Қорақалпоғистоннинг 2022 йилги бюджети ва харажатлари қанча бўлиши очиқланди
2021 йилнинг 30 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқарғи Кенгесининг 25-сессияси бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистоннинг 2022 йилги бюджети ҳақида сўз борган.
Сессияда Қорақалпоғистоннинг 2022 йилги бюджети ҳақида Қорақалпоғистон молия вазири Маҳмуд Содиқов баёнот қилган.
Таъкидланишича, 2022 йилда Қорақалпоғистон бюджетининг даромадлари 2 триллион 356 миллиард 196 миллион сўм бўлиши режалаштирилган. Қорақалпоғистон маҳаллий бюджети харажатлари эса 2022 йилда 3 триллион 874 миллиард 217,6 миллион сўм миқдорида бўлиши кутилмоқда. Шундан ижтимоий соҳа харажатлари 2 триллион 586,8 миллиард сўмни ташкил қилади.
Қўшимча қилишича, Қорақалпоғистоннинг маҳаллий бюджет параметрларида яна бир ўзгариш бўлади. 2022 йилнинг 1-январь кунидан бошлаб, шаҳар ва туман бюджетларининг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида яратилган лойиҳаларни молиялаш учун йўналтирилади. Натижада 2022 йил «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали 98,7 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланган.
Бундан олдин Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев Қорақалпоғистонда 2022 йилда 509,4 млрд сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилишини айтганди.