«Бу фантазияларни жиддий қабул қилмаслик керак» – фаоллар Лукашенконинг сўзлари ҳақида
Ўзбекистон сиёсий ва жамоатчилик фаоллари Лукашенконинг совет иттифоқи республикалари Россия атрофида бирлашиши мумкинлиги ҳақидаги фикрига муносабат билдирди. Депутат Бобур Бекмуродов бу сўзларни жиддий қабул қилиш керак эмаслигини, Алишер Қодиров зўравонлик устига қурилган давлатлар мўрт бўлишини айтди, Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистонни Россия ва Беларусь муаммоларига аралаштирмасликка чақирган, Шаҳноза Соатова ТИВдан бу борада муносабат билдиришни сўраган, Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бу расмий Тошкентга ўта жиддий сигнал эканидан огоҳлантирган.
Беларус президенти Александр Лукашенконинг СССРнинг аксар давлатлари, жумладан, Ўзбекистон айни пайтда Россия ва Беларусдан иборат Иттифоқ давлати таркибига қўшилиши ҳақидаги фикрлари интернетнинг ўзбек сигментида навбатдаги муҳокамаларни келтириб чиқарди. Kun.uz улардан айримларини жамлади.
«Лукашенконинг фантазияларини жиддий қабул қилиш шарт эмас»
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақидаги фантазияларини жиддий қабул қилиш шарт эмас, деб ҳисоблашини билдирди.
Сиёсатчи ўзининг ушбу таъкидини қуйидагича далиллайди: «Беларусда ўтказилган сўнгги ижтимоий сўровлар Александр Лукашенконинг сиёсатчи сифатидаги рейтинги 25−30 фоиз атрофида эканлигини кўрсатган. Шу билан биргаликда, сўровда иштирок этганларнинг 46 фоизи — «ҳеч қачон Лукашенкога овоз бермаслиги»ни маълум қилган. Бугун кўплаб ривожланган давлатлар Лукашенкони Беларусь халқи номидан гапира олмайдиган шахс деб ҳисоблайди. Шунинг учун, бугунги кунда бу инсоннинг Ўзбекистон ҳақидаги фантазияларини жиддий қабул қилиш шарт эмас», дея ёзади у телеграмдаги каналида.
«Зўравонлик ва таҳдид устига қурилган давлатлар қанчалар мустаҳкам кўринмасин, мўрт бўлишини тарих кўп исботлади»
Миллий тикланиш партияси раиси Алишер Қодиров бу чиқишга муносабатида яқин 15 йилда Ўзбекистон ўз режаларида нималарга эътибор қаратиши лозимлигини ҳам прогноз қилди.
«15 йилдан кейин собиқ совет республикалари Россия атрофида бирлашиб, 350−400 миллион аҳолига эга бирлик қурадилар… деган хулосага келишмоқда видеодаги икковлон. Зўравонлик ва таҳдид устига қурилган давлатлар қанчалар мустаҳкам кўринмасин, мўрт бўлишини тарих кўп исботлади. Ушбу режалар тескари тўлқин яратиши ва совет империясини тикламоқчи бўлаётганлар ҳудудида янги давлатлар пайдо бўлиши эҳтимолини кучайтиради. Бу эса, албатта, минтақада жиддий иқтисодий ва ижтимоий силкинишларга сабаб бўлиши мумкин. Яқин 15 йиллик режаларимизда ушбу эҳтимол кўзда тутилиши керак», — деб ёзиб қолдирган Алишер Қодиров.
«Бошқаларга кунимиз қолмасин»
Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев Беларусь фуқаросининг навбатдаги шов-шувли баёнотини ҳам эътиборсиз қолдирмади.
«Иккиси ўтирволиб, Ўзбекистон тақдирини муҳокама қилишибди. Кун бўйи маҳаллани бошида ўтириб, ўтганни ҳам, кетганни ҳам муҳокама қиладиган кампирлар бўлади, биласизми? Улар маҳалладаги ҳамманинг оилавий ва шахсий ҳаётига бурнини тиқиб, бировлар учун қарорлар қабул қилади, буни қиласан, уни қиласан, деб ақл ўргатишади, сенлар учун нима яхшилигини биз биламиз, деб даъво ҳам қилиб қўйишади. Ўшанақа кампирларни кўрганда, одамнинг афти бужмайиб, айланиб ўтгиси келади.
Владимир Соловьёв Беларусь фуқароси Лукашенкодан интервью олибди. Иккаласи 10-15 йилдан кейин Марказий Осиё давлатлари тақдири нима бўлишини ҳам муҳокама қилишибди.
Соловьёв олдиндан режалаштирилган ва аниқ мақсад сари йўналтирилган қуйидаги саволни берган: «Ўйлашимча, келгусида 350-450 млн одамдан иборат бирлашган давлат тузишимиз керак» деган. Аҳа, ёқмай қолсин. Гап янги СССР ҳақида кетмоқда. Бу Россиянинг азалий орзуси-ку.
