Ўзбекистон | 13:10 / 28.04.2022
4900
3 дақиқада ўқилади

Кўп квартирали уйлар бошқарув тизимларига солиқ имтиёзлари ва ваколатлар берилмоқда

Сенат ялпи мажлисида «Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилаётгани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Фото: Kun.uz

Мажлисда сўнгги беш йил давомида кўп квартирали уй-жой фондини сақлаб туриш ва улардан фойдаланиш соҳасида жами 37 мингдан ортиқ кўп квартирали уйлардан фойдаланишнинг техник хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини ўрганиш натижалари бўйича маълумот берилди.

Маълум қилинишича, 61 мингдан ортиқ ҳолатда кўчмас мулк эгалари томонидан уй-жой фонди ва унга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан қурилмалар барпо этилгани аниқланган. Бироқ ноқонуний қурилмаларни мажбурий тартибда бартараф этишга оид судларга аризалар тақдим этишда олдиндан давлат божи тўловини амалга ошириш белгилангани туфайли ушбу мазмундаги материалларни судларга тақдим этишда қийинчиликлар келиб чиққан.

Сенаторларга кўра, уй-жой мулкдорлари ширкатлари кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш бўйича ҳамда аҳолига бошқа хизматлар кўрсатилган ва ишлар бажарилган тақдирда, хизматлар кўрсатиш учун тегишли солиқ тўловларидан озод этилган бўлиб, бошқарув ташкилотлари фаолиятига нисбатан ушбу имтиёзлар татбиқ этилмаётгани турли келишмовчиларни юзага келтирмоқда.

Шу мақсадда ишлаб чиқилган ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Солиқ кодексига, Давлат божи тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, бошқарув ташкилотларига тегишли имтиёз ва ваколатлар берилмоқда.

Лекин мажлисда айнан қандай турдаги солиқ имтиёзи берилаётгани бўйича маълумот берилмади.

«Киритилаётган ўзгартиришлар – берилаётган имкониятлар, имтиёзлар, ваколатлар, чекловлар замирида биринчи навбатда аҳоли манфаатлари ётибди.

Кўп квартирали уйлар номи билан кўпчилик оилалар яшайдиган уйлар. Бир хонадондаги ўзгариш (деворларни бузиш, кенгайтириш, биринчи қаватдагилар қўшимча иморатлар солиши ва ҳ.к.) бошқа хонадонларга таъсир қилмай қолмайди.

Бефарқлик, масъулиятсизлик ва назоратсизлик сабабли мазкур масала кўп вақт эътибордан четда қолгани ҳам ҳақиқат. Энди аниқ жавобгарлик белгиланмоқда: мансабдорга ҳам, жисмоний шахсга ҳам», деди Танзила Норбоева.

Шунингдек, Сенат раиси қонун билан берилаётган солиқ имтиёзлари амалда уларнинг молиявий ҳолати яхшиланиши ва хизмат кўрсатиш сифати ошишига хизмат қилишини таъкидлади.

Мавзуга оид