Энергия учун субсидиялар – бой давлатлар кўтара олмаётган юкни нега Ўзбекистон кўтармоқчи?
1930-йиллар. Форс кўрфази. Соҳил бўйидаги чўлларда яшаб келаётган араб қабилаларининг асосий бойлиги – туялар. Балиқ тутиш, марварид овлаш билан кун кўришади. Бироқ кейин – нефт ва газ топилгач, кўрфаздаги арабларнинг ҳаёти ўзгара бошлади.
1970-йилларга келиб бу юртлар Британия империясидан мустақил бўлди ва биз биладиган Саудия Арабистони, Кувайт, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон ва Қатар давлатлари ташкил топди. Аксари кичик ва кам сонли аҳолига эга бўлган бу «рентер давлатлар» ҳозирда глобал тасдиқланган нефт хом ашёси захираларининг учдан бир қисмига ҳамда дунё газ захираларининг бешдан бир қисмига эгалик қилади.
Янги мамлакатларнинг ҳукмрон оилалари вақт ўтиб нефт ва газ экспортидан келган тушумларни маҳаллий аҳоли билан баҳам кўра бошлади. Шу тариқа, Форс кўрфази мамлакатларининг аҳолиси дунёдаги энг бой халқлар қаторига кирди.
Масалан, Қатарда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот шу топда 50 000 долларни, БААда 36 284 долларни ташкил этган. Таққослаш учун: Ўзбекистонда бу рақам 1750 долларга тенг.
Аслида бу давлатларнинг фуқаролари бундан ҳам бадавлатроқ, чунки Форс кўрфазида яшовчиларнинг кўп қисми – нефт ва газ экспорти даромадларида улушга эга бўлмаган чет эллик ишчилар.
«Энергия қиролликлари» деган китоб муаллифи Жим Крэйн нефт сабаб арабларнинг турмуш тарзидаги туб ўзгаришларни тавсиф этади. 1970 йилда деярли ҳеч бир хонадонда электр энергияси, демак, музлатгич ёки кондиционер йўқ эди. Бироқ, 2010 йилга келиб энергия истеъмоли шу даражага етдики, аҳоли жон бошига ҳисобланганда бу мамлакатлар дунёдаги ўртача кўрсаткичидан 10 баробар кўп энергия истеъмол қилишни бошлаган. Маҳаллий аҳоли энергия тежамкорлиги ўта паст бўлган Toyota Land Cruiser каби, 100 километрга тахминан 16 литр бензин сарфлайдиган машиналарни сотиб ола бошлашди. Ҳукуматлар деярли ҳамма жойда, ҳатто кўчалар, стадионларда кондиционер ўрнатишди.
1971 йилдан 2015 йилгача бўлган даврда ички нефтга бўлган талаб Кувайтда 521 фоизга, Қатарда 12 500 фоизга ва БААда 27 733 фоизга ошди.
Буларнинг барчаси ушбу мамлакатлар ҳукуматлари энергияни субсидия қилгани (маҳаллий истеъмолчига энергияни сотиб олишда моддий ёрдам бериши) билан боғлиқ эди. Ушбу субсидиялар нефт ва газнинг жаҳон бозорлари белгилаган реал нарх ва ички бозордаги нарх ўртасида катта тафовут яратди.
Мазкур ҳолат элита ва халқ ўртасидаги «ижтимоий шартнома»нинг марказий қисми сифатида қабул қилинар эди – ҳукуматлар катта миқдордаги энергия субсидияларини аҳолининг сиёсий розилиги эвазига ажратарди.
Охир-оқибат, бу давлатлар экспорт қилганидан кўра ўзлари кўпроқ нефт ва газ истеъмол қила бошлашди... Бу эса деярли бутунлай ушбу ресурслар экспортига боғлиқ бўлган иқтисодиётлар учун катта йўқотишларни англатарди.
