Ўзбекистон | 08:36 / 25.02.2022
1711
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда бизнесни ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқди

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 24 феврал куни Нукус шаҳридаги инвестиция лойиҳалари ситуацион маркази фаолияти билан танишди.

Қайд этилишича, бу муассаса бизнес лойиҳаларни шакллантириш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш бўйича яхлит тизим сифатида ишлайди. “Ягона дарча” тамойили асосида вазирлик, идора, ҳудуд ва ташкилотлар ўртасида тезкор ҳамкорликни таъминлайди.

Марказда учта – ҳудудий лойиҳа гуруҳи, стратегик ривожлантириш гуруҳи ва тадбиркорларга тезкор ёрдам гуруҳи бор. Шунингдек, Тадбиркорлар кенгаши бўлиб, лойиҳа гуруҳлари билан бирга янги ғоя ва таклифларни муҳокама қилади ҳамда уларга ишбилармонларни жалб этади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси мутахассислари ҳудудда имконияти бор лойиҳаларни ишлаб чиқиб, тайёр ҳолда аҳолига таклиф қилади.

Марказга етакчи саноат тармоқларининг вакиллари бириктирилган. Президентга Қорақалпоғистонда ушбу тармоқларда режалаштирилган лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.

Аввал хабар қилинганидек, Оролбўйи ҳудудини биргаликда ривожлантириш учун вилоят ҳокимликлари ҳам жалб этилган. Улар томонидан Қорақалпоғистоннинг ҳар бир тумани бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган. Марказда ушбу режалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу билан президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

Мавзуга оид