Ўзбекистон | 18:49 / 19.01.2022
6779
3 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Ғаллаороллик фермернинг арпа экини сақлаб қолинди

Фото: KUN.UZ

Жорий йил 17 январ куни Kun.uz’да Ғаллаорол тумани қишлоқ хўжалиги мутасаддилари фермер А.Ҳайдаровнинг даласидаги арпа экини бузиб ташланишини талаб қилаётгани ҳақида танқидий мақола эълон қилинганди. Сенат ахборот хизматининг хабар беришича, фермернинг арпаси бузилмайди.

Маълум қилинишича, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси Ғаллаоролдаги фермернинг муаммосини назоратга олиб, ҳолатни жойига чиққан ҳолда ўрганган.

Натижада “Ёнғоқзор неъмати” фермер хўжалиги раҳбари А.Ҳайдаров томонидан фермер хўжалигига тегишли бўлган 9 гектар суғориладиган ер майдони ёнғоқ кўчатлари экиш учун ажратилгани маълум бўлган.

Бироқ  фермер хўжалиги томонидан ёнғоқ экиш учун ажратилган ернинг 3 гектарига арпа экилган. Шундай бўлса-да, фермер хўжалиги томонидан етиштирилаётган арпа ҳосили пишиб етилгунга қадар сақлаб қолинадиган бўлган. Масъуллар А.Ҳайдаровга экин майдонидан унумли фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини берган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан Ғаллаорол тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам ўз муносабатини билдирди. Унга кўра, фермер А.Ҳайдаров 9 гектар суғориладиган ерга ёнғоқ кўчатлари экиш ўрнига 3 гектар ерга арпа экини эккан. Бу борада тегишли тартибда далолатнома имзоланиб, фермер хўжалиги раҳбарига ғалла экини ўрнига сабзавот, эртанги картошка экиб, кўпроқ даромад олиш мумкинлиги тўғрисида тушунтиришлар берилган.

«Шунингдек, “Ёнғоқзор неъмати” фермер хўжалиги раҳбари А.Ҳайдаров фермер хўжалиги ҳисобидаги ер майдонларидан хўжасизларча фойдаланганлиги учун маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқишлик бўйича огоҳлантирилди. Ҳозирги кунда 3 гектар ердаги арпа экинининг ривожи яхши бўлгани, фермер хўжалиги моддий аҳволининг яхшиланишини эътиборга олиб, арпа ҳосили июн ойида ўриб олингандан сўнг, такрорий экин сифатида картошка экиш ва бу орқали қўшимча даромад олиши хақида тавсия ва тушунтиришлар берилди», дейилади муносабатда.

Маълумот учун, фермер А.Ҳайдаров Kun.uz мухбирига ўзига тегишли ернинг уч гектарига ғалла ўрнига арпа экканининг бир қатор сабаблари борлигини айтган. Жумладан, арпанинг тез пишиб етилиши ва уларни қарамоғидаги зотдор қорамолларга озуқа ўрнида бериши, шунингдек, кам сув қуйилса ҳам ўсиб етилавериши туфайли у  арпа экканини билдирган.

Мавзуга оид