Араб давлатлари ҳукуматлари кун келиб бу – иқтисодий мантиқи кам бўлган сиёсат тўхтатилиши кераклигини тушуниб етишди: энергия субсидиялари мамлакатларнинг иқтисодий барқарорлигини хавф остига қўйиши мумкин эди. 2014 йилда нефт нархи 50 фоизга тушиб, Форс кўрфази давлатлари бюджетига катта босим ўтказди. Иқтисодий босим ва янги ҳукмдорларнинг сиёсий иродаси бирлашиб, субсидиялаш сиёсати ислоҳ қилинадиган бўлди. Субсидиялар бутунлай бекор қилинмаган бўлса ҳам, бутун минтақада сезиларли даражада камайди: 2015 йилдан 2018 йилгача бўлган уч йиллик даврда бензин нархи Кувайтда 41 фоиз, Қатарда 134 фоиз ва БААда 51 фоизга ошди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай иқтисодий тизимнинг ислоҳ қилиниши мазкур мамлакатларни тезликда яқинлашиб келаётган иқтисодий инқироздан сақлаб қолди.
Субсидияларни қисқартириш орқали тежалган пуллар иш ўринлари яратишга йўналтирилди. Осон ва шу билан бирга баланд маош тўланадиган давлат секторидаги иш ўринларини кафолатлаш кузатилди. Гарчи бу маҳаллий аҳоли ўртасида малака оширишни рағбатлантирмаса-да, иқтисодий жиҳатдан ҳозирги кунда ушбу мамлакатлар аввалгидан кўра яхшироқ аҳволда.
Нега юқоридагиларни ёздим? Ўзбекистон Қатардан 29 баробар қашшоқроқ бўлса-да, бу каби бой давлатлар учун жуда қимматга туша бошлаган иқтисодий унсурни иккиланмай «кўтариб юрибди». 2020 йилда Ўзбекистон 50,4 миллион долларлик табиий газ импорт қилди ва давлатнинг газ экспорти 4,7 баравар камайди. 2021 йилда Ўзбекистон расман табиий газнинг нетто-импортчисига айланди. 2020 йилда биз «Лукойл»дан туркман газини 0,9 миллиард куб метр ҳажмида сотиб олгандик, 2021 йил биринчи чорагининг ўзидаёқ бу кўрсаткич 1,5 миллиард куб метргача ошди.
Биз бой араб давлатлари каби ресурсларга эгалик қилиш ва экспорт қилиш ўрнига уларни сотиб олишимизга қарамай, қимматбаҳо, қазиб олинадиган ёқилғилардан фойдаланишни ҳамон субсидиялаштирмоқдамиз. 2018 йилдан бери субсидиялар ҳажми пасайиб бораётган бўлса-да (бу қисман пандемия даврида нефт нархининг глобал пасайиши билан изоҳланади), улар ҳали ҳам ЯИМнинг 6,6 фоизини ташкил қилади. Таққослаш учун, Жаҳон банкининг сўнгги маълумотларига кўра, таълимга харажатларимиз ялпи ички маҳсулотнинг атиги 5,1 фоизини, соғлиқни сақлашга эса 5,3 фоизни ташкил этади.
Мени камбағалларга газ ва электр энергиясидан фойдаланишга ёрдам берадиган субсидияларга қарши гапирганим учун ақлдан озганга чиқаришга шошилманг, қуйида мазкур иқтисодий сиёсат қандай қилиб мамлакатимизнинг кам таъминланган фуқароларига зарар етказаётганини тушунтириб бераман.
Ўзбекистон дунёдаги энг арзон электр энергиясига эга бўлган давлатлар ичида. Бу яхши бўлиб туюлиши мумкин, бироқ бундай паст нархлар иқтисодиётимизни узоқ муддатда катта хавф остига қўяди.
Биз билан бирга энг арзон электр энергияга эга мамлакатларга назар ташлаймиз: Ливия, Ангола, Судан ва бошқа – ниҳоятда камбағал давлатлар. Арзон электр энергиясининг истеҳзоси шундаки, у айнан камбағал мамлакатларда учрайди.
