Ўзбекистонда 2021 йил шов-шувлари — X-News
2021 йил ҳам тарихга айланмоқда. Xpress лойиҳаси ҳафта дайжестларини бериб бораётган X-News рукнида бу гал йил сарҳисобини тайёрлади. Ўтган 365 кундаги энг асосий воқеалар йилномада номинацияларга ажратилган.
Йил воқеаси
Бир қарашда, 2021 йил Ўзбекистон ҳаётида яққол эсда қоладиган катта воқеа рўй бермагандек. Сиёсий жиҳатдан олганда, Шавкат Мирзиёев иккинчи президентлик муддатига сайлангани ва Конституция янгиланишини эълон қилгани – йилнинг асосий воқеаси. Лекин албатта, амалдаги давлат раҳбарининг сайловдаги ғалабасини тахмин қилиш мумкин эди, “Йил воқеаси” номинациясига эса қандайдир кутилмаган ва ҳайратланарли воқеа-ҳодиса кўпроқ мос келади.
Ана шундай воқеа июл ойида рўй берди. Олмалиқда топилган олтин ва мис конлари дунёдаги энг йириги экани маълум бўлди.
Тасдиқланган ҳисоб-китобларга кўра, “Ёшлик – 1” конидаги олтин захираси 5 минг тоннадан ошади. Таққослаш учун, дунёдаги энг катта олтин кони – Навоий вилоятидаги Мурунтов конида олтин захиралари 3 минг тонна экани ҳисобланган.
Олмалиқдаги бемисл хазина фақат олтиндан иборат эмас. “Ёшлик – 1” конида 45 млн тонна мис захираси ҳам бор. Бу нега муҳим деган саволга энг қисқа жавоб: дунёда мисга бўлган талаб борган сари ошяпти. Бу рангли металл – электротехника саноатининг биринчи рақамли эҳтиёжи, яримўтказгичлар ишлаб чиқаришдаги асосий хомашё. Жаҳонда электромобиллар оммалашаётгани сабаб мис нархи кўтариляпти.
Ҳозир жаҳон бозорида 1 унция олтин 1800 доллар, 1 тонна мис 9500 доллар атрофида эканини инобатга олсак, Олмалиқдаги янги конда 317 млрд долларлик олтин ва 427 млрд долларлик мис бор. Иккаласини қўшганда хазинанинг жами ҳажми келиб чиқади: 744 млрд доллар.
Тасаввур қилишингиз учун бу – ҳозирги Ўзбекистоннинг 13 йиллик ялпи ички маҳсулотига тенг. Ҳар бир ўзбекистонликка эса 21 минг доллардан тўғри келади. Бу ҳеч қанақа муболағасиз, том маънода йилнинг энг асосий воқеаси шундай эмасми?
Йил муаммоси
Бу номинацияга номзодлар кўп. Газ, свет, сув, бензин нархи, UzAuto монополияси... Биласизми, булар қанчалик жиддий муаммо бўлмасин, уларни ҳал қилиш унчалик қийинмас, биттагина ҳужжатни имзолашнинг ўзи етарли бўлиши мумкин. Лекин 2021 йилда биз рўпара келган муаммолардан энг каттасини осонликча ҳал қилиб бўлмайди: бу – экология муаммоси.
Айнан 2021 йилда глобал иқлим ўзгаришининг таъсирларини биз ўзбекистонликлар ҳар биримиз ўз танамизда ҳис қила бошладик.
Йил бошидаги аномал совуқ эсингиздами? Январ ойи бошида ўта қаттиқ совуқ ҳамманинг жон-жонидан ўтиб кетганди. Ўшанда “Ўзгидромет” рўй бераётган об-ҳаво ўртача кўп йиллик қийматлардан 10–12 даража (!) пастлигини, бунақа ноодатий совуқ узлуксиз 10 кундан кўп давом этаётгани учун ҳам бу аномал об-ҳаво деб ҳисобланишини маълум қилганди. Ўша кунлари ҳатто Тошкент денгизининг ҳам юзаси музлаб қолди.
