Тошкентда чақалоқлар савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ қандай фош этилганди?
5 йил давомида Тошкентда 70 нафар чақалоқни олди-сотди қилган жиноий гуруҳ ҳақида эшитганмисиз? Пухта ташкил қилинган ушбу жиноий гуруҳ фаолияти билан танишар экансиз, бевосита филмлардаги воқеалар кўз олдингизга келади.
Фарзандсизликка “ечим”
Эри билан турмуш қурганига 4 йилдан ошган бўлса-да, ҳамон фарзандли бўлолмаётган Сайёранинг дили хира. Кўча-кўйда, қариндошлар орасида гўдагини етаклаб юрган келинларни кўрганида ҳар сафар Сайёранинг яраси янгиланади. “Мен ҳам вақтида фарзанд кўрганимда болам шулар қатори ўйнаб юрган бўларди”, деб хаёлидан ўтказади. Уйга келиб қилган йиғи-сиғиси ортидан эридан гап эшитади.
2009 йилнинг августидаги шундай кунларнинг бирида Сайёранинг ҳамкасби Моҳира унга бир таклиф айтиб қолди.
“Гапдан гап чиқиб, маҳалладошимиз Ҳабиба исмли аёлга сенинг фарзандсизлигинг ҳақида айтгандим. Шунда у муаммони ҳал қила олишини, сенга чақалоқ топиб бериши мумкинлигини билдирди”, - деди Моҳира.
Бошида таклифни жиддий қабул қилмаган Сайёра кейинроқ кун-у тун бола асраб олиш ҳақида ўйлай бошлади. Охири Ҳабиба билан гаплашиб кўришга қарор қилди.
Сайёра Ҳабиба билан аввал телефонда, сўнг шахсан учрашиб билдики, у кимнингдир мушкулини осон қилмоқчи бўлган меҳрибон аёл эмас, пул учун гўдакларни сотишдан тап тортмайдиган “тадбиркор” экан.
Аёлнинг “Ўғил десангиз, ўғил, қиз десангиз, қиз. Исталган хилидан қилиб берамиз”, дея хохолаб кулгани Сайёранинг қулоғи остида жаранглаб юрди. Танлаш учун қаторлаштириб қўйилган турфа хил чақалоқларни тасаввур қилган Сайёра даҳшатга тушиб кетди.
“Савдогарлар” қўлга олинди
“Йўқ, буни шундайлигича қолдириб бўлмайди”, - деди бу ерда бир қинғирлик борлигини сезган Сайёра.
Шу тариқа, у бу ҳақда МХХга хабар берди. Терговчи у билан тадбир ўтказишга келишиб олди.
Чақалоқ хариди масаласида ҳали аниқ бир қарорга келмаган Сайёра Ҳабибага телефон қилиб, сотиб олиш фикрига келганини маълум қилди.
Келишувга мувофиқ, томонлар 2009 йил 29 август куни Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Марказ-4 даҳасига етиб борди. Ёнида яна икки нафар шериги билан ҳозир бўлган Ҳабиба Сайёрага ўзларига тегишли бўлган, аслида бошқа бировнинг фарзанди бўлган 4,5 ойлик гўдакни топширди. “Товар” эвазига келишилган 3 минг АҚШ долларини санаб олган Ҳабиба учрашувни якунлаб, уйга қайтишга чоғланиб турган паллада махсус тадбир доирасида шериклари билан қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан Ҳабиба Жўраева ва бошқаларга нисбатан ЖК 135-моддаси (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилди.
13 кишилик жиноий гуруҳ
Гумон қилинувчи сифатида қўлга олинганларнинг кўрсатмаларидан маълум бўлдики, гўдакфурушлик билан бир, икки ёки уч киши эмас, каттагина уюшган жиноий гуруҳ мунтазам равишда шуғулланиб келган.
Гумон қилинувчиларнинг яшаш ва иш жойлари тинтувдан ўтказилганда қимматли ашёвий далиллар қўлга киритилди. Хусусан, жиноятга алоқадорликда гумон қилинган бошқа бир аёл – Дилбар Маъмурованинг уйида тинтув ўтказилганда, унга тегишли бўлган ён дафтар аниқланди. Ён дафтарда кимларга бола кераклиги, ким қачон туғиб, туғилган чақалоқни қанчага сотиши мумкинлиги каби қимматли маълумотлар қайд этилганди.
Ушбу маълумотлар асосида Тошкент тиббиёт академиясининг 2-клиникаси, 3-сонли туғуруқ комплексидан туғуруқ журналлари олиб қўйилди. Сотилган чақалоқларга туғилганлик ҳақида гувоҳномалар расмийлаштирилгани гумон қилиниб, ФҲДЁ бўлимларига жиноий гуруҳ аъзолари томонидан мурожаат қилинганлик эҳтимоли текширилди.
Натижада жиноий гуруҳ аъзоси, 3-сонли туғуруқ комплексида ҳамшира вазифасида ишловчи Дилдора Абдуллаева томонидан Тошкент шаҳри Собир Раҳимов (ҳозирги Олмазор) тумани ФҲДЁ бўлимидан 2005-2009 йиллар мобайнида ўзининг исм-шарифини “Ражабова Шарифа” деб ёздириб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар олиб кетганлиги аниқланди.
Шунингдек, сотилгани исботланган чақалоқларга гувоҳнома беришга асос бўлган ҳужжатлар Юнусобод, Собир Раҳимов, Мирзо Улуғбек туманлари ва Урганч шаҳар ФҲДЁ бўлимларидан олиб қўйилди. Ушбу бўлимлардан олинган ҳужжатлар ким томонидан тўлдирилганини аниқлаш мақсадида суд-хатшунослик экспертизалари тайинланди.
Экспертиза хулосаларига кўра, сотилган 18 нафар чақалоққа берилган туғилганлик ҳақидаги маълумотномалардаги имзолар 3-сонли туғуруқ комплекси бош шифокори Д.Гадоева томонидан бажарилмагани, сотилган 2 нафар чақалоққа берилган маълумотномалардаги имзолар 4-сонли туғуруқ комплекси бош шифокори Л.Пак томонидан бажарилгани, 32 дона туғилганлик ҳақидаги маълумотномалар 3-сонли туғуруқ комплекси ҳамшираси Дилдора Абдуллаева томонидан тўлдирилгани аниқланди.
Пухта режа асосида олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида гўдакфурушлик билан жами 13 нафар шахсдан иборат жиноий гуруҳ фаолият олиб боргани маълум бўлди.
Жумладан, Дилбар Маъмурова 4 ва 8-сонли туғуруқ комплексларида, Тошкент тиббиёт академиясининг 2-клиникасида, 1-сонли Тошкент шаҳар болалар шифохонасида юрист лавозимида ишлаганида, ўз мансабидан фойдаланиб, Тошкентнинг турли тиббиёт муассасаларида ишловчи шахслардан иборат бўлган ҳамда чақалоқлар олди-сотдисига ихтисослашган уюшган жиноий гуруҳ тузиб, унга раҳбарлик қилиб келган.
Д.Маъмурова бефарзанд оилаларнинг иложсиз аҳволдалиги ва фарзандли бўлиш учун ҳамма нарсага тайёрлигини билиб, чақалоқ савдоси билан шуғулланиш, туғуруқхоналарда ҳар хил сабаблар билан ўз фарзандидан воз кечаётган оналар билан гаплашиб, уларнинг фарзандларини яхши оилаларга бериш баҳонаси билан, чақалоқдан воз кечиш аризасини ёздирмаган ҳолда, туғилган чақалоқларнинг анкетасида оналари олиб кетганини қайд этиб, чақалоқларни олиб қолган ва харидорлар топилгунга қадар боқиб туриш режасини тузган.
У жиноий режасини амалга ошириш мақсадида бир неча муассасаларга юрист сифатида ишга кириб олган. Туғуруқхона юристи сифатида унинг вазифаларига ҳужжатларсиз келадиган аёлларни рўйхатга олиш, уларнинг шахсига аниқлик киритиш, фарзандидан воз кечмоқчи бўлган аёллардан ариза олиш ва тиббий муассаса раҳбарига тасдиқлатиб, тегишли ФҲДЁ бўлимларидан туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш, чақалоқларни “Гўдаклар уйи”га ўтказиш кабилар ҳам кирган.
