Ўзбекистон | 23:18 / 08.01.2022
43375
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда камбағаллик чегараси янгиланди

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари миқдори киши бошига 1 ойга 498 минг сўм деб белгиланди. Мазкур миқдор пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилашга асос бўлади.

Фото: Kun.uz

2021 йилда республиканинг барча ҳудудларида 10,6 мингта уй хўжалиги ўртасида ўтказилган кузатув натижалари асосида минимал истеъмол харажатлари (МИХ) қиймати ҳисобланди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар қилди.

Қайд этилишича, халқаро услубиётдан келиб чиқиб, МИХни ҳисоблашда сўровномада қатнашган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, бу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинди.

Сўровнома асосида мазкур уй хўжаликларида жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал харажатлар бир ойда киши бошига 498 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда 5,4 минг уй хўжалиги ўртасида ўтказилган сўровнома якуни бўйича дастлабки ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари 2021 йил нархларида 440 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг май ойида эълон қилинганди. Янги эълон қилинган миқдор – 498 минг сўм ундан 13,2 фоизга кўпроқ.

Статқўмга кўра, жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган.

Мазкур кўрсаткичдан:

  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
  • мамлакат камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
  • камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
  • пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.

Маълумот учун, МИХни аниқлаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги “Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида”ги 544-сон қарорида белгиланган.

Мавзуга оид