Жаҳон | 17:26 / 03.01.2022
10002
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда газ нархи ошишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев республика ҳукуматига «Жанаўзандаги вазиятни зудлик билан кўриб чиқиш» бўйича топшириқ берганини маълум қилди.  

Фото: Tengrinews.kz.

Қозоғистоннинг Манғистау областида суюлтирилган газ нархи кескин кўтарилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди, деб хабар берди Tengrinews.

Хабарга кўра, 2 январ куни Жанаўзан шаҳри аҳолиси митинг ўтказган. Автомобилчилар бир литр газ нархи 120 тенгега кўтарилганидан норозилик билдирган ва ҳукуматдан нархни икки бараварга камайтиришни талаб қилган.

3 январ куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев республика ҳукуматига «Жанаўзандаги вазиятни зудлик билан кўриб чиқиш» бўйича топшириқ берганини маълум қилди.

Ўз навбатида, вазирлар маҳкамаси Манғистау областидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилганини эълон қилди ва газ нархини барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини билдирди.

Манғистау областидаги норозиликлар фонида республиканинг йирик шаҳарларида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани айтилмоқда.

«Интерфакс»нинг ёзишича, хусусан, Олмаотада марказий майдон полиция томонидан ўраб олинган.

Мавзуга оид