Украина инқирози: Ғарб Россия чекинганига ишонмаяпти
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс ҳозирча Москванинг кескинликни юмшатиш томон реал қадам ташлагани тасдиқланмагани - россиялик ҳарбийларнинг Украина чегараларидан олиб кетилганининг нишоналари кўринмаганини айтди. Украина президенти Владимир Зеленский ҳам шундай фикрда. Аввалроқ Россия раҳбарияти ҳарбийларнинг бир қисми машғулотларни якунлаб, доимий жойлашув манзилларига қайтаётганини маълум қилганди, шунингдек, Ғарб билан келишмовчиликни дипломатик йўл билан ҳал қилиш борасидаги уринишларни давом эттириш нияти билдирилганди.
«Биз Москвадан дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёрликлари ҳақидаги сигналларни эшитдик, бироқ ҳозирча воқеалар жойида деэскалациянинг қандайдир белгиларини кўрмадик. Аксинча, афтидан, Россия ўз ҳарбий салоҳиятини оширишда давом этмоқда.
Биз улар ҳарбийлари сонини кўпайтираётгани ва кўплаб ҳарбийлар йўлда келаётганини кузатмоқдамиз. Биз воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёрмиз», деди Столтенберг чоршанба куни альянс мудофаа вазирлари билан учрашув олдидан.
Столтенбергнинг бу сўзларига жавобан Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков шундай деди: «Эҳтимол, НАТОда вазиятни баҳолаш тизимида гандикап мавжуд. Бу эса НАТО вакилларига вазиятни ҳушёрлик билан баҳолашга имкон бермаяпти.
«Очиғини айтганда, Ғарбдагиларнинг бундай жазавалари табиати шуни кўрсатдики, катта эҳтимол билан кульминация ҳали олдинда. Ремиссия (касаллик аломатларининг заифлашуви) дарҳол бўлмайди, биз сабр қилишда давом этишимиз керакка ўхшайди», деган Песков ва ўтган тунда Кремлдагилар «хотиржам ухлашгани» ҳақида қўшимча қилган.
АҚШ Давлат департаментидагилар ҳам чегарадаги вазият бўйича хавотирлар камаймаганини айтмоқда. «Биз аслида фақат эскалация»ни кўрмоқдамиз», деди идора матбуот котиби Нед Прайс ва АҚШдаги маълумотларга кўра, чегарага янги кучлар олиб келиниши давом этаётганини қўшимча қилди.
Зеленскийнинг BBC учун интервьюси
Киевдагилар ҳам рус қўшинларининг олиб кетилганининг аломатларини кўрмаяпти. Бу ҳақда президент Владимир Зеленский BBC мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Тўғрисини айтсам, биз бор воқеликка муносабат билдирамиз, ҳозирча эса ҳеч қандай чекинишни кўрмадик. Биз бу ҳақда фақат эшитдик. Ўйлайманки, барча нормал одамлар деэскалацияни кутишмоқда. Таҳдидларга келадиган бўлсак, мен кўп бор айтдимки, биз ҳар қандай таҳдидга хотиржамлик билан муносабатда бўламиз, чунки биз барчаси кечагина бошланмаганини биламиз. Бу кўп йиллардан буён давом этиб келмоқда. [...] Қачонки ҳарбийлар олиб кетилса, буни барча кўради. Фақатгина разведка ёки ҳарбийлар эмас, биз барчамиз бунга гувоҳ бўламиз. Аммо ҳозирча булар бари қуруқ баёнотлар», деган Зеленский.
Сешанба куни Москва Беларусь ҳарбийлари билан машғулотларда иштирок этган Ғарбий ва Жанубий ҳарбий округларнинг ҳарбий бўлинмалари ўз ҳарбий гарнизонларига қайта бошлагани ҳақида хабар қилганди. Машғулотларнинг бир қисми якунланиши ҳақида Путин қабулида ҳисобот берган мудофаа вазири Сергей Шойгу қолган машғулотлар ҳам тез орада якунланишини билдирганди.
Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, ҳарбийлар ва техникалар Қримдан (2014 йилда Россия томонидан босиб олинган) ортга қайтарилмоқда. Бу қисмлар доимий жойлашув манзилларига, жумладан Доғистон ва Шимолий Осетияга қайтади.
Аммо Conflict Intelligence Team суриштирув гуруҳи асосчиси Руслан Левиев твиттерида ёзишича, Россия мудофаа вазирлигининг баёнотида айтилган қисмларнинг доимий жойлашув манзиллари Украина чегаралари яқинида - яъни улар Қримдан Украина чегараси томон қайтарилган. «Бу кулгили, уларнинг базалари айнан Украина билан чегарада. Яъни қўшинлар Украина чегараси томон олиб кетилган», дея ёзади Левиев.
Таҳлил: сиёсий-ҳарбий театр
Пол Адамс, BBC дипломатик корреспонденти
Бу инқирозга театр саҳна кўриниши сифатида қараш мумкин. Саҳнага турли актёрлар чиқишади. Монологлар ва турли ноаниқ мулоҳазалар янграйди, уларни турлича талқин қилиш мумкин бўлади.
Биз барчамиз сеҳрлангандек рус қўшинларининг ҳаракатларини кузатамиз ва доимий равишда ўзимиздан бу ёки у кадрлар нимани англатишини сўраймиз.
