Назарбоевнинг учинчи куёви ҳам ишдан кетди
Тимур Кулибоев собиқ президентнинг ўртанча қизи Динарага уйланган. Бунгача Назарбоевнинг кенжа ва катта қизининг турмуш ўртоғи истеъфога чиқди, улар йирик компанияларни бошқарган.
Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Кулибоев «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси раҳбари лавозимини тарк этди. Бу ҳақда унинг палата сайтида эълон қилинган баёнотида айтилади.
«Бугундан бошлаб мен «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси президиумининг сайланган раиси лавозимини тарк этишга қарор қилдим», — деди Кулибоев.
Мурожаатда у ўзининг саккиз йиллик фаолиятини ҳам сарҳисоб қилди, хусусан, шу вақт ичида «бизнес ва ҳукумат ўртасида конструктив мулоқот» йўлга қўйилгани, «қулай ишбилармонлик муҳити» изчил шакллантирилганини таъкидлади.
Кулибоев собиқ давлат раҳбарининг ўртанча қизи Динарага уйланган. Аввалроқ Назарбоевнинг яна икки куёви - «КазТрансОйл» АЖ бошқаруви раиси, собиқ президентнинг кенжа қизи Алияга уйланган Димаш Дўсанов ва «QazaqGaz» Миллий компанияси» АЖ бошқаруви раиси, Дариға Назарбоеванинг иккинчи эри деб аталган Қайрат Шарипбоев ўз лавозимидан айрилганди.
Уларнинг истеъфога чиқиши ҳақидаги хабар эълон қилинган «Самрук-Казина» давлат жамғармаси сайтида бунинг сабабларига аниқлик киритилмаган. Релизда фақатгина бундай қарорлар компаниялар директорлар кенгашлари томонидан қабул қилингани айтилган.
11 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўзидан олдинги президент туфайли «мамлакатда ҳатто халқаро стандартлар бўйича ҳам жуда даромадли компаниялар гуруҳи ва бойлар қатлами пайдо бўлгани»ни айтганди. Унинг қўшимча қилишича, улар учун Қозоғистон халқига «ҳурмат кўрсатиш» ва ёрдам бериш вақти келди. Тўқаев «Қозоғистон халқига» жамғармасини ташкил этишни таклиф қилди, унга маълум бир рўйхатга киритилган компаниялар мунтазам равишда бадаллар киритади.
Январь ойи бошида Тўқаев Назарбоевни республика Хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимидан четлатди, Элбоши президентликдан кетганидан кейин ҳам бу лавозимни эгаллаб келганди. Тўқаев норозилик намойишлари фонида кўрилган чоралар етарли эмаслигини тушунтириб, «иложи борича қаттиққўл ҳаракат қилишга» ваъда берди.
Кейинроқ Назарбоевнинг вакили собиқ президент тартибсизликларга тезкорлик билан жавоб қайтариш учун Хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимини ўзи тарк этишга қарор қилгани тўғрисида хабар берди.
Мавзуга оид
18:42 / 30.08.2024
Назарбоевнинг собиқ келини одам ўғирлашда айбланиб, 12 йилга қамалди
22:01 / 16.08.2024
Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболдиули қамоқдан озод қилинади
19:01 / 12.08.2024
Назарбоевнинг жияни давлатга 1,6 млрд доллар қийматли мулкларни қайтарди
18:39 / 15.02.2024