Ёзнинг бошларига келиб эса бунинг тескариси рўй берди. 31 май куниёқ 80 йиллик ҳарорат бўйича мутлақ рекорд янгиланди. Июл ойи бошларига бориб Ўзбекистон ҳудуди 150 йил ичида мисли кўрилмаган даражада исиб кетди.
Расмийлар аҳолига зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликни тавсия қилди, уйларда кондиционерлар аномал жазирамага дош беролмай ишдан чиқди, энергетика тизимига юклама ортиб кетиши натижасида Тошкентда ҳам “свет” ўча бошлади, кўчаларда светофорлар ишламай қолди, аномал иссиқ сабаб ҳатто самолётларда техник носозликлар рўй берди.
Жазирама тоғлардаги қорларнинг шиддат билан эришига сабаб бўлди, натижада биз олдин телевизорда кўрган саҳналар энди Ўзбекистонда ҳам рўй берди: бир нечта ҳудудларда шиддатли селлар кўчалардаги машиналарни оқизиб кетди, кўприклар бузилиб, уйларни сув босди, Косонсойда 9 киши сув остида қолиб ҳалок бўлди.
Ҳайратланарлиси, шу даражадаги қаттиқ иссиқ ҳам ҳукуматни тонировка нархини пасайтиришга ундай олмади. Шаҳарларга соя бериб турган дарахтлар кесилиб кетгани ҳам айниқса ўша кунлари кўпроқ сезилди.
Афсуски, экологик бўҳронлар аномал совуқ ва ноодатий жазирама билан тугагани йўқ. Ноябр ойида 150 йил ичида кузатилмаган яна бир табиат ҳодисаси рўй берди: Тошкент шаҳрини қуюқ чанг қоплади. Ҳавода чанг миқдори меъёрдагидан 30 баробаргача ошиб кетди. Чангдан ҳатто уйга кириб ҳам қочиб бўлмади. Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта ҳаво ифлосланиши рейтингида биринчи ўринга чиқди.
Орадан 2 ҳафта ўтиб ёғган қор кирлиги билан ҳаммани ҳайрон қолдирди. Демак, 4 ноябрдаги бўрондан кейинги чанг Тошкентда 2 ҳафта сақланиб қолган.
Маълумотларга қараганда, бу ғайриоддий чангли бўронни ҳисобга олмаганда ҳам Тошкент ҳавоси йилдан йилга ифлосланиб боряпти. Йиллар давомида дарахтлар тўхтовсиз кесилаётгани, шаҳардаги тўртинчи кўл ҳам қуритилган вазиятда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди.
Йил эълони
Йилнинг энг шов-шувли эълони муаллифи – Мудофаа вазирлиги. Вазирлик 30 млн сўмга иккита тилла ручка сотиб олмоқчи бўлган эди.
Ҳа, очиқлик – янги даврдаги энг катта ютуқлардан. Давлат харидларининг очиқланиши бир тарафдан кишини қувонтирса, бошқа тарафдан давлат харажатлари, яъни халқнинг пулини қандай сарфлашаётганини кўриб одамнинг кўнгли совийди. Харидлар очиқланмаган пайтларда бизнинг ҳисобимизнинг яна нималар сотиб олишганини тасаввур қилишга қўрқади одам.
Шубҳасиз, камбағал давлатлар қаторида турадиган Ўзбекистоннинг давлат харажатларини ҳозир ҳам мақтаб бўлмайди. 2021 йил давомида ҳам бюджет пуллари нималарга сарфланаётгани кўп марта муҳокамаларга сабаб бўлди. Миллионлаб долларлик лойиҳаларни олигархларга тегишли компанияларга очиқчасига тендерсиз бериб юбориш ҳолатлари, афсуски, давом этди. Жамоатчилик бунга тўсқинлик қила олмаяпти.
Бир томондан, дабдаба ва ҳашамат учун бюджетдан миллиардлар совуриляпти, бошқа томондан эса давлат қарзи миқдори 25 млрд доллардан ошди. Бу, қўпол қилиб айтганда, ҳозир бешикдаги чақалоқнинг ҳам елкасида камида 700 доллар қарзи бор дегани.
