Жамият | 13:03 / 06.03.2022
48314
9 дақиқада ўқилади

Ҳаётий ҳикоя: Онам кундошининг икки фарзандини катта қилди

Нуфузли ташкилотда ишловчи аёл сўзлаб берган онаси тақдири ҳар қандай кишини ўйга толдиради. Бу ҳаётий ҳикоя аввало она матонатининг бепоёнлиги, қолаверса, шукронасининг мукофоти борлиги исботидир. Аёл учун умр йўлдошининг ҳаётида иккинчи инсоннинг борлиги фожиа бўлса, шу тақдирга кўниб, исён кўтармасдан, вақти келганида кундошининг фарзандларини ҳам бағрига олгани сизни ҳам бефарқ қолдирмас.

Фотоколлаж: Kun.uz

“Бахтли болалик нималигини жуда яхши биламан. Ҳавас қилса арзигулик оилада катта бўлганман. Ота-онам зиёли инсон бўлиш билан биргаликда, отам юқори лавозимда фаолият юритган. Онам табиатан оғир, босиқ, вазмин аёл эди. Дадам эса уларнинг мутлақо акси: жиззаки, инжиқ, таъби нозик инсон бўлган. Касб тақозоси уни шу ҳолга келтириб қўйган бўлса ажаб эмас.

Онам асли ўқитувчи бўлган. Аммо турмуш қургач, дадам унинг ишлашини истамаган. Шу сабабли уйда, уй-рўзғор ишлари билан андармон бўлишларига тўғри келган. Дадам тўнғич фарзанд бўлгани сабабли, оиладаги бор масъулият унинг елкасида эди: укаларини ўқитиш, уйли қилиш ва ҳатто ишга жойлашгача бош-қош бўлган. Беш ука ва уч сингил шу тарзда ўз ҳаётларини йўлга қўйишган.

Дадам ярим тунга қадар ишлар, аммо ҳар тун кириб, биз фарзандларнинг пешонамизни силаб, ўпиб қўйишни канда қилмасди. Улар биз учун фахрланишга арзигулик инсон эди, десам адашмаган бўламан.

Элас-элас эслайман. Бизнинг оилада тарбиявий усул ғоятда мураккаб, аммо намунага арзийдиган эди наздимда. Ҳайронман, дадам ҳеч қачон бизга уришиб, жеркиб ёки қовоқ солиб гапирмаган. Аммо негадир улар бизнинг бирорта хатомизни билса кечирмайди, деган тушунча бор эди мурғак юрагимизда. Чунки онам ҳар доим бир гапни такрорларди: “Дадангга айтиб бераман, бошқа чора қолдирмаяпсан...”

Ҳафта сўнгида онамга ялинишга тушардик, дадамга бизнинг айбимизни айтмаслигини илтимос қилардик. Яна шундай одат бор эдики, дадам ва мактаб ўртасида дафтар юритиларди. Дафтар устига “Ўқитувчи билан мулоқот” деб ёзиб қўйилар эди. У дафтарни ҳаёт-мамотимиз десам адашмаган бўламан.

Онам ўқишимизга нимагадир аралашмас, одатда жуда банд бўларди. Рўзғор катта, ташвиши ундан ҳам кўп. Ҳар якшанба уйимизда оилавий йиғинлар ташкил этиларди. Бундай базмлар учун алоҳида тайёргарлик кўрар эдик.

Бир гап айтсам балки ишонмассиз: оиламизда ҳеч қачон ота-онамизнинг уришганига ва ҳатто, бақириб гаплашишганига гувоҳ бўлмаганмиз. Чунки онам ҳаддан зиёд итоаткор аёл бўлган. Балки шунинг учун оилада тинчлик муҳити устун бўлган.

* * *

Яшиндек хабар оиламизни зирқиратиб ташлади. Ана шундай осуда кунларимизнинг бирида дадамнинг бошқа аёли борлиги ҳақида гаплар тарқалди. Дадам раҳбар, ҳамма танийди. Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам тез тарқаларди. Шов-шувлар авжига чиқди. Уйимиз эса негадир доимгидек сокин. Фақат онам қанақадир ғамгин кўринишда юрадиган бўлиб қолганини эслайман. Лекин дадамга муносабати доимгидек эди.

Миш-мишлар исботини топди. Ўша кезлар юқори синфда ўқир эдим. Уйда жанжал кўтардим. Онамни қўрқоқликда айбладим. У эса жим туриб, аралашмаслигим кераклигини айтди. “Дадангни қандай айблайман: уйга ўз вақтида келса, менга зулм қилмаса, болаларига меҳрибон ота бўлса... Рўзғоримиз тўкис”.

Ҳақиқатан ҳам уйимизда муаммо йўқ эди. Фақат онам тез-тез касалланар, дадам эса ундан вақтини ҳам, пулини ҳам аямас эди. Фақат хиёнати...

Ўша аёл ҳам бегона бўлмаган. Уйимизга келиб кетиб юрадиган котиба қиз эди. Турмуш шароити оғирроқ бўлгани учунми билмадим, ҳар ҳолда иккинчи аёл бўлишга рози бўлган. Кейинчалик уларнинг икки нафар фарзандлари борлигини эшитдим. Шуни аниқ биламанки, бу масала ота-онамиз ўртасида қолиб кетди. Ҳеч ким бунинг ҳисобини сўрагани ҳам йўқ.

