Жаҳон | 09:35 / 06.04.2022
10030
2 дақиқада ўқилади

Европа 48 соат ичида 200 дан ортиқ россиялик дипломатни чиқариб юборди

Германия ва Франция ортидан яна бир қанча Европа давлатлари россиялик дипломатлар чиқариб юборилишини эълон қилди. Дмитрий Песков бу чорани «калтабин қадам» деб атади.

Фото: Sean Gallup / Getty Images

Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари муносабати билан Европа давлатлари 48 соат ичида 200 дан ортиқ россиялик дипломатни чиқариб юборди. 5 апрель, сешанба куни Италия, Испания ва Словения Россиядан келган ўнлаб дипломатлардан мамлакатни тарк этишни сўради. Кремль буни қоралади ва жавоб чоралари кўришини эълон қилди

Франция ва Германия 4 апрель куни Россия қўшинларининг Буча шаҳрида содир этган ҳаракатларига жавобан ўнлаб россиялик дипломатларни чиқариб юборди. Германия ҳукумати 40 нафар дипломатни персона нон грата деб эълон қилди. Франция 35 нафар россиялик дипломатни мамлакатни тарк этишга чақирди. 

Худди шундай чоралар 5 апрель куни Европа иттифоқининг бошқа давлатлари томонидан ҳам амалга оширилди. Италия 30 нафар россиялик дипломатни чиқариб юборди. Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес мамлакатни тарк этиши сўралган 25 нафарга яқин россиялик дипломат «давлат манфаатларига таҳдид солаётгани»ни маълум қилди. Словения, Эстония, Руминия, Дания ва Швецияда ҳам Россия элчихоналари ходимларини чиқариб юбориш ҳақида кўрсатма берилди.

Ўз навбатида, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Россиянинг Европа иттифоқидаги 19 нафар вакилини «номақбул» деб эълон қилди. Россиянинг Европа иттифоқидаги доимий вакили Брюсселга чақирилди ва қарор ҳақида хабардор қилинди, деб хабар берди Боррел Страсбургда. Европа дипломатияси раҳбари ЕИдаги Россия ваколатхонасининг «ноқонуний» ва «қўпорувчилик» ҳаракатларини бунга сабаб сифатида келтирган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков дипломатларнинг чиқариб юборилишини «калтабин қадам» деб атади. Унинг таъкидлашича, «дипломатик ишнинг торайиши муқаррар равишда жавоб чораларига олиб келади». 

Мавзуга оид