Амалдорларнинг ноқонуний бойлик орттиришига қарши воситалардан бири – мол-мулк ва даромадларни декларациялаш ҳам ўз маъносини йўқотди, десак бўлади. Аслини олганда айни шу декларациялаш 2021 йилнинг энг яхши янгилиги бўлиши мумкин эди.
Гап шундаки, 2022 йилдан 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларининг бойлиги ва даромадини декларация қилиш тизими йўлга қўйилади. Лекин бу тизимда амалдорлар билан бирга, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандлари ҳам текширилади холос. Яъни бу ислоҳот коррупционерлар учун катта муаммо бўла олмайди: улар ўз бойликларини истаса ака-укаси, истаса 18 ёшдан катта фарзандининг номига ўтказиб қўйса бас.
Эҳтимолий коррупционерларнинг ҳақиқий бойлигини кўрсатадиган битта яхши мисол бор. Жиззахда 6 қаватли уй қулаб тушганидан кейин вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари Акром Раҳмонқулов терговга тортилган эди. Унга тегишли корхоналардан хатланган бойликлар рўйхатига қаранг: 12 млрд сўм пул (1 млн 150 минг долларга яқин), 12та дўкон, 14та квартира, 43та автомобил, 37та бошқа кўчмас мулклар...
Қўрқинчлиси шундаки, Раҳмонқулов – элитар доирадан ташқарида, маҳаллий даражадаги амалдор эди...
Йил қўллаб-қувватлаши
2021 йил – ёшларни қўллаб-қувватлаш йили ёшлар учун ижобий янгиликларга бой бўлди. Улардан энг асосийси – талабаларнинг ижара муаммосига ниҳоят ҳукумат эътибор қаратди. Президент топшириғи билан 2025 йилгача 228 та талабалар ётоқхонаси қуриладиган бўлди.
Бундан ташқари, ижарада яшаётган талабаларнинг 60 фоизига ижара харажатлари учун Тошкент шаҳрида ойига 270 минг сўм, бошқа ҳудудларда 145 минг сўмдан тўлана бошланди. Уйини талабаларга ижарага берганлар бунинг учун даромад солиғидан озод қилинди.
Ёшларни хурсанд қилган яна бир янгилик – IELTS'дан камида 7 балл олганларга имтиҳон харажатлари қоплаб бериляпти. Бу имтиёз халқаро тан олинган бошқа имтиҳонларда максимал баллнинг 75 фоизидан кўпини тўплаган ёшларга ҳам тааллуқли.
Санаб ўтилганлардан ташқари, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига ҳам алоҳида имтиёзлар берилди. Уларнинг контракт пулига ёрдам бериляпти; ўқув марказларига, ҳайдовчилик курсларига ва “бир ойлик армия”га бориши учун компенсациялар тўлана бошлади.
Йил резонанси
Йилнинг энг хавотирли воқеалари, шубҳасиз, сўз эркинлиги атрофида бўлди. Булардан энг шов-шувлиси – ижтимоий тармоқларнинг блокланиши. Айниқса Telegram'нинг блокланганини Ўзбекистонда йилнинг энг резонансли воқеаси десак бўлади.
3 ноябр оқшомидаги воқеалар интернетни “портлатди”. Миллионлаб одам фойдаланаётган Telegram, YouTube, Instagram ва Facebook'нинг ёпиб қўйилиши олий ҳокимият ичидаги айримларда цензура хоҳиши қанчалик кучли эканини яққол кўрсатиб берди. Бу топшириқни ким бергани аниқ айтилмаган бўлса-да, буйруқ Вазирлар Маҳкамасидан келганининг ўзи кўп нарсадан дарак берарди.
