Жамият | 10:31 / 13.02.2022
15742
2 дақиқада ўқилади

Қарийб ҳар бир дарахтга лайлак ин қурган — қушлар қўним топган маскан

Қўқон шаҳрига туташ бўлган Данғара туманидаги «Хоб бобо» зиёратгоҳида кўплаб лайлакларни учратиш мумкин. Асрий дарахтлар тепасига ин қурган лайлаклар зиёратгоҳ рамзига айланган.

«Хоб бобо» зиёратгоҳининг 65 баҳорни кўрган шайхи Суярқул Остонақуловнинг айтишича, лайлаклар зиёратгоҳда унинг ёшлик чоғларида ҳам бўлган.

Суярқул Остонақулов

«Лайлаклар Ҳиндистонга бориб келишини олимлардан эшитганмиз. Ёшлигимда зиёратгоҳга Тошкентдан олимлар келиб, лайлаклар ҳақида ўрганиш ишларини олиб боришди. Лайлак инларига чиқиш керак бўлди-ю, лекин улар баландликка кўтарила олишмади. Мен у пайтда 4 ёки 5-синфда ўқир эдим. Уялари томон чиқиб олиб, лайлакларни уларга олиб бериб турдим. Оёқларига ёзувли тамға ўрнатишиб кетишди.

Олимлар Тошкентга жўнаб кетишларидан аввал лайлаклар қаергача боришини тамғадан билиб отамга айтиб кетамиз дейишган эди.

Орадан бир йил ўтиб олимлар зиёратгоҳга яна ташриф буюришди. Улар бу сафарги келишларида лайлаклар Ҳиндистонга боришларини айтишди. Ҳиндистонга биз ўрнатган белгини кўришган экан. Қари лайлаклар тоғдан ўта олмагани учун зиёратгоҳда қолишар экан. Ёш лайлаклар эса совуқ тушди дегунча Ҳиндистонга учиб кетар экан.

Лайлаклар зиёратгоҳда 100-150 та бўлса керак. Уларни санамаганмиз. Чор-атрофда юраверади улар. Ўзидан кўпаяверади. Биров уларга тегмайди. Теккани қўрқади. Ҳиндистонга учиб кета олмаган қари лайлаклар доимгидек шу ерда қолиб, зовур ва кўлларда юради.

Лайлаклар овга чиқишади. Кўлларга боради. Қурбақа ва илон овлаб тирикчилик қилиб келишади», – дейди Суярқул Остонақулов.

Бу ерда қарийб ҳар бир дарахтга лайлаклар ин қурган. Деярли ҳар бир инда бир жуфт лайлак кўзга ташланади. Улар ҳар замон қанот қоқиб парвоз қилишиб ерга қўнишади.

Зиёратгоҳга туташ қабристонга ён-атрофдаги 7 та қишлоқдан вафот этганлар дафн қилинар экан. Лайлаклар қўним топган масканга кўплаб зиёратчилар ташриф буюради.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.

Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид