Ўзбекистон | 08:26 / 25.02.2022
1260
2 дақиқада ўқилади

Бухорода ўтган йили жиноятчилик қарийб 50 фоизга ошгани маълум бўлди

Бухоро вилоятида 2021 йилда жами 5 267 та жиноят содир қилинган ҳамда 2020 йилга нисбатан 1 697 тага (47,5 фоизга) ошган. 2022 йилнинг январ ойида эса 172 та жиноят қайд қилиниб, уларнинг барчаси фош этилган.

Фото: prozahid.com

Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг тегишли қарорига кўра, амалга оширилган ишларга қарамасдан 2021 йилда вилоятда 5 267 та жиноят қайд этилган ва бунинг 100 минг аҳоли сонига нисбати ўртача 270 тадан тўғри келган. Ушбу даврда вилоятда содир этилган 436 та ЙТҲнинг 92 таси ўлим ва 344 таси жароҳатланиш билан якунланган.

2021 йилда содир этилган жиноятларнинг 3 035 таси ёки 57,6 фоизи Бухоро шаҳри, Ғиждувон, Бухоро, Шофиркон туманлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Криминоген вазиятга қараб вилоятдаги 544 та маҳалладан 18 таси қизил ва 18 таси сариқ тоифага ажратилган. Криминоген вазияти оғир 18 та маҳаллада муаммоларни оилавий ҳал қилиш бўйича сектор раҳбарлари томонидан дастурлар тасдиқланиб ижрога қаратилган.

2022 йилнинг январ ойида жами 172 та жиноят қайд этилган. Уларнинг 76 таси Бухоро, Когон шаҳарлари ҳамда Бухоро ва Қоровулбозор туманлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Қарорда тегишли масъулларга вилоятдаги йирик савдо мажмуалари, бозорлар, олий таълим муассасалари жойлашган гавжум кўчаларни ўрганиб, ушбу ҳудудларда максимал тезликни 60 км/с.гача тушириш чораларини кўриш топширилган.

Мавзуга оид