Чорсу бозоридан лавҳа: аравакашлар терминал орқали хизмат кўрсатиш ҳақида нима дейди?
Депутат сўрови ортидан Антимонополия қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармасининг бозорлардаги аравакашлар хизмати учун тўловни терминаллар орқали тўлаш ва улар оладиган ҳақ учун тарифлар белгилашни кўзда тутадиган таклифи оммавий мулоқот тармоқларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Фойдаланувчиларга кўра, қўмита бозорлардаги ҳимоясиз аравакашлар билан эмас, Ўзбекистон иқтисодиётини еб битираётган ва одамларни қашшоқлик сари етаклайдиган гигант монополиялар билан курашиши зарур.
Kun.uz мухбири Антимонополия бошқармаси кўтариб чиққан таклиф бўйича Тошкентдаги Эски жўва бозорида фаолият юритаётган аравакашлар фикри билан қизиқди.
«Шу фаолият орқали ҳозир кунига 100-120 минг сўм пул топаман. Аммо унинг ҳам олтмиш-етмиш минггини кунлик харажатларим: араванинг ижараси, овқатланиш ва яшаш уйимнинг ижара тўловига ишлатаман. Оиламга юбора оладиган кунлик тушумим эса 50-60 минг сўм.
Хизматимизга терминалларнинг кириб келиши эса бизга яна бошқа ноқулайликларни олиб келади. Бу бизга янги қийинчилик, уни шароитимиз кўтармайди», - дейди қашқадарёдан келиб ишлаётган Зубайдулла ака.
Билдирилган таклиф бўйича пойтахт бозорларида аравакашлик қилиб оила тебратаётган бошқа юзлаб аравкашлар ҳам айни фикрда.
Улар қишлоқларда иш топиш осон эмаслиги, аравакашлик фаолиятига терминал жорий қилиниши эса пойтахтга иш излаб келганлар аҳволини янада оғирлаштиришидан хавотирда.
Одил ака ҳам аравакашлик орқали Қашқадарёнинг Китоб туманидаги оиласини тебратади. «Ўз уйингга яқин жойда доимий иш бўлса-ку, бундан яхшиси йўқ. Аммо қишлоқда иш йўқ. Шунинг учун бу ердаман.
Бу ердаям осон эмас. Ишга эрталабки 4:00да келамиз ва кеч соат 16:00гача ишлаймиз. 12 соатлик иш.
Бу таклиф бизга «плюсь» эмас, фақат «минус» олиб келади», – дейди у.
Эски Жўва бозорининг арава хизмати раҳбари Аслиддин Азизов ҳам Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 7 март куни бўлиб ўтган сессиясида билдирилган таклифни пастдаги ҳақиқий аҳволни билмай, ўрганмай туриб билдирилган дея ҳисоблайди.
«Тушунмадим, аравакашлар арава судрасинми ёки терминал кўтариб юрсинми?», - дейди у.
Аравакашлар билан боғлиқ масала шов-шувларга сабаб бўлиши ортидан Антимонополия қўмитаси мавзу борасида ўз муносабатини билдирди ва ташкилот томонидан аравакашлар фаолиятини тартибга солиш ҳамда ўрганиш ўтказиш режалаштирилмаганини маълум қилди.
Аввалроқ қўмитанинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Kun.uz билан суҳбатда бу масала кўтарилишига бозорда аравакаш билан низолашиб қолган депутатнинг сўров киритиши сабаб бўлганини айтганди.
Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Шерзод Эгамбердиев.
Мавзуга оид
06:59 / 28.06.2024
Чорсу бозорида йирик ёнғин содир бўлди
15:48 / 12.01.2024
Фото: Чорсу бозорини пиёда айланган Буюк Британия элчиси ва ташқи ишлар вазири ўринбосари
12:42 / 18.12.2022
Орамиздаги одамлар: 74 ёшда арава тортиб, тирикчилик қилаётган отахон
15:04 / 12.03.2022