Яхшиямки президент Шавкат Мирзиёев вазиятдан хабар топгач, блокировка дарҳол ечилди. Айни шу қарор бир тарафдан президентнинг очиқлик сиёсати давом этаётганини тасдиқлаган бўлса, бошқа тарафдан келгусида Telegram ва бошқа энг машҳур платформалар блокланмаслигига қайсидир маънода кафолат бўла олди.
Албатта, муаммо илдизи ҳали ҳам борлигини унутмаслик керак. Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш деган баҳона билан ёзда ёпиб қўйилган Twitter ва бошқа тўртта тармоққа ҳалигача VPNсиз кириб бўлмаяпти. Депутатлар эса бу аҳмоқона қонунни бекор қилишга шошилаётганлари йўқ. Балки бунинг учун яна ўша Вазирлар Маҳкамасидан рухсат бўлиши керакдир, ким билсин...
Сўз эркинлиги йилнинг энг хавотирли мавзуси бўлди деганимиз фақат интернет блокланиши билан боғлиқ эмас. Йил давомида журналистларда хавотир уйғотган кескин қонунлар қабул қилинди, бундан ташқари оммавий ахборот воситалари фаолиятига реал тўсиқлар ҳам бўлди.
Диний қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев билан боғлиқ воқеалардан кейин Kun.uz ва Azon.uz сайтларининг жаримага тортилгани, Daryo.uz сайти мухбирининг техникасини ички ишлар ходими тортиб олгани, Qalampir.uz журналистига туҳмат қилингани ва унга прокуратура ходимининг қаршилик қилгани, Bugun.uz сайтининг бузилишга тушган Қўйлиқ бозоридан тайёрлаган репортажи ўчиртирилгани, “Учқудуқ” газетаси муҳарририга суд раиси томонидан таҳдид қилингани... Бу воқеаларнинг ҳаммасини бирлаштириб турадиган бир умумийлик бор: уларнинг ҳеч бирида айбдорларга нисбатан чора кўрилгани йўқ.
Журналистга босим ўтказганлик учун жавобгарлик белгиланиши ҳақидаги гаплар эса ҳозирча фақат қоғозда қолиб кетяпти. Ваҳоланки, қисқа вақт ичида ҳокимият вакилига қаршилик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди, ҳокимият вакилига қаршилик қилишга даъват қилиш Жиноят кодексига киритилмоқда.
Қувонарлиси, турли идоралар томонидан журналистларга босимлар бўлиб турганига қарамай, шахсан президентнинг ўзи бу соҳа вакилларини тез-тез қўллаб-қувватлаб турибди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев шу йилдан бошлаб ҳудудларга ташрифларида журналистларга интервюлар бера бошлади, ташрифларни бир нечта хусусий сайтлар ҳам ёритишига рухсат берилди. Давлат раҳбари ҳатто “Шоввозсоз” ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
Йил сиёсати
2021 йилдан Ўзбекистонда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг маҳаллабай тизимига ўтилди. “Маҳаллабай ишламаган ҳоким сиёсатимизга хиёнат қилибди”, деди йил бошидаги селекторлардан бирида Шавкат Мирзиёев.
Маҳаллабай сиёсат атамаси биринчи марта 2020 йилда қўлланган эди, 2021 йилга келиб бу сўз трендга чиқди, аниқроғи ҳудудларни тўртта секторга бўлиб ривожлантириш ғоясидан энди маҳаллалар кесимида ривожлантириш ғоясига ўтилди. Бунинг учун, масалан, январ ойида банкларнинг раҳбарларига “маҳаллабай” ишлаш бўйича семинарлар ўтказилди.
Кейин эса президент ҳудудларга ташрифи вақтида йўналишни ўзгартириб, кутилмаганда у ёки бу маҳаллага бориб, одамлар билан мулоқот қила бошлади. Бирор маҳаллада муаммо йиғилиб қолган бўлса, сектор раҳбари, айрим ҳолатларда бутун бошли туман тўртлиги ишдан олинди. Маҳаллабай сиёсатни машҳур қилиб юборган яна бир сабаб контейнер-уйлар бўлди.
