Ўзбекистон | 17:04 / 16.02.2022
1349
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда 11,9 млрд сўмлик илмий лойиҳалар молиялаштирилган

Фото: KUN.UZ

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида Қорақалпоғистон Республикасида умумий молиялаштириш ҳажми 11,9 млрд сўм бўлган 10 та илмий лойиҳа молиялаштирилган. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар бермоқда. Юқоридаги маблағлардан 10,6 млрд сўмлик 9 та амалий ва 1,1 млрд сўмлик 1 та инновацион лойиҳа бажарилмоқда.

Маълум қилинишича, 2019-2022 йилларда Қорақалпоғистондан 27 нафар ёш олим етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юборилган. Бунинг учун 491,9 млн сўм маблағ молиялаштирилган. Шу жумладан, Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг 6 нафар ходими 2019 йилда Бирлашган Араб Амирликларининг Қурғоқчилик шароитида биодеҳқончилик халқаро марказига (ИCБА) стажировкага юборилган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда жойлашган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг 22 нафар ёш олимлари саралаш танловлардан ғолиб деб топилиб, уларни 2022 йилда Россия, Беларус, Япония каби давлатларга илмий стажировкага юбориш режалаштирилган.

2020-2021 йилларда Қорақалпоғистондаги илмий тадқиқот институтларига 3 турдаги умумий қийматда 396 минг долларлик замонавий илмий лаборатория асбоб-ускуналари хариди амалга оширилган. Қорақалпоғистон табиий фанлар илмий тадқиқот институтига 75 минг долларлик «Рентгенофлуорессент энергодисперцион спектрометр» ускунасини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимига хариди кўзда тутилган 247 минг АҚШ долларлик «Рентген дифрактометри» ва 74 минг АҚШ долларлик «Юқори самарали суюқлик хроматограф»ускуналарини етказиб бериш ишлари давом этмоқда.

Бундан ташқари, Оролбўйи халқаро инновация маркази ва Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда «Экофизиологик тадқиқотлар лабораторияси»ни жиҳозлаш юзасидан 5 турдаги 200 512 долларлик илмий лаборатория асбоб-ускуналар харид қилиниши кўзда тутилган. Ҳозирги кунда, мазкур илмий лаборатория асбоб-ускуналар рўйхати маъқулланган ва харид қилиш ишлари ташкил этилмоқда.

Мавзуга оид