Жамият | 20:59 / 06.02.2022
8843
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда лок-бўёқ ортиб кетаётган юк машинаси ёниб кетди

Фото: Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида лок-бўёқ ортиб кетаётган кетаётган юк машинаси ёниб кетган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун, 2022 йил 6 февраль куни соат 18:28 ларда Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига 101 қисқа рақами орқали М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлининг Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани ҳудудидан ўтувчи 977-километрида ҳаракатланиб кетаётган юк машинасида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида маълумот келиб тушган.

Ҳодиса жойига дарҳол ёнғин-қутқарув бўлинмалари юборилган ва улар манзилга соат 18:45 да етиб боришган. Юк автомобилида кўп миқдорда енгил алангаланувчи ва ёнувчи маҳсулотлар (лак-бўёқ) бўлганлиги сабабли ёнғинни ўчиришга қўшимча куч ва воситалар жалб этилган. Шундан сўнг ёнғин ўчирилган.

Қайд этилишича, ёнғин оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Юк машинаси ва унга ортилган маҳсулотлар ёниб кетган. Ҳозирда ёнғин сабаби ва кўрилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Бугун 2022 йил 6 февраль куни Самарқанд вилоятида ҳам маҳсулот ортиб кетаётган юк машинаси ағдарилиб кетганди.

Мавзуга оид