Омикрон Ўзбекистонда. ССВ эҳтиёт чоралари кучайтирилишини маълум қилди
Жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилмоқда.
ССВ матбуот хизмати 7 январь куни Ўзбекистонга келган хорижий давлат фуқаросидан COVID-19нинг янги омикрон штамми аниқлангани ҳақида хабар берди.
Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани, ушбу касалликка қарши зарур чоралар кўришни давом эттириш лозимлиги қайд этилди.
Комиссия қарори билан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилади. Бунда, барча ташкилот, корхона ва муассасаларда, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасаларнинг кириш қисмида ниқобда бўлиш, ижтимоий масофа сақлаш, тана ҳароратини ўлчаш амалиётига қатъий риоя этилиши таъминланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмитанинг фуқаролар Умра зиёратларидан қайтишида коронавирусга ПЗР ёки экспресс тестни Саудия Арабистони ҳудудида ўзбек тиббиёт ходимлари томонидан олиниши ва манфий натижасига мувофиқ кириб келишини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Аҳолини тўлиқ эмлаш ва бустер доза билан эмлаш ишлари жадаллаштирилади.
Вазирлик ва идора раҳбарлари, ташкилий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда ишчиларнинг эмлангандан сўнг иш жойларига киритишга рухсат берилади. Мазкур тартибни бузган ташкилот раҳбарларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қатъий чора кўрилади.
Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида таътил давомида коронавирус инфекциясига қарши тўлиқ эмлаш чоралари кўрилади. Ушбу тадбирларга ОТМ раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланади.
Шунингдек, Республика махсус комиссияси қарори билан 2022 йил 15 январдан бошлаб қуйидаги тартиб жорий қилинмоқда:
- хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилар келишидан камида 48 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичли маълумотга эга бўлиши;
- коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумотнома бўлмаганда, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топшириши шарт.
Вазирлик, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмаларида мамлакатда амал қилаётган карантин чекловлари шароитида аҳоли саломатлигини таъминлаш, мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадларини кўзда тутиб, турли тадбирлар ташкил этиш тақиқланди.
Эслатиб ўтамиз, омикрон штамми 2021 йил ноябрида Жанубий Африка Республикасида аниқланган ва кейинчалик Европа ва Осиё давлатларига тарқалганди.
2021 йил декабрь ойидан бошлаб АҚШ, Дания, Жанубий Корея, Буюк Британия, Россия, Исроил, Нидерландия, Франция, Япония, Ҳиндистон каби бир қатор давлатларда янги штамм кенг тарқалиб, эпидемиологик вазият кескинлашиб бораётгани муносабати билан бир қатор қўшимча карантин чекловлари жорий этилган.
Мавзуга оид
19:02 / 10.08.2023
ЖССТ коронавируснинг янги «Эрис» тури ҳақида хабар берди
18:41 / 09.01.2023
Вирусологлар янги турдаги «кракен» коронавирусининг хусусиятларини маълум қилишди
10:25 / 04.12.2022
ССВ: Ўзбекистонда омикроннинг янги варианти доминант версияга айланди
14:05 / 21.10.2022