Australian Close: Жоковичнинг Австралиядаги саргузаштлари
Вакцина олмагани учун Австралияга киритилмаётган Новак Жоковични бутун дунё спорт жамоатчилиги қўлламоқда. Аммо Австралия ҳукуматининг ҳам ўзига яраша ҳақиқатлари бор.
Ҳаммаси нимадан бошланганди?
17 январ куни Австралияда теннис бўйича йилнинг илк «катта дубулға» тоифасидаги мусобақаси бошланади. Мусобақанинг амалдаги ғолиби бўлмиш дунёнинг биринчи ракеткаси Новак Жокович 5 январ куни Австралияга боради. Табиийки, қўлида Австралияга киришга рухсат берадиган виза билан. Аммо Новак коронавирусга қарши вакцина олмагани сабаб мамлакатга киритилмайди. Чунки Австралия қонунчилигига кўра, эмланмаганлар ким бўлишидан қатъи назар, мамлакатга киритилмайди. Ҳатто теннис қироли учун ҳам истисно қилинмади.
Кейин Жокович эмланиш мумкин эмаслиги ҳақида тиббий гувоҳнома тақдим этади. Аммо ҳужжатлар тўлиқ эмас, деган иддао билан уни мамлакатга киритишмайди. Чунки Жокович нега эмланиши мумкин эмаслиги ҳақида тиббий хулоса йўқ эди. Шу тариқа Жоковичнинг визаси бекор қилинди. Хуллас, «документ чатоқ»лиги учун дунёнинг биринчи ракеткаси атрофида жиддий можаро бошланди. Австралия ҳукумати қарорига қарши апелляция берди, ишни кўриб чиққунча уни карантинга олишди. Суд Австралия чегарачиларининг Жоковични мамлакатга киритмаслик бўйича қарорини бекор қилди.
Судда ютгач, Сербиялик теннисчига Австралия визаси қайтиб берилди. Аммо спортчи Австралия очиқ чемпионатига тайёргарлик кўриши мумкин бўлиб турган бир вақтда унинг визаси иккинчи марта бекор қилинди. Бу гал ёлғон кўрсатма бергани учун. Гап шундаки, ҳужжатларда Жокович Австралияга келганидан аввал 14 кун давомида бир ерда бўлганини кўрсатган. Аммо Монакадо истиқомат қилувчи теннисчи бу орада Сербия ва Испанияда бўлган. Сербияда ўзининг сурати туширилган почта маркаси тақдимотида иштирок этганини айтган теннисчи ҳужжатларни тўлдиришда хатога йўл қўйганини таъкидлади.
«Агентим Австралияга келишимдан аввалги манзилларимни хато кўрсатган. У қилган хатосидан қаттиқ афсусда. Ишонинг, бу инсон фактори билан боғлиқ хато», деди Жокович бу ҳақда.
14 декабр куни Жокович Белграддаги баскетбол матчида иштирок этган. Ўша ўйинда иштирок этганларнинг кўпчилигида коронавирус аниқланган. 16 декабр куни Жоковичда коронавирус аниқланади. Ўзининг айтишича, топширган ПЗР-тести мусбат чиққанини билмаган ҳолда Белграддаги оммавий маросимда қатнашган. Ўзининг сурати туширилган почта маркаси тақдимотида Жокович ниқобсиз бўлган, одамлар билан қўл бериб кўришган, залда болалар ҳам бўлган.
Жокович тест натижасини билмаганини айтмоқда, аммо ОАВга кўра, лабораторияда тест жавоби 16 декабр куни 20:20 да чиққан. Теннисчининг айтишича, ўзида вирус аниқланганини билган ҳолда фақат битта учрашувда иштирок этган: L'Equpie нашрига интервью берган. Аммо журналистни вирус ташувчи эканидан хабардор қилганми йўқми, аниқ эмас.
Теннисчининг айтишича, журналистга берган ваъдасини бузишни истамаган ва фақат фотосессия вақтида маскасини ечган. Жокович шундан кейинги барча учрашувларни бекор қилганини айтди.
