Ўзбекистон | 11:02 / 01.02.2022
7004
5 дақиқада ўқилади

“Туризм ривожланган давлатларда меҳмонхоналар учун ҚҚС табақалаштирилган” — эксперт

Ўзбекистонда меҳмонхоналар нима учун қиммат? Шу мавзуда Kun.uz билан суҳбатда бўлган Туризмни ривожлантириш ассоциацияси раиси Дилшод Одилов бошқа давлатлар каби Ўзбекистонда ҳам меҳмонхоналар учун ҚҚСни табақалаштиришни таклиф қилди.

Дилшод Одилов

Туризмни ривожлантириш ассоциацияси раиси Дилшод Одилов Kun.uz билан суҳбатда туризм соҳасини қўшилган қиймат солиғига тортиш борасида таклифларини билдирди.

“Қўшилган қиймат солиғи эгри солиқ бўлиб, амалда харидор (истеъмолчи) томонидан тўланади. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 258-моддасига асосан барча турдаги товарлар ва хизматлар учун (айрим имтиёзларни ҳисобга олмаганда) қўшилган қиймат солиғининг (кейинги ўринларда ҚҚС) ставкаси 15 фоиз қилиб белгиланган бўлиб, табақалаштирилган солиқ ставкаси мавжуд эмас. Лекин жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, дунёнинг деярли барча мамлакатларида ижтимоий аҳамиятга эга товарлар ва хизматлар, жумладан туризм хизматлари учун ҚҚСнинг табақалаштирилган ставкаси қўлланилишини қуйидаги жадвалда кўришимиз мумкин”, – дейди у.

 

Дилшод Одилов туризм соҳаси энг тараққий этган ва бу борада ортда қолаётган давлатлар тажрибаси ҳақида гапирди.

“Жадвалдан ҳам кўриниб турибдики, соҳа етакчилари бўлган Испания, Франция, Греция, Италия ва Туркияда ҚҚСнинг табақалаштирилган ставкаси қўлланилмоқда. Туризм ривожланмаган ва иқтисодиётнинг етакчи тармоғига айланмаган мамлакатлардагина ҚҚС ставкаси юқорилигини кўриш мумкин”, – дейди у.

Дилшод Одилов аввалроқ Ўзбекистонда меҳмонхоналар қимматлигининг сабаби соҳага солиқ юкининг ошиб кетгани ва ҚҚС табақалаштирилмагани эканини таъкидлаганди.

Шундан сўнг молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш учун табақалаштирилган ҚҚС ставкаларидан фойдаланиш самарасиз чора эканини билдирган.

“Солиқдан тежаш камдан кам ҳолларда харидорларга ўтади, одатда у чакана савдогарларда қолади. Ҳаттоки, наф истеъмолчиларга ўтган тақдирда ҳам, пасайтирилган ставкалар энг бой уй хўжаликларига кўпроқ фойда келтиради”, – деганди вазир ўринбосари.

Дилшод Одилов молия вазири ўринбосарининг сўзларини келтирар экан, пасайтирилган ставкалар соҳа учун фойдали бўлади, деб ҳисобламоқда.

“Молия вазирлигининг позициясига кўра, табақалаштирилган ҚҚС ставкалари самарасиз чора, лекин бутун дунё бу тажрибадан фойдаланаётгани ҳам ҳақиқат. Қўшниларимиз Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам ягона ставка, лекин 12 фоиз қилиб белгиланган. Молия вазирлиги масъуллари таъкидлаганидек, ҚҚС пасайтирилиши истеъмолчилар учун наф келтирмаслиги мумкин, лекин тармоқ ривожи ва янги иш ўринлари яратилишида жуда ҳам муҳим ўрин тутади.

Акс ҳолда Молия вазирлиги яқинда ўсимлик ёғи учун ҚҚС ставкасини пасайтириш тўғрисида қонун лойиҳасини парламентимизга киритмаган бўлар эди. Тежалган солиқнинг кимда қолишидан қатъи назар, истеъмолчида қоладими ёки хизмат кўрсатувчидами, аслида ҳар икки томонда қолиши ҳақиқатга яқинроқ, соҳанинг ривожига хизмат қилиши шубҳасиз.

ҚҚСнинг пасайтирилиши янги туризм объектлари қурилиши ва қўшимча иш ўринлари яратилишида жуда муҳим ўрин тутади. Буни МcDonalds ресторанлари сони ва ходимлари сонининг ошиши мисолида ҳам кўришимиз мумкин. 10 млн аҳолига эга Швецияда 191 та, БАА да 172 та, Чехияда 99 та ушбу тармоқ ресторанлари мавжуд. Ваҳоланки, бугунги кунга қадар 35 млн аҳолига эга мамлакатимизга ушбу жаҳон умумий овқатланиш корпорацияси кириб келмади. Ёшлар орасида ишсизлик жиддий муаммо бўлган мамлакатимизда хизмат кўрсатиш корхоналарининг ва уларда иш ўринларининг кўпайиши муҳим масала экани шубҳасиз”, – дейди у.

Мутахассиснинг таъкидлашича, туризм соҳаси компанияларида ҳисобга олинувчи ҚҚС деярли йўқ бўлгани сабабли, сотилаётган хизматлар устига қўйилган 15 фоизлик ҚҚС тўлиқ тўланади, бу эса ўз-ўзидан тармоқда хизматлар нархининг ошишига сабаб бўлади.

“ҚҚС пасайтирилиши ҳақиқатда нархлар пасайишига олиб келмаслиги мумкин, лекин тармоқда фойда миқдорининг ошишига ва янги инвестициялар киритилишига олиб келиши шубҳасиз.

Туризм соҳаси учун пасайтирилган ҚҚС жорий қилинмаётганига яна бир сабаб сифатида солиқ маъмурчилигида муаммолар келиб чиқиши важ қилиб кўрсатилган. Ваҳоланки, соҳада онлайн-касса аппарати ва электрон счетфактуралар жорий қилиниши орқали ушбу муаммо жиддий равишда ҳал қилинди. Қолаверса, соҳа корхоналари томонидан тўланган ҚҚСни қайтариш механизмини жорий қилиш имконияти ҳам мавжуд. Шунингдек, барча турдаги корхоналар тенг рақобат шароитида бўлиши яна бир важ сифатида келтирилган, лекин биламизки нефт-газ саноати ва туризм корхоналари бир-бирига рақобатчи эмас”, – таъкидлайди Дилшод Одилов.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча президент хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича фармон имзолади. Унга асосан, тадбиркорларга меҳмонхона бўйича ер ва мол-мулк солиғи ставкаси 90 фоизга камайтирилади.

Шунингдек, қарийб ўнта фаолият тури, шу жумладан меҳмонхона ва жойлаштириш хизматлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.

Мавзуга оид