Тошкентда Мatiz ҳайдовчиси инспекторнинг тўхташ ишорасига бўйсунмай қочиб кетишга уринди
Тошкент шаҳрида ўтказилган тунги рейд тадбири давомида Мatiz русумидаги автомобил ҳайдовчиси инспекторнинг ишорасига бўйсунмасдан қочиб кетишга уринган. Натижада машина мажбурий тартибда тўхтатилган.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲҲБнинг маълум қилишича, Учтепа туманининг Лутфий – Ширин кўчалари кесишган чорраҳада Маtiz русумидаги автомобил ҳайдовчиси йўл ҳаракати хизмати инспекторининг жизель орқали тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмай, қочиб кетишга уринган. Ушбу автомобил кейинги чорраҳада Тошкент шаҳар ИИББ махсус хизмати ходимлари томонидан мажбуран тўхтатилганда ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳеч қандай ҳужжатни тақдим эта олмайди.
UzReport телеканалининг “No Comment” дастури орқали эфирга узатилган тасвирларда ҳайдовчи мажбуран тўхтатилганидан кейин ҳам инспекторнинг қонуний талабларига бўйсунмагани, кимларгадир қўнғироқ қилиб вазиятдан чиқиб кетмоқчи бўлганини кўриш мумкин.
“Ҳужжатларим ёнимда йўқ. [Аёлимнинг] мазаси бўлмаётгани учун шошилиб кетаётгандим. [Инспектор] мени тўхтатганларини кўрганим йўқ”, дейди ўзини Иззат дея таништирган ҳайдовчи.
“Агар ҳайдовчи тўхташ ҳақидаги ишорамизга бўйсуниб тўхтаганида ва вазиятни тушунтирганида, яъни аёли тиббий ёрдамга муҳтож эканини айтганида, йўл патрул хизмати машинасида ушбу машина энг яқин масофадаги шифохонагача кузатиб бориларди. Ҳозирги вазиятда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари йўқлиги ва қонуний талабимизга бўйсунмагани учун маъмурий баённома расмийлаштирилади ва автомобил жарима майдонига жойлаштирилади”, дея тушунтириш берди йўл ҳаракати хизмати инспектори.
Аввал ҳам Тошкент шаҳрида “Хавфсиз пойтахт” концепцияси асосида ўтказилган тунги рейд тадбирлари давомида инспекторнинг тўхташ ишорасига бўйсунмай, қочиб кетишга уринган Gentra, Malibu ва Mercedes ҳайдовчиларига нисбатан қонуний чора кўрилган эди.
Мавзуга оид
12:28
Тошкентда ноқонуний ташқи рекламаларни олиб ташлаш бўйича рейд ўтказилди
07:30 / 20.05.2024
Фарғонада ўтказилган рейдда 65 та совуқ ва 9 та пневматик қурол топилди
12:45 / 05.12.2023
Наманганда ҳам рейдлар: 13 та қурол, минглаб психотроп ва гиёҳвандлик моддалари топилди
07:26 / 05.12.2023