Месси «чўққиси»
Парижликларнинг Мадриддаги мағлубияти, сўнг, Франция чемпионати навбатдаги турида Месси, Неймар каби футболчиларга қарата ҳуштакбозликлар, умуман айтиш мумкинки, Месси ўз фаолиятидаги энг ёмон мавсумини ўтказмоқда ва ҳатто унинг Барселонага қайтишни истаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Ҳозиргина «Futbol TV»даги студияда қизиқ баҳс бўлди – мабодо Месси «Барселона»га қайтса, жамоага фойда келтирадими, йўқми?
Албатта, майдонда унинг ўрни беқиёс, голлар уради, бошқаради, кучайтиради, аммо шу ҳолатда ҳозир гўёки яхши йўлга тушиб қолган Хави жамоасига халақит бермасмикин..?
Шунақароқ фикрлар ҳам янгради ва олдимизда Роналдунинг «МЮ»га қайтиш ҳикояси турибди – португалиялик футболчининг қайтиши қайсидир маънода Сульшер лойиҳасини бузди ва якунда мураббий истеъфоси билан тугади. Мисол жудаям ўринли ва ҳаммаси яққол. Тўғри.
Лекин бошқа фикр бор.
Гап шундаки, Роналдунинг келиши «МЮ»даги кутилмаларни бир поғона юқорига кўтариб қўйди. Яъни, «МЮ» АПЛ чемпионлиги учун курашиши, Чемпионлар лигасида фаворит бўлиши керак. Мақсад шунақа бўлиши лозим. Сульшер энди мана шу «планка»га мос келмай қолди ва кетди. Зеро олдинги мавсумларда ҳам омадсиз даврлар етарлича бўлган. Англияда пешқадамдан 20 очко ортда бўлса-да, 2-ўринни олиш, Европа лигаси бўлса-да, «Вильярреал»дан бўлса-да, ютқазиш «МЮ» учун кечиримли ва ҳатто ижобий ҳолат сифатида баҳоланиши мумкин бўлиб қолганди.
Роналду келди ва масала кўндалангроқ қўйилди – бу жамоа барча турнирларда чемпионлик учун курашиши шарт. Тўғри, ҳозир курашмаяпти, аҳвол бадтарроқ, аммо кутилма ўшандай турибди, шунинг учун Сульшер истеъфога чиқди, шунинг учун Рангник ҳам кетади.
Эсингиздами, Португалия миллий жамоаси таркибидаги футболчилар? Куарежма, Пепе, Эдер, Моутиньо... Бу футболчилар Европа учун ўртамиёна, Еврода ҳар қандай соврин ҳам бемалол қаноатлантириши мумкин бўлган паллада «Олтин тўп» учун курашиб юрган Роналду Португалияни чемпион қилганди. Ўйини билан кучайтиришдан-да кўпроқ, айнан жамоа даражасини, кутилмани бир поғона юқорига кўтарган эди.
Мессига қайтамиз.
Ҳа, Хавининг «Барселона»сига гап йўқ. Жуда чиройли ўйнаяпти, кўп голлар уряпти. Ишонаман, бу жамоага Мессининг қўшилиши қаердадир зарар келтиради, прессингни камайтиради, кимдирлар захирада қолиб кетади, қўшиламан.
«Арсенал», «Вулверҳэмптон», «Лион», «Севилья» сингари клубларнинг собиқ футболчилари Ла Лигада ўша «Севилья»ни ёки «Бетис»ни таъқиб қилишни ёки Европа лигасида фаворит бўлишни зўр эплаб бермоқда. Қойил. Аммо...
«Барселона» либосини кийишнинг ўзи катта байрам бўлган бу ижрочилар индинга Чемпионлар лигаси яримфиналидаги мағлубиятдан сўнг, йиғлай олармикинлар? Уларнинг чўққиси «Барселона»нинг етакчи футболчиси бўлиб қолишдами? Ёки бутун Европани забт этолмаслик уларнинг ҳам бошини эгиши мумкинми?
Месси «Барселона»га айнан шуни тақдим этади. Қайтаради. Бошқача «Барселона» бизга керак эмас.
Қаҳрамон Асланов
Мавзуга оид
13:34
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
12:52 / 27.10.2024