Лукашенко ҳам шу саволни кутган ва бунга олдиндан тайёр эди. Дарров бу фикрни қўллаб-қувватлаган. Беларусь аллақачон қўшилиб бўлган. Қозоқларга дарс бўлди, улар ҳам қўшилади, яқинда Украина ҳам қўшилмасдан иложи қолмайди, деган.
Ҳаммаси тушунарли. Ушбу 2 та давлатда бўлган/бўлаётган воқеалар бежизга эмаслигининг яққол исботи бу.
Лукашенко фикрини давом эттирар экан, Арманистон ҳам ҳеч кимга керак эмаслигини тушунди, аниқ бизга қўшилади, Озарбойжон сал сўроқ остида, чунки уни Туркия жуда қаттиқ қўллаб-қувватлаяпти. Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг ҳам қўшилмасдан бошқа иложи қолмайди, деган.
Бу икковлон суҳбат жараёнида ягона армия, ягона пул бирлиги ва ягона мудофаа чегараси ҳақида ҳам гапиришган. Энг кулгилиси, «биз бунга мажбурмиз, чунки ғарб бизга умумий душман эканлигини кўриб турибмиз-ку», дейишган. Россия ва Беларусь шахсий жунни аралаштириб юбормаяптими, мабодо?» дейди у.
У Лукашенко аввалроқ ҳам шундай ахборот ҳужуми уюштиргани ва унга муносиб жавоб берилганини эслаган.
«Энди булар яна навбатдаги ахборот ҳужумини уюштиришибди. Мақсад очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бир амаллаб эски империяни тиклаб олиш ва ҳаммани ягона давлатга бирлаштириш.
Аввал айтганимдек, илгари бунга яширин даъватлар қилинган бўлса, энди сурбетларча очиқ тарғибот ва баъзи жойларида таҳдидга ўтишмоқда.
Улар тушунмаяптики, Ўзбекистоннинг ўз танлаган йўли ва принциплари бор. Ўзбекистон у хоҳ шарқ бўлсин, хоҳ ғарб бўлсин, бошқа давлатлар билан тенг шерикликдаги ўзаро манфаатлар юзасидан ҳамкорлик қилади. Худо хоҳласа, доим шундай бўлиб қолади.
Россия ва Беларусь эса ўзининг АҚШ ҳамда Европа билан боғлиқ муаммолари, санкцияларини ўзи ҳал қилсин. Бизни бунга аралаштирмасин. Ва бизнинг тақдиримизни биз учун ҳал қилишни ҳам йиғиштиришгани маъқул. Ўзбекистон тақдирини ўзбек халқи ҳал қилади, илоҳим, бошқаларга кунимиз қолмасин», дея қўшимча қилади блогер.
«Ушбу масала бўйича Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириши керак»
Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова Лукашенконинг Ўзбекистон иттифоқ давлат таркибига барибир қўшилиши ҳақидаги фикрига муносабат билдирар экан, Беларусь президенти яна «ўша ҳунарини қилаётганини» билдирган.
«Битта ўзим бу ерда ўтиравераманми, бошқалар ҳам кирсин иттифоққа деяпти ёнбошлаволиб Кремлнинг пропагандачиси Соловьевга. У ҳам яйраб кетяпти. Айтишича, биз барибир қўшиларканмиз, «союз» тикланаркан, бу кишимнинг тўлиқ бахти учун шу етишмай турганмиш.
Қачонгача «батька» Мустақиллигимизни таҳқирловчи, камситувчи, бизнинг давлатчилигимизга таҳдид бўлган бу каби сўзларини айтаверади ва биз жим ўтираверамиз? Нимадир қиласизларми ё бўйнимизни эгиб, сукут аломати ризо деб ўтираверамизми? Ўтган гал гапирганида президент аниқ-тиниқ қилиб ташқи сиёсатимиз йўналишини кўрсатиб берди-ку, шунга таяниб нимадир қилиш, норозиликни билдириш, бундай гапларга тоқат қила олмаслигимизни айтиш қийинми?
Ишонч керак эртамизга, мустақиллигимиз бардавомлигига. Беринглар шу ишончни, муносиб дипломатик жавоб қайтаринглар бу одамга», дейди у.
«Расмий Тошкентга ўта жиддий сигнал»
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Кремлда собиқ иттифоқни янги форматда қайта тузиш борасида яхши ўйланган лойиҳалар мавжудлиги ҳақида огоҳлантирди.
«Беларус президенти Лукашенко Путин командасининг анча ялқов «ҳимоячиси» эди. Лекин Беларусдаги оммавий намойишлар кўп нарсани ўзгартирди. Кейинги бир-икки йилда, Лукашенко асосий «ҳужумчи»га айланди. Бугун Лукашенко, постсовет ҳудудидаги Путиндан кейинги иккинчи «интегратор», «иттифоқ мафкурачиси».