Бундай давлатлар ўз аҳолисини энергия билан бутунлай қамраб олмайди ва бу вазият субсидияларга қарамай эмас, балки айнан субсидиялар сабаб вужудга келади. Ҳукумат энергия нархини қанча пастроқ ушлашга ҳаракат қилса, электр энергияси билан доимий равишда таъминлай олиши мумкин бўлган хонадонлар сони шунча оз бўлади. Субсидиялар инфратузилмадаги бўшлиқларни яхшилашга эмас, балки уларнинг келиб чиқишининг асосий сабаби ҳисобланади.
Энергия таъминоти хусусийлаштирилса ёки ҳеч бўлмаганда камроқ миқдорда субсидиялаштирилса, инфратузилмани кенгайтириш ва шу орқали кўпроқ уй хўжаликларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун имкон пайдо бўлади.
Энергия субсидиялари яна бир сабабга кўра ёмон: улар иқтисодий тенгсизликни чуқурлаштиради. Нега? Чунки автомобилга эга бўлган шахс субсидияларнинг кўпроқ улушини олади, чунки у арзонроқ нархда бензин сотиб олади, машинаси бўлмаган киши эса бу иқтисодий чорадан деярли фойда топмайди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳозирча AI-80 бензини учун субсидия сақланиб қолмоқда ва бу ҳолатнинг ўзи ҳам давлат маблағларини ҳавога учиради – субсидияланган AI-80ни, тан олайлик, бошқа марка бензинга қўшиб сотиш имконини камдан кам сотувчи қўлдан бой беради ва давлат ёрдами эгасига етиб бормайди.
Катта – кўп хонали уйи бор бой оила уйини иситиш учун,а уйида кўпроқ электр ускуналари ишлатиши сабаб камбағал оиладан кўра кўпроқ энергия сарфлайди ва... мувофиқ равишда, давлатдан кўпроқ субсидия олади.
Бошқача айтганда, энергия субсидиялари кўпроқ камбағалларнинг маблағларини солиқлар шаклида олиб, уларни кўпроқ бойларга «ёрдам» сифатида тақсимлайдиган иқтисодий тузилмани яратади. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, Мисрда аҳолининг энг камбағал 40 фоизи бензин субсидиясининг атиги 3 фоизини, табиий газ субсидиясининг эса 7 фоизини олади.
Ўзбекистон ўртача импорт тарифларини 2017 йилдаги 14,9 фоиздан 2019 йилда 5,6 фоизгача пасайтирди, бу шубҳасиз яхши. Ажабланарлиси – айнан шу пайтнинг ўзида Ўзбекистон ҳали ҳам автомобиллар учун импорт божларининг юқори тарифларини сақлаб турибди. Бу эса автомобил эгаларини солиққа тортиш дегани. Табиий газ ва бензин каби энергия манбаларини эса субсидиялаштирмоқда. Бу автомобил эгаларини рағбатлантиришга тенг.
Икки қарама-қарши сиёсат бир-бирининг иқтисодий рағбатларини бекор қилади, аммо мамлакат бюджети кўп нарсани йўқотади ва солиқлар унумсиз равишда сарфлангани қолади. Бундай бузуқ савдо сиёсатини қўллаш ўрнида барқарор иқтисодий ўсишни давом эттирмоқчи бўлсак, эркин савдони қабул қилишимиз керак. Тарифлар ҳам, субсидиялар ҳам бизнинг йўлимизда тўсиқ бўлиб хизмат қилади ва уларнинг ҳаммасини камайтириш ёки бутунлай ислоҳ қилиш йўллари ҳақида қайғуришимиз керак.
Шу ерда баъзи муҳим мулоҳазаларни айтиб ўтиш керак. Энергия субсидиялари соҳасини ислоҳ қилиш комплекс чоралар билан бирга ўтказилиши лозим. Чунки кўп йиллик нуқсонли энергетик тизим шунчаки субсидиялардан холи қилиниб, «ислоҳ» қилиниши истеъмолчининг эгнига оғир юк бўлиб миниши, нархлар асоссиз юқорилашига олиб келади. Аввало, соҳани соғлом бозор муносабатларига ўтказиш лозим. Айтиш лозимки, Ўзбекистон бир қатор энергия ишлаб чиқарувчи, «Толимаржон» ИЭС каби корхоналарни хусусийлаштиришга қизиқиш билдирмоқда. Молия вазири Тимур Ишметов ҳукуматнинг бу иродасини 2021 йил октябр ойида тасдиқлаган эди.
