Ўзбекистон | 08:34 / 31.01.2022
2562
1 дақиқада ўқилади

Навоийда 2021 йилда ажрашиш учун аёлларга нисбатан эркаклар кўпроқ ариза берган 

Навоий вилоятида 2021 йилда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан ажрашиш билан боғлиқ 2 102 та иш кўриб чиқилган. Шундан 1 277 та аризани эркаклар, 825 тасини аёллар киритган. 

Фото: Getty Images

Навоий вилоят судида раис ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ихтиёр Қосимовнинг йил якунларига бағишланган брифингда маълум қилишича, ажрашиш билан боғлиқ кўриб чиқилган ишларнинг 1 036 таси қаноатлантирилган, 615 таси рад этилган, 246 таси иш юритувидан қолдирилган ҳамда 205 таси кўрмасдан қолдирилган.

Ажрашиш учун киритилган даъво аризалари таҳлил қилинганида, 18-30 ёшгача бўлганлар 1 223 тани, 30-40 ёшгача бўлганлар 614 тани, 40-50 ёшгача бўлганлар 104 тани ва 50 ёшдан юқорилар 161 тани ташкил қилган.

Шунингдек, 1 295 та жуфтлик ажрашиш учун сабаб сифатида характерлари бир-бирига тўғри келмаганини билдирган. 208 та даъво аризасида бир тарафнинг хорижий давлатга узоқ муддатга чиқиб кетиши, 127 тасида оила муносабатларига учинчи шахс аралашиши, 14 тасига эркакнинг оилани моддий жиҳатдан таъминламаслиги, 23 тасида спиртли ичимликлар истеъмол қилиши, 32 тасида хиёнат сабаб бўлгани кўрсатилган. 

Мавзуга оид