Лукашенко Ўзбекистонга «суверенитетинг ўзингда қолаверсин – сенинг ички ишларинг, иқтисодиётинг, ижтимоий муаммоларинг билан шуғулланишга тоқатимиз йўқ! Лекин, мустақиллигинг бўлмайди: ташқи сиёсатда, геосиёсатда Путин назоратида бўласан!» демоқда. Яъни Ўзбекистонга мурожаат қилиб, «геосиёсатдаги сенинг кўп векторли сиёсатингнинг умри оз қоляпти! Қаршилик қилмай, бўйсунишга тайёр тур!» деди.
Лукашенконинг баёнотидан билиш мумкинки, Кремлда собиқ иттифоқни янги форматда қайта тузиш борасида яхши ўйланган лойиҳалар мавжуд. Евросиё иқтисодий иттифоқи – иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти эмаслиги, геосиёсий назорат ва бошқаларга геосиёсий қарши туриш лойиҳаси экани олдиндан маълум эди. Лекин Лукашенконинг охирги баёнотлари расмий Тошкентга ўта жиддий сигнал бўлиши керак. Иллюзияга, ўзини юпатишга мутлақ ўрин қолмади», дейди у.
Лукашенко нима деганди?
Беларус президенти Александр Лукашенко ва Россия ҳукумати пропагандачиси бўлган журналист Владимир Соловьёв ўртасидаги суҳбат YouTube'даги Соловьёв LIVE каналида эълон қилинган. Интервюда Александр Лукашенко 1999 йилда Россия ва Беларус иштирокида тузилган Иттифоқ давлати собиқ совет республикалари ҳисобига кенгайиши мумкинлигини айтган.
«Беларус аллақачон шу ерда [Иттифоқ давлати таркибида]. Менимча, Қозоғистон учун яхши дарс бўлди. Агар келгуси 15 йилда деб оладиган бўлсак, ишончим комил, агар биз хатога йўл қўймасак, Украина ҳам шу ерда [Иттифоқ давлати таркибида] бўлади», – дея гап бошлаган Лукашенко.
У сўзи давомида Арманистон «ҳеч қаерга бора олмаслиги» сабаб Иттифоқ давлатига қўшилишини тахмин қилади. «Улар кимгадир керак деб ўйлайсизми?» дейди Беларус президенти.
Саноқда Озарбойжонга келган Лукашенко бу мамлакат у назарда тутаётган уюшмадан чиқиб кетгани, Озарбойжонни Туркия «жуда жиддий қўллаб-қувватлаётгани»ни айтади. «Биз бу [Озарбойжон] бўйича ҳам кўп хатоларга йўл қўйдик, бу – алоҳида мавзу.
Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга келсак, менимча, аввало иқтисодий зарурат туфайли улар ҳам қўшилишади», – дея таъкидлаган Александр Лукашенко.
Маълумот учун, Беларус ва Россия 1999 йилда Иттифоқ давлати номи остида интеграцияга кириша бошлаган. Бу интеграциянинг расмий мақсади – парламент, валюта ва қонунчиликни умумлаштириш. Амалда 20 йилдан ортиқроқ вақт давомида икки давлат фақат солиқ ва божхона қонунчилигини бирлаштира олган.
Бу биринчиси эмас
Аввалроқ Александр Лукашенко Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг 10 январ куни Қозоғистондаги тартибсизликлар юзасидан ўтказилган саммитида бу воқеалардан «энг аввало Ўзбекистон сабоқ чиқариши керак» дегани шов-шув келтириб чиқарганди.
Лукашенконинг бу баёноти Ўзбекистон жамоатчилигида кескин эътирозларни уйғотган, фаоллар Беларусни қарийб 28 йилдан бери узлуксиз бошқариб келаётган ва охирги сайловдаги ғалабаси кўплаб давлатлар томонидан тан олинмаган «Беларус фуқароси»нинг Ўзбекистонни огоҳлантиришини бевосита таҳдид сифатида қабул қилганди. Сиёсий таҳлилчи Анвар Эминов Беларусь президентининг чиқиши Ўзбекистонни КХШТга қайтариш ҳаракати деб баҳолаганди.
Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев 13 январ куни мамлакат Хавфсизлик кенгаши йиғилишида бу огоҳлантириш асоссиз эканини айтганди. «Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», – деганди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
20:49 / 11.11.2024
Беларус расман БРИКС бўйича шерик давлат мақомини олди
17:58 / 11.11.2024
Британия ва Франция Байденни Украина Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига рухсат беришга кўндирмоқчи
09:00 / 11.11.2024
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19 / 11.11.2024