Сирдарёда юк машинаси билан тўқнашган Cobalt ёниб кетди
Ҳодиса оқибатида Cobalt машинасининг олд ва салон қисми ёниб зарарланган.
Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, бугун, 2022 йил 18 апрель куни соат тахминан 07:35 ларда А-373 халқаро автомобил йўлининг Оқолтин тумани Сардоба шаҳарчаси худудидан ўтган 4-километрида юк машинаси ва Cobalt иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Фуқаро О.С. бошқарувида бўлган Cobalt юк машинаси билан тўқнашиб, ёниб кетган. Воқеа жойига зудлик билан Оқолтин тумани ФВБдан 2 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган ва тез фурсатда ёнғин тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида инсонларнинг ўлими ва тан жароҳати олиш ҳолатлари кузатилмаган. Фақат Cobalt машинасининг олд капот ва салон қисми ёниб зарарланган.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳодиса юзасидан ФВБ ҳамда ИИБ ЙҲХБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Жиззах вилояти Зафаробод туманида содир бўлган ЙТҲда Nexia-2 машинаси ва бир нафар фуқаро ёниб кетганди.
Шунингдек, 2022 йил 14 апрел куни Сурхондарё вилояти Ангор туманида содир бўлган ЙТҲда уч киши ёниб кетганди. Бундан ташқари, 2022 йил 3 апрел куни Термиз шаҳрида учта машина иштирокида содир бўлган ЙТҲда Cobalt ва унинг йўловчиси ёниб кетганди.