Иккинчи синглим ўқишни битириб, дадам ишлайдиган ташкилотга ишга чиқадиган бўлди. У аёл ҳам ўша ерда ишларди. Шунда онам синглимга шунчалар узоқ насиҳат қилганки... “У аёлга дуч келасан. Ҳамманинг кўзи сенда бўлади. Қўлингни кўксингга қўйиб салом бер. Ҳурматини жойига қўй ва ҳеч нарсани сездирма”, дея таъкидлаган. Синглим барибир узоқ ишлолмади, ғурури йўл қўймади.

* * *

Йиллар ўтаверди. Тўсатдан дадамнинг ишлари юришмай қолди. Мол-давлат ҳам аввалгидек эмасди. Бир куни онам мени етаклаб, бир жойга бориб келишимизни айтди. Биз ўша аёлнинг уйига бордик. Дадам улардан хабар олмай қўйган экан. Буни онам қаердан билганини билмайман-у, аммо у аёл икки фарзанди билан ночор яшар экан. У онам билан анча гаплашиб ўтирди. Улар кундошлардек аламзада эмас, балки дардлашаётганга ўхшарди.

Онам болаларга майда-чуйда, пул берди. Яна келиб хабар олишини айтди. Мен ўша вақтлар пойтахтда ўқирдим. Қайтаётиб онамдан нега бу ерга келганини сўрадим. Онамнинг жавоби ҳалигача қулоғим остида жаранглайди: “Отангни шу норасидаларнинг уволи тутишидан қўрқаман. Менинг фарзандларим тўкинликда катта бўлса-ю, бу бечоралар чор-ночор ўсса, бунинг жавоби оғир бўлади. Қолаверса, болада нима айб?”

Уйга қайтгач, онам дадамдан улардан хабар олишини сўраганини ҳам эшитганман. Дадам онамга у аёл ҳақида бемалол сўзлай оларди. Нима қилиш ҳақида маслаҳатлашарди ҳатто.

* * *

Турмушга чиқаётганимда келин кўйлагимгача дадам танлади. Орзу-ҳавас учун ўнта қизга етадиганини сарфлади. Бир куни ота уйимга келганимда ярим тунда дарвоза қаттиқ тақиллади. Дарвозани очган укамни дадамнинг иккинчи аёли итариб, уйга бостириб кирди. Остонада дадам, онам ҳайратда қараб туришарди.

Айтишича, уйнинг эгаси уларни чиқариб юборибди. Энди дадамдан уй талаб қилиб келибди. Онам ўша куни у аёлни бағрига босиб, роса далда берди. Аёл дадамни эртага кутишини айтиб, эшикдан чиқиб кетди. Бу пайтда дадамнинг имкониятлари чекланиб, рўзғорни аранг тебратаётган вақтлари эди. Фарзандлар улғайган, укаларим шартнома асосида ўқийди. Хуллас, унга уй олиб беришнинг иложи йўқ эди.

Эртасига дарвозани очсам, машинада икки гўдак: бири уч ва бири беш ёшлар чамасидаги укаларим турарди. Онаси уларни дадамга бериб юборибди. Дадам онамга олиб келди. Фарзандлар касалмандгина экан. Уларни катта қилгунча онам ниҳоятда қийналди, лекин умуман сездирмади. Болалар ҳам онамни она деб атай бошлашди.

* * *

Туғилганини ўзим билмаган укамга, у аёлнинг ўғлига суннат тўй қилдик. Дадам билан онам тўйхона эшигининг ёнида келди-кетдига қараб туришибди. Иккинчи аёл ҳам барча қариндошлари билан меҳмон бўлиб келди. Шунда улар кўришаётганда хаёлимда онам қалқиб кетгандек бўлди, лекин тўй охиригача сездирмади, мардона туриб берди.

Мен ҳам бир фарзандли эдим ўша вақт. Ҳар ҳолда кўп нарсани тушуниб қолгандим. Аммо онам ўша куни қийналди. Лекин буни сездирмади. Тўйда у аёлнинг онаси сўз олди. “Қизимнинг гуноҳи учун шу аёлнинг олдида тиз чўкаман” деб онамни қучоқлаб роса йиғлади. Нафақат у, балки тўйхонадаги ҳамма кўзига ёш олди.

Бугун болалар онамда. Ўзларининг онасини билишади, бориб туришади. Уларнинг онаси ҳам доим келиб онам билан дардлашиб кетади. Дадам билан муносабати узилиб кетган. Ҳаётида кимдир борми, йўқми билмайман.

Бугун дадам онамсиз ҳеч қаерга боролмайди. Жуда суяниб қолишган. Онам эса ҳалиям дадамни айбламайди. Энг яхши эр, энг яхши ота деб ҳисоблайди. Дадам ишга кетгунича онам доим коридорда, дадамнинг туфлисини ўнг қилиб, кетишга шай қилиб кузатади. Дадамнинг овқатланиш тартиби бор. Уни келинларга ишонмайди онам. Дадамнинг хизматини ўзидан бошқага қилдирмайди...

* * *

Яқинда ўша укамизнинг туғилган куни бўлди. Онам бир кун олдин болани онаси олдига етаклаб борди. Йўлдан торт, майда-чуйда олди. Хуллас, онасининг олдида нишонлаб, болани олдига олиб бориб, яна ортга қайтди. Эртасига оиламиз даврасида биз нишонладик. Шунчаки, ўз онасининг бизнинг даврага келолмаслигини билгани учун онам шу ишни қилган эди...

Аброр Зоҳидов ёзиб олди.

Мавзуга оид