Соҳада рақобат кучайиши оқибатида юқори эҳтимол билан электр энергияси нархи пастлашини ҳисобга олсак, корхоналар иккига бўлиниши – энергияни генерация қилувчи ва истеъмолчига уни сотувчи корхоналарга бўлиниши лозимлигини айтиш керак. Бу билан ишлаб чиқаришда ҳосил бўлиши мумкин бўлган чиқимларни якуний истеъмолчи эгнига юкламаслик ва энергия ишлаб чиқарувчилар ўртасида нарх рақобатини янада ошириш мумкин бўлади.
Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва сотиш билан бирга, уни истеъмолчига етказиш керак. Бу икки босқичдан иборат: юқори вольтли линиялар орқали амалга ошириладиган трансмиссия ва паст вольтли ўтказиш линиялари орқали амалга ошириладиган тақсимлаш. Бу икки соҳа юқори чиқимлар билан боғлиқ бўлгани сабаб, табиий монополиялар «ҳовлиси» бўлиб, унда ягона компаниянинг фаолият юритиши жумла бозорнинг манфаатига ишлаб турибди.
Бошқача айтганда, электр энергияни етказишда иқтисод қилиш қийин, чунки бу соҳага рақобатни киргизиш деярлик имконсиз, давлат эса хавфсизлик нуқтайи назаридан ўтказиш линияларини ўзида сақлаб туришга мажбур. Бироқ давлат буни ўзида олиб туриш ўрнига хусусий компанияларни – самарали менежмент ва истеъмолчиларга хизмат қилишнинг илғор услубларни қўллай оладиган компанияларни ёллаши мумкин. Бу эса сифатга таъсир қилмай қолмайди. Хусусан, бузилишлар ва авариялар тезроқ бартараф этилади.
Қолганини эса айтмаса ҳам бўлади: энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарни хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шерикликни жорий қилиш жараёни албатта ишончли, шаффоф воситалар, масалан, аукцион ва тендерлар орқали амалга оширилиши лозим. Акс ҳолда жами аҳоли зиён кўради.
Энергия субсидиялари ислоҳоти, гарчи қийин жараён бўлса-да, Ўзбекистонни барқарор иқтисодий ўсиш йўлига етаклаётган бозорни либераллаштириш ислоҳотларини давом эттириши керак.
Энергия субсидияларига сарфланган маблағлар таълимга йўналтирилса ёки аҳоли ўртасида тенг тақсимланса, иқтисодий тенгсизликнинг тез кучайишига йўл қўймасликка қаратилган муқобил чоралар сифатида ишлайди.
Албатта, қимматроқ энергия ҳеч кимга ёқмайди, бу – мураккаб ижтимоий ва сиёсий танлов, аммо ҳозирда олиб борилаётган субсидия тизими ўзгармаса, иқтисодиётимизга катта путур етиши мумкин.
Шаҳзод Йўлдошбоев,
Georgetown университети талабаси, АҚШ.
Kun.uz колумнистларни ҳамкорликка чорлаб қолади. Долзарб мавзулардаги муаллифлик мақолаларини @Muhammadshakur Telegram-манзилига юбориш мумкин.
Мавзуга оид
14:34 / 30.10.2024
2025 йилда қайси йўналишга қанча субсидия ажратилади?
15:50 / 05.10.2024
Томчилаб суғориш тизимини ўрнатганлик учун ҳар бир гектарга 16 млн сўм субсидия ажратилади
10:27 / 14.09.2024
Модулли меҳмонхона қуриш ва жиҳозлаш учун субсидия ажратилади
12:24 / 29.08.2024