Бу театр режиссёри Россия президенти Владимир Путинга эса айнан шу керак. У барчамиз жумбоқ ичида қолишимизни истайди.
Катта эҳтимол билан, Қрим кўприги орқали Керч бўғозини кесиб ўтаётган россияликларнинг оғир техникалари тасвирлари барча умид қилаётган деэскалациядан нишондир.
Аммо, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг айтганидек, ҳозирча сўнгги воқеалар нимани англатиши ҳақида ишончли прогнозлар қилишга эрта.
Украина чегаралари атрофида ҳамон жуда кўп рус ҳарбийлари қолмоқда - улар шундай жойлаштирилганки, Ғарб давлатлари разведка хизматлари содир бўлаётган воқеаларни босқинга тайёргарлик кўриш сифатида талқин қилиши мумкин бўлади.
Бу шундай босқин бўлиши аниқ эканини англатмайди. Аммо Кремлдагилар қандайдир тажовузкор ният йўқлигини такрорлашса ҳам, Путинни атрофдагиларнинг барчаси бу спектаклда катта жанг саҳнасини кутиш ҳолатида бўлиши тўла қаноатлантиради.
Тан олинмаган республикаларни тан олиш масаласи
Песковнинг сўзларига кўра, Владимир Путин аввалроқ Коммунистлар партиясининг бир гуруҳ депутатларининг Давлат думасига Украина шарқидаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган руспараст республикаларни тан олиш масаласидаги мурожаатини «маълумот учун қабул қилгани»ни билдирди. Воқеалар ривожи қандай кечишига Песков аниқлик киритмаган.
«Бу борада қандайдир аниқ регламент мавжуд эмас. Мурожаат президентга етказилди, у буни маълумот ўрнида қабул қилди», деган у.
Песков Россия тан олинмаган Луганск халқ республикаси ва Донецк халқ республикасини тан олиши Минск келишувларини бузиши ҳақидаги фикрларга қўшилишини билдирган. Аммо шу билан бирга Путин учун Донбассдаги вазиятни тартибга солишдаги асосий вазифа «Минск чора-тадбирлар пакетини амалга ошириш» эканини эслатиб ўтган.
Шу билан бирга у Киевнинг Донецк ва Луганск аҳолисига Россия паспортларининг берилиши келишувларни бузиши ҳақидаги айбловларни рад этган. «Ушбу амалиёт Минск келишувларини бузиш ҳисобланмайди, шунчаки мазкур қисқа ва етарлича аниқ матнни бир марта ўқиб чиқиш кифоя. Шу сабабли ушбу айбловлар асоссиз», дейди у.
Кремль расмийси Россия Донбасс аҳолисига «гуманитар сабабларга кўра» — «уларни ўз ватани рад этгани учун» паспорт бераётганини қайд этган.
Аввалроқ Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба Москва томонидан ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларнинг тан олиниши Минск келишувларидан чиқиш ҳисобланишини айтганди.
Минск келишувлари сўнгги бор ўтган ҳафтада «Норманд формати»да (Россия, Украина, Франция ва Германия) сиёсий маслаҳатчилар даражасида муҳокама қилинганди. Бу музокаралар натижасиз якунланган.
Украина Бирдамлик кунини нишонлади
Чоршанба куни Украинада Бирдамлик куни нишонланди - президент Владимир Зеленский икки кун олдин Россия Украинага босқин бошлаши тахмин қилинган 16 февраль санасини Бирдамлик куни сифатида эълон қилганди.
У Россия босқини юз бериши тахмин қилинган кунда украиналикларга мурожаат йўллади: «Буюк Украинанинг буюк халқи, хайрли тонг! Бугун муҳим кун — барчамиз бирлашадиган кун. Ҳаммамиз ҳар хилмиз, ёшимиз, жинсимиз ҳар хил, турли шаҳарларданмиз, турли касб эгаларимиз, истеъдодимиз, билимларимиз, тилимиз, динимиз турфа хил. Лекин бизни ягона истак — яшаш истаги, тинч-тотув яшаш, оила бағрида, фарзандлар, ота-оналар билан бахтли яшаш истаги бирлаштиради. Ва буларнинг барчасига ҳаққимиз бор. Чунки биз ўз уйимиздамиз, Украинадамиз. Ҳеч ким уйимизни биз севгандек севмайди. Фақат ўзимиз биргаликда уйимизни ҳимоя қила оламиз, бошқа ҳеч ким. Бирлик куни билан, кўк-сариқ, Бирлик куни муборак, Украина! Шарқ, Ғарб, Жануб, Шимол фақат бирга янграйди, бирга лекин кучли янграйди».
Шундан кейин Зеленский Донецк областидаги Киев назоратида қолган Мариуполь шаҳрига йўл олди ва бу ердаги ҳарбийлар билан учрашди. Мамлакатнинг энг бадавлат кишиси, ОАВда у мамлакатдан қочиб кетгани ҳақидаги хабарлардан кейин 16 февраль куни қайтган Ринат Ахметов ҳам шу ерда яшайди.
Шу куни украинлар кўчалар бўйлаб улкан миллий байроқларни кўтариб ўтишди.
Мавзуга оид
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
10:42 / 08.11.2024
Зеленский Будапештда РФга ён босмасликка чақирди
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
08:30 / 07.11.2024