Ўзбекистон | 15:49 / 18.04.2022
7105
3 дақиқада ўқилади

Бухоро давлат университети ўқувчиларга касб танлаш имкониятини тақдим қилди

Бухоро давлат университетида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни”да вилоятнинг турли ҳудудларидан 44 та умумтаълим мактаби, академик лицей ҳамда техникумлардан 2000 нафардан ортиқ битирувчи ва ота-оналар қатнашди.

Фото: БухДУ матбуот хизмати

Умумий ўрта таълим мактаблари фаолиятини такомиллаштириш, ўқувчиларнинг илм-фан ва касб-ҳунарга бўлган қизиқишларини кучайтириш, университет ва мактаблар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни”да Бухоро давлат университети фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Фото: БухДУ матбуот хизмати

Талабалар турар жойида яратилган шароитлар, ўқув зали, маънавият ва маърифат хонаси, спорт секциялари, фан ва бадиий ҳаваскорлик тўгараклари, маиший хизмат хоналари, “Заковат” ўйинлари ўтказиш учун ажратилган хоналар, “Беш муҳим ташаббус” йўналишлари бўйича тўгараклар фаолияти, кутубхона ҳамда талабаларга психологик ёрдам бериш хизмати фаолияти билан таништирилди.

Шундан сўнг Бухоро давлат университетидаги ҳар бир факультет декани ўз факультети фаолияти, салоҳияти юзасидан тақдимот қилди. Санъатшунослик факультети талабалари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.

“Журналист бўлишни орзу қиламан. Бугунги учрашувда журналистика йўналиши ҳақида жуда кўп фойдали маълумотларга эга бўлдим. Билдимки, бу соҳа БухДУда янги очилган экан, масъулиятли, шунинг баробарида фахрли касблардан бири бўйича таълим олиш имконияти Бухорода борлиги қувонтирди. Учрашувдан олган таассуротларим келгуси режаларимни тузишимда муҳим аҳамиятга эга”, дейди Бухоро шаҳридаги 39-ИДУМ ўқувчиси Шаҳноза.

Фото: БухДУ матбуот хизмати
Фото: БухДУ матбуот хизмати

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Бухоро давлат университетида 30 та бўлим ва марказ, 12 та факультет, 37 та кафедра фаолият юритиб келмоқда. Университетда 24336 нафар магистр-талаба таҳсил олади. Хорижий ҳамкорлар билан 13 та қўшма таълим дастури йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтда уларда 300 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Университет ҳузурида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи 14 та ихтисослик бўйича жами 8 та кенгаш фаолият кўрсатади. 2021 йилда университетда фаолият кўрсатаётган педагог ходимлардан 13 нафари фан доктори, 43 нафари фалсафа доктори диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди. 2022 йилда жами 60 нафар илмий педагог-ходимнинг докторлик диссертациялари ҳимояcи режалаштирилган.

Фото: БухДУ матбуот хизмати

БухДУ университети ректори Обиджон Ҳамидов бошчилигидаги мутасаддилар ўқувчиларга университетда янги ўқув йили учун абитуриентлар қабулига оид янгиликлар ҳақида тушунча беришди. Айтиш мумкинки, республика миқёсида энг кўп талаба таҳсил олаётган Бухоро давлат университетига “Очиқ эшиклар куни” муносабати билан қилинган экскурсия ўқувчиларнинг келажак режаларини белгилашида муҳим омил бўлади.

БухДУ матбуот хизмати

Мавзуга оид