Айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйилмаётганига изоҳ берилди
Ўзбекистонда амалдаги тартибга биноан, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жамоатчилик муҳокамаси ўтказиш учун жойлаштирилиши лозим.
Бу – 2018 йил апрелида қабул қилинган президент фармонида ёзиб қўйилган. Адлия вазирлиги 2020 йилда бу талабни “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга киритишни таклиф қилганди, бироқ якунда ўша йили янгиланган бу қонунга бунақа модда киритилмади.
Амалиётда эса НҲҲлар лойиҳалари президент фармонига зид равишда муҳокамага чиқарилмасдан қабул қилиниши ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Kun.uz мухбири 7 феврал кунги матбуот анжуманида бу борада адлия вазири Русланбек Давлетовдан изоҳ сўради.
“Айтишимиз керакки, 2021 йилда жамоатчилик муҳокамаси учун қўйилган лойиҳалар сони камайди. 2020 йилда 1378 та лойиҳа муҳокама учун қўйилган бўлса, ўтган йилда 840 ларга тушиб қолди. Бунинг сабаблари ҳам бор, чунки вазирликлар ўзлари ишлаб чиққан ҳужжатни муҳокамага қўйиб, дарров резонанслар бўлиб кетаётганди, биласизлар.
У лойиҳалар сифатсиз ҳужжат, ижрочилар эндигина ишлаб чиққан. Бирорта вазирлик кўрмаган, шунга у ерда ҳар хил резонанс бўлаверганидан кейин, “Тўхтанглар, аввал бир вазирликлар билан ишланглар”… [дейилди].
Бундан ташқари, битта вазирлик бошқа бошқа вазирликнинг соҳасига оид ҳар хил таклифлар берадиган бўлиб кетди. Шунинг учун бунинг олдини олиш ва жамоатчилик муҳокамасида ҳам сал тартиб бўлсин деб шу иш қилинди. Бу тўғри деб, ўйлаймиз. Чунки биринчи бўлиб [лойиҳани] шу соҳага тааллуқли вазирликлар кўриб қўйиши керак. Фалон миллиард сўм ажратамиз, деб қўйиб, уни Молия вазирлигига кўрсатмагунча қандай қилиб уни чиқарасиз. Бюджетни режалаштириш керак-ку.
Президент қарорида ҳамма ҳужжатлар муҳокамадан ўтиши керак, дейилган. Лекин қонунда унақа ёзилмади. Ҳужжатлар соҳасига қараб, [муҳокамадан ўтиши] керак-керакмаслари ҳам. Аниқ жамоатчилик манфаатлари билан боғлиқ масалалар бугунги кунда муҳокамага чиқариляпти”, – деди адлия вазири.
Русланбек Давлетов куни кеча “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун парламент қуйи палатасида маъқуллангани, бироқ ҳужжат ҳатто қонун бўлишига қарамай regulation.gov.uz'га жойланмаганига ҳам муносабат билдирди.
“Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун ҳам нега муҳокамага чиқмаганини аниқлаймиз. Лекин, қонун бўлганидан кейин чиқмасдан туриб қабул қилиниб кетмайди. Масалан, “Виждон эркинлиги тўғрисида”ги қонунда ҳам шунча муҳокамалар бўлди, чет эллик экспертлар билан ишладик. Қонунчилик палатасига ўзига борганидан кейин [муҳокамага] чиқаришга мажбур бўлди”, – деди Давлетов.
Мавзуга оид
22:35 / 15.11.2022
АҚШ Ўзбекистонда диний эркинликка доир қонунчилик халқаро стандартларга мослаштирилишига умид билдирди
12:33 / 15.11.2022
Русланбек Давлетов президент маслаҳатчиси этиб тайинланди
23:40 / 12.10.2022
Русланбек Давлетов президент маслаҳатчиси этиб тайинланадими?
21:22 / 24.08.2022