Аввалига Наманган вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураззоқов президент борган маҳаллага контейнер-уй ўрнатиб, кўчиб ўтганини эълон қилди ва бунинг учун президентдан мақтов эшитди. Бунинг ортидан Бухоро вилояти ҳокими ва Чирчиқ шаҳар ички ишки ишлар бўлими бошлиғи ҳам муаммоли маҳаллага контейнер-уй ўрнатиб, мурожаатчиларни қабул қила бошлади.
Йил охирига келиб Маҳаллабай ишлаш агентлиги ҳам тузилиб, барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари лавозими жорий қилинди. Айрим ҳолатларда бу лавозимга мажбуран тайинланган ва 5–7 млн сўм ойлик белгиланган ҳоким ёрдамчиларининг фаолиятига 2022 йил охирида баҳо беришимиз мумкин.
Йил мавзуси
Йил давомида доим муҳокамалар марказида бўлиб келган мавзу – қурилишлар. Аниқроғи, сифатсиз ва нотўғри қурилишлар. Биргина Жиззахда 6 қаватли бино ҳеч қандай зилзила бўлмасидан туриб, турган жойида қулаб тушганига ақл бовар қилмайди. Ёки Денов шаҳрида жойлашган савдо мажмуасидаги даҳшатли портлаш. Расмийларнинг айтишича, 2013 йилда қурилган бино остидан ўрта босимли газ қувури ўтган.
Бунақа даражадаги нотўғри қурилишлар фақат вилоятларда эмас, пойтахт Тошкентда ҳам учраб турибди. Республика суд-тиббий экспертизаси маркази биноси қурилганига 3 йил бўлмай туриб бузилишга тушди. Нега деган саволга бир ойдан бери Тошкент шаҳар ҳокимлигидан жавоб йўқ.
Қурилишлардаги бу каби катта хатолар олдида, масалан, мактабда шифт кўчиб тушиб икки ўқувчининг жароҳатлангани ёки ҳали битмаган пиёдалар кўприги қулаб тушгани кабиларни айтиб ўтиришга ҳожат йўқ. Чунки қурилишлардаги майда кўнгилсизликларнинг ҳаммасини эслашга вақт ҳам, зарурат ҳам йўқ.
Фақат бир нарсани бир оғиз айтиб кетмасак бўлмас: Ўзбекистондаги энг хавфсиз транспорт тури – метрода шу йилнинг ўзида 10дан ортиқ нохуш вазият рўй берди. Пиёдалар бир марта ер остида, бошқа сафар ер усти йўлагида пиёда юришларига тўғри келди; бир сафар поездлар енгил тўқнашиб кетди. Ҳаракат пайтида эшик ёпилмай қолган, бекатларда чироқ ўчиб қолган ҳолатлар ҳам бўлди.
***
Ортда қолаётган 2021 йил яна бошқа кўпгина воқеалар билан ҳам ёдда қолди. Афғонистонда “Толибон”нинг ҳокимиятга келиши, коронавирусга қарши эмлаш, қоидабузар ҳайдовчилар ва йўллардаги ўлимлар, Гулжаҳон Йўлдошева ва Отабек Сатторий устидан судлар, аҳоли сонининг 35 миллиондан ошиши, Навоийда қуёш фотоэлектр станциясининг очилиши...
Ва албатта пуллар янгиланиши. Йил давомида минг сўмликдан ташқари бошқа купюраларнинг янги намуналари муомалага чиқарилди, иккита янги банкнота пайдо бўлди. Бундан ташқари, Янги Ўзбекистоннинг яна бир рамзи – Янги Ўзбекистон боғи барпо этилди.
Шу тариқа, эндиликда мустақиллик байрамлари Мустақиллик майдонида эмас, Янги Ўзбекистон боғида; 9 май тадбирлари Хотира майдонида эмас, Ғалаба боғида; Наврўз байрамлари эса Миллий боғда эмас, Ҳумо аренасида ўтказила бошланди.
Дайжестлар муаллифи – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бекмирза Рашидов
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов
Мавзуга оид
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024
Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести
22:40 / 19.10.2024