28та туман ва шаҳар учун солиқ имтиёзлари берилмоқда
Мазкур ҳудудларда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк ва ер солиқлари 1 фоиз деб белгиланади.
Ўзбекистон президенти “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор имзолади. Унга мувофиқ, айрим ҳудудлар учун алоҳида солиқ режими қўлланади.
2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январгача 1-иловада келтирилган туман ва шаҳарларда белгиланадиган туризм ҳудудларида рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун:
— айланмадан олинадиган солиқ ставкасининг 1 фоизи;
— ушбу ҳудудлардаги объектлар ва улар эгаллаган ер участкаси бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи миқдорлари – мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида белгиланади.
Бунда, туман ва шаҳарларнинг туризм ҳудудлари чегаралари Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бош бошқармалари хулосалари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан белгиланади.
Жисмоний шахслар томонидан маҳаллалараро савдо-хизмат кўчалари бўйида жойлашган турар жой объектлари юқорида кўрсатилган хизмат кўрсатиш турлари бўйича нотурар жой объекти тоифасига ўтказилганда 2024 йил 1 январга қадар уларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг жисмоний шахслар учун ўрнатилган ставкаси сақлаб қолинади.
Имтиёзлар ушбу ҳудудларга тааллуқли:
- Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Хўжайли, Элликқалъа туманлари;
- Андижон вилояти Хонобод шаҳри;
- Бухоро вилояти Когон тумани, Ромитан тумани;
- Жиззах вилояти Арнасой, Зомин, Фориш туманлари;
- Қашқадарё вилояти Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши туманлари;
- Навоий вилояти Хатирчи, Нурота, Қизилтепа туманлари;
- Наманган вилояти Чуст, Янгиқўрғон туманлари;
- Самарқанд вилояти Ургут тумани;
- Сирдарё вилояти Ховос тумани;
- Сурхондарё вилояти Бойсун тумани;
- Тошкент вилояти Ангрен шаҳри, Оҳангарон, Паркент, Бўстонлиқ туманлари;
- Фарғона вилояти Риштон тумани;
- Хоразм вилояти Хива шаҳри, Хива, Боғот туманлари.
2022 йил 1 июлдан бошлаб, рўйхатдаги туманлар ва шаҳарларда туризм объектларини қуриш учун ер участкаларини ҳудудларнинг мастер-режалари асосида ишлаб чиқилган лойиҳа таклифлари ҳамда зарур инфратузилма билан таъминланган ҳолда электрон онлайн-аукцион савдосига чиқариш тартиби жорий этилади.
Қарорга биноан:
— Туризм ва спорт вазирлиги 2022 йил 1 мартга қадар ҳудудларнинг мастер-режаларини ишлаб чиқиш учун техник топшириқларни Қурилиш вазирлигига киритади (Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда);
— Қурилиш вазирлиги тегишли лойиҳа институтлари ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда 2022 йил 1 июлга қадар ҳудудларнинг мастер-режалари ва лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилишини таъминлайди;
— Кадастр агентлиги 2022 йил 1 июлдан бошлаб лойиҳа таклифлари ва инфратузилмага эга бўлган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдосига чиқаради (Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда).
Ҳужжат билан, олийгоҳлар ва тиббиёт муассасаларининг бино ва ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва уларни хусусий секторга хизматлар кўрсатиш бўйича ажратиш борасидаги ишлар қониқарсиз деб топилган.
Қурилиш вазирлигига 2 ҳафта муддатда ижтимоий соҳа муассасаларининг ер майдонлари, бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш даражасини ўрганиш бўйича Комиссия тузиш топширилди (тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда).
Комиссияга икки ой муддатда қуйидагиларни амалга ошириш юклатилади:
— олий таълим ва тиббиёт муассасаларининг ер майдонлари, бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш даражасини тўлиқ ўрганиш;
— ўрганиш натижалари бўйича бўш турган ёки самарасиз фойдаланилаётган бино ва иншоотлар ҳамда улар ҳудудидаги бўш ер майдонларини аниқлаш.
Қурилиш вазирлиги:
— ўрганиш асосида аниқланган самарасиз фойдаланилаётган ёки бўш турган йирик ижтимоий соҳа объектларининг мастер-режаларини уч ой муддатда ишлаб чиқади (тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда);
— мастер-режаларга мувофиқ, самарасиз фойдаланилаётган ёки бўш турган бинолар ва ер майдонларини аукцион савдоларига чиқариш ёки давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторни жалб этган ҳолда янги турдаги таълим ва тиббиёт хизматларини ташкил этиш чораларини кўради.
Қарорга мувофиқ, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига 2022 йил 1 январдан бошлаб 2027 йил 1 январга қадар меҳмонхона (жойлаштириш воситалари) ва майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкалари) бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 90 фоизга камайтирилади.
Бунда, 2027 йил 1 январгача янгидан қуриладиган объектларга (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкасига) нисбатан мазкур имтиёз улар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 5 йил муддат давомида қўлланади. Фойда солиғини ҳисоблашда биноларнинг қийматини икки йил давомида амортизация харажатлари сифатида чегириш ҳуқуқи берилади.
Мазкур қарор билан хизмат кўрсатиш соҳасининг қарийб 10 хил йўналишдаги тармоқлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоизга туширилади. Ҳудудларда савдо кўчалари ташкил этиш чоралари ҳам белгиланди.
Мавзуга оид
21:51 / 09.01.2024
Президент бозорларни туристлар учун жозибадор масканга айлантириш бўйича дастлабки лойиҳалар билан танишди
10:28 / 02.02.2023
Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳаси 1,9 баробарга ошди
15:54 / 09.01.2023
Сайёҳлар меҳмонхона ва туризм объектларидаги хизмат кўрсатиш сифатини баҳолашлари мумкин
22:16 / 22.02.2022