Жамият | 19:55 / 14.02.2022
15935
2 дақиқада ўқилади

Наманганлик «участкавой» ишини кўриб чиқаётган суд раиси лавозимидан бўшатилиши мумкинлиги айтилмоқда

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди раиси Бахтиёр Таваккалов лавозимидан бўшатилиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Бахтиёр Таваккалов ички ишлар вазирига мурожаат қилгани ортидан қамоққа олинган наманганлик собиқ профилактика инспектори Сардорбек Отабоев ишини кўриб чиқаётган эди.

Манбага кўра, Бахтиёр Таваккаловнинг нафақага чиқишига атиги 6 ой муддат қолган бўлган.

Унинг ваколати муддатидан аввал тугатилишига шу суднинг собиқ судья ёрдамчиси 700 АҚШ долларини пора тариқасида олаётганда қўлга олингани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Kun.uz ушбу масала юзасидан Судялар олий кенгаши матбуот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров билан боғланди. У Бахтиёр Таваккаловнинг фаолияти юзасидан хизмат текшируви ўтказилганини тасдиқлади. 

Қайд этилишича, яқин вақт ичида Судялар олий кенгашида хизмат текшируви натижалари кўриб чиқилади. Суд раисига нисбатан қандай чора кўрилиши Кенгаш йиғилиши қарор қабул қилганидан сўнг маълум бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЖИБ Наманган шаҳар судида иши кўрилаётган судланувчининг отасига шу судда 2021 йил декабр ойига қадар судья ёрдамчиси лавозимида ишлаган шахс таклиф билан чиқиб, иш бўйича “енгиллик қилиб бериш” эвазига 1 000 доллар сўрагани, келишилган пулдан 700 долларини олаётганда қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида 13 январдан бошланган собиқ профилактика инспектори иши суд мажлисларида гувоҳлар ва жабрланувчилар берган кўрсатмалар эшитилиб шу кунга қадар суд жараёни давом этаётган эди. Собиқ судя ёрдамчисининг пора билан қўлга тушиши воқеаси ортидан суд мажлиси бир неча марта қолдирилган.

Мавзуга оид