Ҳамма Жокович томонда
Ушбу можаро пайдо бўлганидан буён барча Новак Жоковичнинг тарафини ола бошлади. Австралия ҳукуматини пиарда ва ноҳақликда ҳам айблашди. Фақат четдагилар эмас, Австралиянинг ўзида ҳам ҳукуматни бу иши учун қоралаганлар бўлди. Австралия собиқ бош вазири Кевин Радд бу ҳақда шундай деди: «Қандай сюрприз! Моррисон ҳукумати янгиликлар оламида сарлавҳаларни эгаллаш учун Жоковичнинг визасини бекор қилибди. Бошида унга қанақасига виза берилди бўлмаса? Бунинг барчаси мамлакатда экспресс-тестлар ва коронавирусга қарши бошқа тестлар етишмаётгани, дорихоналардаги бўш расталар учун қилинаётган танқидлардан одамларни чалғитиш учун қилиняпти».
Ҳукуматнинг ҳам хавотирлари бор: улар антиваксерлар жонланишидан қўрқмоқда
Ўз навбатида Австралия ҳукуматининг ҳам ўз ҳақиқатлари бор. Биринчидан, улар ноқонуний ҳаракат қилишмаган, чегара назорати мамлакат қонунчилигига асосан ҳаракат қилган. Ҳатто Australian Open ташкилий қўмитаси Жокович учун эмланмаган бўлса ҳам, истисно тариқасида киришга рухсат бериш учун сўров юборди. Аммо ҳукумат Жокович жуда машҳур инсон эканини инобатга олиб, ишни ҳижжалаб текширмоқда. Австралия ҳукумати ва хусусан, бош вазирнинг асосий хавотири қуйидагича: Австралияга вакцина олмаган одамлар киритилмаслиги белгилаб қўйилган, Жокович эса эмланмаган. Агар унга мамлакатга киришга рухсат беришса, австралияликлар орасида вакцина олишга қарши намойишлар жонланиб, антиваксерлар кўзғалиши мумкин. Нима, сербиялик теннисчига вакцинасиз юриш мумкин-у, бизга мумкин эмасми, деган иддао илгари сурилиши мумкин улар томонидан.
Шу сабаб ҳукумат пиар қиляпти, дейиш асоссиз. Асосий мақсад Австралиядаги санитар ҳолатни издан чиқармаслик. Австралия бош вазири Жоковичга мурожаат қилиб, нега вакцина олиши мумкин эмаслиги ҳақида тиббий хулоса тақдим этишини сўради, лекин спортчи ҳозиргача бундай ҳужжат тақдим этмади ва афтидан фақат қайсарлиги учун вакцина олмаяпти.
Ҳали имкон бор
Бугун, 14 январ куни Жоковичнинг юристлари навбатдаги марта визани қайтиб олишга ҳаракат қилиб кўришади. Айни дамда улар учун ҳар бир дақиқа ғанимат, чунки 17 январ куни мусобақа бошланади. Ҳозирда ҳолат мужмал бўлиб турибди ва Жокович визаси масаласи якшанба куни ҳал бўлиши ҳақиқатга яқин. Айни дамда Жокович масала ҳал бўлгунга қадар қаерда бўлиши ҳам аниқ эмас: олдин карантинда бўлган меҳмонхонадами ёки бошқа ерда. Катта эҳтимол Жокович Австралияда бўлади ва унинг иши якшанба куни кўрилади. Бироқ бунча вақт машғулотларсиз Жокович ўзи қиролга айланган мусобақада яхши иштирок этиши қийин. Бу эса дунёнинг иккинчи ва учинчи ракеткаси Даниил Медведев ҳамда Александр Зверевнинг фойдасига ишлайди...
Мавзуга оид
18:59 / 11.11.2024
Император пингвини илк бор Австралия соҳилларига қадар сузиб борди
22:21 / 09.11.2024
Австралия пляжларида очликдан қийналган минглаб бўронқушлар жасади пайдо бўлди
23:05 / 07.11.2024
Австралиядаги пляждан топилган сирли шарлар таркиби маълум бўлди
19:11 / 07.11.2024