Жамият | 23:28 / 16.02.2022
13718
4 дақиқада ўқилади

Дубайда ҳайдовчилик гувоҳномангиз бўлмаса, ҳеч ким сизга машина сотмайди – Зафар Ҳошимов

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов ўзининг Facebook саҳифасида Бирлашган Араб Амирликларида ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш тартиби ҳақида пост жойлади.

Фото: Kun.uz

“Анча йиллар, тахминан 10 йилча олдин, болаларим Дубайдаги Америка мактабида ўқиётганларида, мен у ердан машина сотиб олишга қарор қилдим. Аммо Дубайда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса, ҳеч ким сизга машина ҳам сотмайди, рўйхатдан ҳам ўтказиб бермайди.

Қолаверса, ўзбек ёки бошқа хориж давлатларининг «права»лари ҳам машина сотиб олиш учун ўтмайди. Айнан Дубайнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш керак эди”, деб ёзади у.

Ҳошимовнинг сўзларига кўра, Дубай ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқув курсисиз олиш мумкин эмас.

“Камида 40 соат назарий дарс ва 40 соат машина ҳайдаш. Ўқиш нархлари арзон эмас. Бирорта дарсни ўтказиб юборишнинг ҳам имконияти йўқ. Қўшимчасига, бир кунда 4 соатдан ортиқ назарий ва шунча вақт давомида ҳайдаш машқларида қатнашишингиз мумкин эмас.

У ерда ҳайдовчиликка қайта ўқиш учун ишдан таътил олишимга тўғри келди. Шундай қилиб, қарийб 3 ҳафталик интенсив ўқишдан сўнг имтиҳон топшириш вақти келди.

Имтиҳон икки қисмдан иборат эди: назария (вазиятларга қараб муқобил жавоблари бор компьютер тести) ва машинани бошқариш (фигуралар, парковка ва шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш)”, дейди у.

Унинг маълумот беришича, Дубайда имтиҳонлар жуда қатъий назоратда ўтказилади.

«Мендан олдин топширган бир талаба машина ойналарини созламасдан, хавфсизлик камарини тақмасдан туриб машинани ўт олдиргани учун имтиҳондан ўта олмади.

Ўша пайтгача менда деярли 25 йиллик машина ҳайдаш тажрибаси борлигига қарамай, биринчи уринишдаёқ имтиҳондан ўтишим учун жиддий ҳаракат қилишимга тўғри келганди.

 Дубайда биринчи уринишда имтиҳон топширганларнинг кўпи билан учдан бири ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши мумкин. Имтиҳондан ўта олмаганлар яна қайта тўловни амалга оширишлари ва ўқув курсини қайта ўқишлари керак бўлади.

Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиб, шахсий машинамни сотиб олиб, Дубай магистраллари ва кўчаларининг қийин ва гавжум чорраҳаларидан ўта бошлаганимда, имтиҳонларга нима учун бунчалик жиддий ёндашиш кераклигини тушунгандим.

Барчага хавфсиз саёҳатлар тилайман”, деб фикрини якунлайди Зафар Ҳошимов.

Эслатиб ўтамиз, 26 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев  йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ва авария ҳолатлари кескин ошаётганига эътибор қаратди.

Президент ҳайдовчилик гувоҳномаси олишда порахўрлик одатий ҳолга айланганини танқид қилди.

“Шу ўринда, бир муҳим масалага барчанинг эътиборини қаратмоқчиман. Ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди. Мана биз ўқиганмиз, уч йил ўқитарди. Ҳозир 3 ой ўқияпти, яна бормасдан гувоҳнома оляпти. Нима, Ўзбекистонда қонун йўқми? Шунинг учун, авариялар сони соат сайин ошиб бормоқда. Агар биз ўзимиз тан олмасак, чора кўрмасак, давом этаверади.

Бу муаммони бартараф қилиш учун, Давлетов, Бобожонов, Йўлдошев, аввало ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, иккинчидан, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш “жинояти”га қарши жазони кучайтириш бўйича бир ой муддатда қонунчиликка қўшимча киритиш юзасидан таклиф киритсин”, дея қатъий талаб қўйди давлат раҳбари.

3 февраль куни ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Тошкент имтиҳон маркази тақдимоти бўлиб ўтди. Янгиҳаёт туманида жойлашган мазкур имтиҳон маркази – ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳон ўтказиладиган Ўзбекистондаги илк автоматлаштирилган комплекс ҳисобланади.

Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаевнинг сўзларига кўра, бу каби марказларда имтиҳонлар тўлиқ инсон омилидан холи тарзда, автоматлаштирилган электрон тизим орқали қабул қилинади. Бу эса ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топшириши жараёнидаги коррупцион ҳолатларга чек қўяди.

Мавзуга оид