Жиззахда 60 ёшли оғуфуруш ушланди
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида 60 ёшли фуқаро гиёҳванд модда сотаётганда қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2022 йил 4 январь куни соат 14:00 ларда Жиззах вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Шароф Рашидов туманида яшовчи, 60 ёшли М.Б. шартли равишда харидор сифатида жалб қилинган фуқарога бир дона гугурт қутисига солинган яшил рангли, ўзига хос ўткир ҳидли ўсимлик моддасини 600 минг сўмга сотаётган вақтда ушланган.
Фуқаро М.Б. шахсий тинтув қилинганда унинг чўнтагидан қоғозга ўралган, яшил рангли, ўткир ҳидли, қуритилган ўсимлик мавжудлиги аниқланиб, ўсимликлар текшириб кўришлик учун тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, М.Б.дан олинган ўсимлик моддалари таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, уларнинг соф оғирлиги 2.43 граммга тенг эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми (озгинадан кўпроқ миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.