиши кўзланган. Яъни Агроплатформа АТ, “Marketplace” электрон агросаноат савдо портали, Тошкент давлат аграр университетида жорий этиладиган " Smart campus" лойиҳаси, “Rubicon” сув ресурсларини бошқариш тизими, фермерлар учун экотизимни яратишга асос бўладиган 150 дан ортиқ турдаги интерактив хизматлар ва сервислардан иборат "Рақамли қишлоқ хўжалиги" АСМ ягона интеграция платформаси. Ушбу инновацион ечимларни жорий этиш АСМда тадбиркорлик фаолиятини енгиллаштириш ва муқобиллаштириш имконини беради, ҳужжатлар алмашинуви ва интерактив хизматларга эга бўлишни осонлаштиради, аграр соҳада жараёнлар шаффофлигини кучайтиради ва энг муҳими, АСМ тизимида самарадорлик натижаларини яхшилайди".

Энди тақдимотда кўрсатилган тизимлар ҳақида батафсилроқ, мутахассислар келтирган маълумотларга таяниб:  

E-IJARA ахборот тизими

Президентнинг 08.06.2021-йилдаги ПФ-6243-сон "Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага беришнинг янги механизми жорий этилди. E-IJARA ахборот тизими ерларни ижарага бериш учун материалларни тўплаш, лойиҳаларни тайёрлаш ва барча манфаатдор томонлар билан келишиш учун мўлжалланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорини ҳисобга олган ҳолда 2022-2025-йилларда пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдонлари тайёрланади. 2022-йилда 80 минг гектардан зиёд ер E-IJARA тизимида алоҳида лотлар тарзида 0,10-1 гектардан ажратилиб, E-AUKSION тизимидаги очиқ электрон кимошди савдолари орқали барча ҳужжатлари билан бирга 10 йилга ижарага берилади. Ушбу тизим ёрдамида фермерлар бўш қишлоқ хўжалиги ерлари ҳақида тўлиқ маълумот олишлари ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага қўйиш бўйича ўз таклифларини беришлари мумкин булади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг геоахборот тизими

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ArcGIS дастурий маҳсулоти негизидаги ўз геоахборот тизими 2021-йилнинг ноябр ойидан синов режимида ишга туширилган. Бугунги кунда ушбу тизим республикамизнинг 4 та вазирлик ва идораларининг ахборот тизимлари, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг қуйи ташкилотлари ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Қайта ишланадиган маълумотлар ва тизим имкониятлари ҳар 10 кунда бутун республикамиз бўйлаб фазодан олинадиган суратлар, реал вақт режимида 200 нафар дала ишчилари томонидан тўпланадиган маълумотларни мониторинг қилиш ҳисобига доимий равишда кенгайтириб борилади. Керакли барча маълумотларни олиш, шу жумладан, ердан фойдаланувчилар, тупроқ хусусиятлари, суғориш тизимларининг мавжудлиги ва экин турларини автоматик аниқлаш учун сунъий интеллект технологиялари ёрдамида амалга оширилган маълумотларни таҳлил қилиш имкониятлари яратилган. Яқин келажакда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш асосида олинган юқори сифатли мултиспектрал суратлардан фойдаланиш ҳисобига тизимнинг имкониятлари янада кенгайтирилади. Келгусида тизим қишлоқ хўжалиги фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларига йўналтирилади ва унинг ёрдамида экин экиш ва ҳосили йиғиштириб олиш учун қулай вақтни танлаш, ўғитлаш схемасини ҳисоблаб чиқиш, мониторинг қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилини прогноз қилиш, касалликларини ўз вақтида аниқлаш мумкин бўлади.

“Агросаноат мажмуида ягона агроплатформа” тизими

Тизим аграр сиёсатни амалга оширишнинг асосий ахборот воситаси бўлиб, фермерлар ҳамда агрокластерлар, етказиб берувчилар ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, давлат органлари, шунингдек, ерни тайёрлаш ва ишлов беришдан тортиб, ҳосилни етишитириш, якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнларининг ягона занжирида рақамли ўзаро таъсирни ташкил этиш учун мўлжалланган.

Агроплатформа – замонавий рақамли платформа бўлиб, унда 75 000 дан зиёд фермер ва 600 дан ортиқ агрокластерлар ишлайди. Шунингдек, 20 дан ортиқ тижорат банклари, 150 дан зиёд давлат органлари тизим фойдаланувчилари бўлади.

Тизимда реал вақт режимида электрон шартномалар тузиш учун электрон майдон ишга туширилади, у ерда кунига қарийб 1000 та савдо амалиётлари ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, электрон ҳужжат айланмаси, аризалар топшириш, имтиёзли кредитлар олиш, 2000 турдан зиёд қишлоқ хўжалиги техникаси ва уларнинг эҳтиёт қисмлари тўғрисида маълумот олиш, берилган параметрлар тўплами бўйича тўғридан-тўғри шартномаларни амалга ошириш учун ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар тўғрисидаги маълумот олиш имконияти таъминланади.

Агроплатформа фермер хўжаликлари ва агрокластерлар соддалаштирилган бухгалтерия ҳисобини жорий этиш имкониятига эга бўладилар, бу ерда кунига 100 миллион сўмдан ортиқ тўловлар амалга оширилади.

"Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини субсидиялаш" ягона ахборот тизими

Ушбу лойиҳа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун субсидиялар ажратиш бўйича ягона ахборот тизимини яратишга қаратилган. Тизим модулларини босқичма-босқич ишга тушириш жараёнида фермерлар учун бир неча йўналишдаги 35 тур судсидиялардан 19 турдагисини олиш, шунингдек, улардан мақсадли фойдаланишни мониторинг қилиш имконияти яратилади. Субсидиялар қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, узум плантациялари яратиш ва интенсив боғларни яратиш, наслчиликни яхшилаш бўйича чорвачиликни ривожлантириш кабилар учун давлат томонидан ажратилади. "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини субсидиялаш" ягона ахборот тизими фермерларга субсидиялар олиш учун масофадан аризаларни юбориш ва субсидиялар берилиши ҳамда мувофиқлаштирилишини кузатиш имконини беради. Шунингдек, ушбу тизим ёрдамида қишлоқ хўжалиги ва агросаноатни йўналишлар бўйича субсидиялаш бўйича келгуси йил учун субсидиялар ажратишнинг манзилли рўйхати (прогноз) шакллантирилади.

Импорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги техникаси ҳисоби

Импорт қилинган қишлоқ хўжалиги технологиясини ҳисобга олиш учун махсус ахборот тизими ишлаб чиқилмоқда, у импорт қилувчилар ва хўжалик техникалари ишлаб чиқарувчиларга импорт қилинаётган ёки ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар синовини ўтказиш ёки сертификатлаш учун онлайн тарзда ариза юбориш имконини беради. Аризаларни кўриб чиқиш жараёнида инсон омили минималлаштирилиши кўзда тутилган.

Тизим ишга туширилганидан сўнг аризаларни кўриб чиқиш ва шартнома тузиш муддати 50% га қисқаради, қоғозли ҳужжат алмашинуви электрон ҳужжатлар алмашинуви билан алмаштирилади.

Йилига қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникасининг 40 га яқин тури, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган агрегатлар синовдан ўтказилади.

"Marketplace" электрон агросаноат савдо портали

2022 йилда электрон агросаноат савдо портали – “Marketplace" ишга туширилиши кўзда тутилган. Фермерлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, йирик кластерлар, агрологистика марказлари, қайта ишловчилар, майда ва йирик савдо тармоқлари савдо портали фойдаланувчиларига айланишади. “Marketplace”, айниқса, молиявий хизматлар кам бўлган аҳоли пунктларида яшовчилар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг мобиллиги кам бўлган тоифалари учун долзарб бўлади. Келгусида ушбу платформа орқали экспорт шартномаларини тузиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ривожлантириш мумкин бўлади.

“Rubicon” сув ресурсларини бошқариш тизими

Австралиялик ҳамкорлар билан биргаликда 2022-йил бошида Қашқадарё вилоятидаги Миришкор Қамаши канали мисолида сув ресурсларини автоматлаштирилган тизими ишга туширилади. Лойиҳа доирасида симсиз технологиялардан фойдаланган ҳолда масофадан бошқариш имкониятига эга бўлган 26 та шлюз ўрнатилади.

АСМ ягона интеграция платформаси

Марказнинг навбатдаги, асосий лойиҳаси – бу АСМ (агросаноатни рақамлаштириш платформаси) ягона интеграция платформасидир, унда 40 дан зиёд вазирлик ва идоралар бизнес жараёнлари бирлаштирилади. АСМ аграр соҳада "ягона дарча" тамойили бўйича хизмат кўрсатади, яъни фермерлар ўз фаолияти учун керакли бўлган хизмат ёки маълумотларни онлайн олиш имкониятига эга бўладилар. Айни пайтда "АСМ ягона интегратсия платформаси"ни ишлаб чиқиш ишлари давом этмоқда, синов тариқасида иш бошлаши эса 2023-йил охирига режалаштирилган.

ТДАУда " Smart Campus"

"Smart Campus" лойиҳаси замонавий рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда таълимнинг янги замонавий услублари ёрдамида унинг сифатини оширишга қаратилган. 

Ушбу лойиҳа фойдали маълумотларни яратишга, талабаларнинг рейтинги ва портфолиоси асосида уларнинг билимлари ҳақида маълумотлар базасини тузишга ёрдам беради. Тизим, шунингдек, университет ўқув жараёнига бир қатор ўзгаришларни киритади. “Smart Campus” лойиҳаси маълумотлардан (билимлардан) тезкор фойдаланиш имкониятини беради, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга хизмат қилади.

“Smart Campus” мақсадлари:

  • интерактив муҳитда ўқиш имконини яратиш,
  • ҳар бир талаба учун индивидуал ёндашув ва шароитлар,
  • университет ресурслари, бошқа хорижий университетларнинг ресурсларидан осон фойдаланиш имконини яратиш ва бошқалар.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий веб-сайтининг янги таснифи

Ушбу веб-сайт Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.06.2021 йилдаги "Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматнинг ривожланиш ҳолатини рейтинг баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Ушбу веб-сайт агро-маслаҳатлар учун тезкор ва енгил чат-ботни ўз ичига олади. Шунингдек, фермерлар учун агромаслаҳатлар, Агроклиника хизмати, қонунчилик базаси ҳамда имтиёзлар ва субсидиялар бўйича маълумотлар мавжуд.

Веб-сайт ўсимликшунослик, уруғчилик, боғдорчилик, иссиқхона хўжалиги, чорвачилик сингари қишлоқ хўжалигининг барча соҳалари бўйича кенг маълумотларни тақдим этади. Сайтда ҳар ким ўзига фойдали маълумотларни топиши мумкин. Ўз бизнесини ривожлантиришдан манфаатдор бўлган фермерлар халқаро грантлар ҳақида, шунингдек, АСМ соҳасига инвестиция киритмоқчи бўлган шахслар, инвестиция лойиҳалари ҳамда инвесторлар учун имтиёзлар тўғрисида маълумот олишлари мумкин.

Мавзуга оид