2005-2007 йилларда Д.Маъмурова 4-сонли туғуруқ комплекси бош шифокори Л.Пак билан жиноий тил бириктириб, чақалоқларни яшириш ва уларни сохта ҳужжатларга асосан бошқа шахсларнинг номига расмийлаштириш билан шуғулланган.
2008 йилдан бошлаб эса даромад кўпроқ бўлиши учун мукаммал жиноий гуруҳ тузиш лозим, деган фикрга келади. Шу мақсадда у туғуруқхоналардаги оналари воз кечган чақалоқларни қонунчилик бўйича “Гўдаклар уйи”га жўнатмасдан, қонунга зид равишда кейинчалик сотиш учун ўз қарамоғига олиш мақсадида жиноий гуруҳни кенгайтириб, турли туғуруқхоналардан ходимлар жалб этади. Шу тариқа, у бир нечта туғуруқхонада чақалоқлардан воз кечиш ҳолатларини тўлиқ ўз назоратига олади.
Д.Маъмурова жиноий гуруҳ раҳбари сифатида ўзи ишлаётган туғуруқхоналарда чақалоғидан воз кечадиган оналарни чақалоқларини гўёки ўзлари билан уйга олиб кетаётгандай тиббий муассасадан чиқариб беришга кўндириш, туғишга келган вояга етмаган қизларни ҳуқуқ-тартибот органларидан яшириш, олинган чақалоқларни харидорлари топилгунча боқувчиларга тақсимлаб бериш, бола асраб олмоқчи бўлган аёлларни туғуруқхоналарга жойлаштириш билан шуғулланган. Шунингдек, у туғилганлик ҳақидаги маълумотномаларга сохта ёзувлар киритиб, харидорларга топшириш, жиноий фаолиятдан олинган даромадни тақсимлаш вазифаларини ҳам бажарган.
Жиноий гуруҳнинг яна бир фаол аъзоси Дилдора Абдуллаева ўз фарзандидан воз кечмоқчи бўлган аёлларни қидириб топиб, уларни фарзандларини топширишга кўндириш, оналари воз кечган чақалоқларга харидор қидириб топиш, улар билан учрашиб, музокаралар олиб бориш, чақалоқларни боқувчиларга етказиб бериш, уларни харидорларга кўрсатиш бўлган. Шунингдек, у харидор аёлларни туғуруқхонага жойлаштириш, маълумотномаларга харидорларнинг исм-шарифларини киритиб, сохталаштириб, турли ФҲДЁ бўлимларига тақдим этиш ва олинган гувоҳномаларни харидорларга етказиб бериш билан шуғулланган.
Шу тарзда жиноий гуруҳ аъзолари чақалоқдан воз кечган оналарни гўёки чақалоғини олиб кетган қилиб кўрсатиб, аслида туғуруқни расмийлаштирмасдан, туғилган чақалоқни харидор аёлга расмийлаштириш учун уни туғуруқхонага ҳомиладор аёл сифатида жойлаштириб, чақалоқнинг онаси сифатида харидор аёлга гувоҳнома тўғрилаб бериш, баъзида харидори топилмаган чақалоқларни боқувчиларга етказиб бериб, харидор чиққунга қадар уларни боқиб туриш, харидор топилиши заҳоти унга пуллаш билан шуғулланган.
Жиноят ва жазо
Шундай қилиб, дастлабки тергов якунида 13 кишидан иборат жиноий гуруҳ ўз фаолияти давомида жами 70 нафар чақалоқни олди-сотди қилгани далиллар билан исботланди.
Жиноий гуруҳ аъзоларининг ҳар бирига ЖК 135-моддаси 3-қисмининг “а”, “г” бандлари ва бошқа тегишли моддалари билан айблов эълон қилинди.
Иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилиб, суд ҳукми билан айбдорларга 8 йилга озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар тайинланди.
Аббос Салайдинов тайёрлади
Мавзуга оид
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
17:26 / 08.11.2024