Ўзбекистон | 15:04 / 12.03.2022
13822
4 дақиқада ўқилади

Антимонополия қўмитаси аравакашлар билан боғлиқ шов-шувга муносабат билдирди

Баёнотда таъкидланишича, қўмита томонидан аравакашлар фаолиятини тартибга солиш ва ўрганиш ўтказиш режалаштирилмаган.

Антимонополия қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жўрабек Туробов Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 7 март куни бўлиб ўтган сессиясида сўзга чиқиб, бозорлардаги аравакашларга кўрсатилган хизмат учун тўловни нақд пулсиз шаклда ундириш мақсадида терминал ўрнатилган назорат нуқталарини ташкил этиш, харидорларга араваларни ижарага бериш хизматини жорий этиш, аравакашларга хизмат ҳақининг соатбай тўланадиган тарифларини ишлаб чиқишни таклиф қилганди.

У Kun.uz билан суҳбатда мазкур масала кенгаш сессиясида кўтарилишига бозорда аравакаш билан низолашиб қолган бир депутатнинг сўров киритиши сабаб бўлганини айтганди.

Антимонополия қўмитасининг баёнотида Тошкент бозорларидаги аравакашлар фаолиятини тартибга солиш ташаббуси маҳаллий депутатларнинг биридан чиққанига урғу берилган.

“Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг депутатларидан бирининг сўровига асосан жорий йил 25 февраль куни Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгашининг 57-сессиясида Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига Тошкент шаҳри бозорларидаги арава хизматлари ва кўрсатилган хизмат учун хақ олиш юзасидан масалани ўрганиш топширилган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент шаҳар худудий бошқармаси бошлиғи Ж.Туробов мазкур масалани ўрганиб, тасвирларда кўрсатилганидек ҳисобот берган.

Бундан ташқари, бозорларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулайликлар яратиш мақсадида бозорлар маъмуриятлари томонидан араваларни ижарага бериш вазифаларини такомиллаштириш юзасидан у ўз фикрларини билдирган”, дейилади қўмита баёнотида.

Қўмита республика бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш ва хизматлар кўрсатиш Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш” қоидаларига мувофиқ бозор маъмурияти томонидан амалга оширилишини эслатган.

“Қўмита томонидан аравакашлар фаолиятини тартибга солиш ва ўрганиш ўтказиш режалаштирилмаган”, дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Антимонополия қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жўрабек Туробов қуйидагиларни амалга оширишни таклиф этганди:

  • “Муниципал активларни бошқариш маркази” ДУК билан биргаликда аҳолига бозорларда арава хизматларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида бозор ҳудудида араваларни назорат қилиш нуқталарини ташкил қилиш ҳамда уларни тўлов терминаллари билан жиҳозлаш;
  • арава хизмати учун тўловларни нақд ёки нақдсиз кўринишда амалга ошириш имкониятини яратиш;
  • бозорлар ҳудудида худди супермаркет ва йирик савдо мажмуаларида бўлгани сингари харидорларнинг ўзлари фойдаланиши учун араваларни ижарага беришни йўлга қўйиш, шунингдек, ижарага бериладиган араваларни жойлаштиришнинг техник ва молиявий томонларини кўриб чиқиш;
  • арава хизмати тарифларини соатбай ишлаб чиқиш;
  • арава хизмати кўрсатилаётган ҳар бир фуқаро берилган махсус рақамлар орқали тўловларни амалга оширишини йўлга қўйиш.

Жўрабек Туробов Kun.uz билан суҳбатда бу масала депутатлик сўрови ортидан сессия кун тартибига киритилганини таъкидлаганди.

Унинг таклифлари, умуман, Тошкент шаҳар кенгаши депутатининг аравакашлар фаолияти бўйича юборган депутатлик сўрови ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга учради. Интернет фаоллари ва блогерлар ечимини кутаётган қатор масалалар кўтарилганда лом-мим демайдиган масъулларни бозорлардаги аравакашлар фаолиятини тартибга солиш ҳақида жонбозлик кўрсатиш ўрнига уларнинг муаммоларни ҳал этиш ҳақида бош қотиришга чақиришган.

Мавзуга оид