Жамият | 17:18 / 18.01.2022
21747
2 дақиқада ўқилади

Андижонда дарахтлар кесилиши юзасидан ҳокимлик мансабдорларидан бирига жиноий иш очилди

Андижон шаҳар перинатал маркази ҳудудида қимматбаҳо дарахт навлари рўйхатига киритилган 12 туп Элдор қарағайлари ноқонуний равишда кесилгани билан боғлиқ ҳолатда гумонланаётган мансабдорга нисбатан жиноят иши очилди.

Фото: Kun.uz

Бош прокуратура Андижон вилояти перинатал маркази ҳудудида ноқонуний равишда дарахтлар кесилгани билан боғлиқ ҳолат юзасидан тузилган ишчи гуруҳининг ўрганиш натижаларини эълон қилди.

Маълум бўлишича, ушбу ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

«Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 30 декабрдаги «Республика кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган.

Шунга қарамасдан, Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғ.Ш. томонидан Андижон вилояти перинатал маркази ҳудудидаги Элдор қарағайи (Pinus eldarica) навли 12 туп дарахтлар қонунга хилоф равишда кесиб юборилганлиги оқибатида табиатга 115,5 млн. сўм миқдорида зарар етказилган.

Ўтказилган текшириш натижасига кўра, Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғ.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди», дейилади хабарда.

Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, вилоят перинатал маркази ходимларидан бири Kun.uz мухбири билан суҳбатда дарахтлар вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг топшириғи билан кесилганини айтганди.

Мавзуга оид