Ўзбекистон | 12:38 / 25.01.2022
14543
2 дақиқада ўқилади

Свет ўчиши операциялар жараёнига хавф туғдирмайди – ССВ

25 январь куни Тошкент шаҳрининг аксарият ҳудудлари электр энергияси таъминотисиз қолди. Айни пайтда ҳали таъминот тиклангани йўқ. 

Фото: Kun.uz

Kun.uz пойтахтда йирик тиббий марказлар фаолият юритиши ва уларда узлуксиз операциялар ўтказилишини ҳисобга олиб, беморлар ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлиги масаласида вазирлик матбуот котиби Фурқат Санаевдан изоҳ олди.

«Хавотирга ўрин йўқ. Барча операцион блоклар замонавий тарзда жиҳозланган ва қўшимча таъминот генераторларига уланган. Бир манбадан узилиш дарҳол иккинчиси уланишига сабаб бўлади.

Албатта, ёрдамчи дизель генераторлар билан узоқ вақт ишлаб туриш қийин. Лекин тез орада умумий таъминот тикланишига умид қиламиз. Кейинги жарроҳлик амалиётлари шунга қараб режалаштирилади.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан тезкор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Тиббий масканларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди», – деди Фурқат Санаев.

Айни пайтда таъминот тикланмаган, чорраҳаларда тирбандликлар сақланиб турибди, сув таъминотида ҳам узилишлар кузатиляпти. Тошкент аэропорти рейслар қабул қилишни тўхтатган.

Ўзбекистон энергетика вазирлиги ушбу ҳолатга Қозоғистондаги энерготизимда рўй берган аварияни сабаб қилиб келтирган.

Мавзуга оид