Ўзбекистон ОАВ эркинлиги рейтингида 133-ўринда қайд этилди
“Чегара билмас мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг ҳар йиллик ОАВ эркинлиги индексини эълон қилди. Индексни юритиш методологияси янгилангани ортидан Ўзбекистон ўтган йилга қараганда 24 поғона кўтарилиб, 133-ўринга чиққан, шундай бўлса-да 2021 йилга нисбатан 3,5 баллга ёмонроқ натижа қайд этган. Кузатувчилар Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўйича “оғир” вазият сақланиб қолаётганини билдирган.
Индексда балларни ҳисоблаш методологияси ўзгаргани сабабли натижаларни 2021 йил натижалари билан таққослашда эҳтиёт бўлиш лозим, дейилади ташкилот расмий релизида.
Янги методологияга кўра, дунё мамлакатларидаги ОАВ эркинлигининг ҳолати беш хил индикатор: сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий-маданий ва хавфсизлик нуқтайи назарларидан баҳоланган.
Индексда мамлакатлар сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият “яхши”, “қониқарли”, “муаммоли”, “оғир” ва “жуда жиддий” гуруҳларга бўлинган. “Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўйича “оғир” вазият сақланиб қолаётганини қайд этган.
Ҳисоботда Ислом Каримовдан кейинги даврда Ўзбекистон сўз эркинлиги бўйича қатор ютуқларга эришгани эътироф этилиши баробарида, танқидий хулосалар ҳам билдирилган.
Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда ОАВ ва блогерлар устидан назорат ўрнатилган, телеканаллар асосан пропаганда билан машғул, расмий матбуот ёритолмайдиган мавзулар ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинади. Хулосада, шунингдек, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий 6,5 йилга қамалгани ҳам эслаб ўтилган.
Марказий Осиё барча давлатларининг рейтингдаги ўрни яхшиланган:
72. Қирғизистон (+7 поғона ўсиш)
122. Қозоғистон (+33)
133. Ўзбекистон (+24)
152. Тожикистон (10)
177. Туркманистон (+1)
Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов мамлакат матбуот эркинлиги индексида юқорилагани билан соҳа вакилларини қутлади.
“Чегарасиз репортёрлар" халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини бирдан 24 позицияга яхшилаб, 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилди.
Шу муносабат билан Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини жамоатчилик фикрини ифода этадиган “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш борасида қўйилаётган муҳим қадамларнинг натижаларидан бири бўлган ушбу катта муваффақият билан юртимиз журналистикаси, оммавий ахборот воситалари ва медиа соҳаси вакилларини табриклайман”, – дея ёзди Асадов Telegram-каналида.
“Қутблашувнинг янги эраси”
“Чегара билмас мухбирлар”га кўра, жаҳон миқёсидаги сиёсий қутбланиш жамиятнинг акси бўлган ОАВ фаолиятида ҳам яққол кўзга ташлана бошлаган. Журналистикада фейк хабарлар ва пропаганда кўпайиб бормоқда.
“Халқаро миқёсда очиқ жамиятлар ва ОАВни назорат қиладиган, демократияга қарши онлайн пропаганда урушини олиб бораётган деспотик режимлар ўртасидаги мувозанат бузилиши ортидан демократия кучсизланмоқда. Бу қутблашув зиддиятлар оловига ёғ сепмоқда”, – дейилади халқаро ташкилот хулосасида.
Таъкидланишича, демократик жамиятлардаги ички қутблашув айниқса АҚШ, Франция ва Полшада кўпроқ кўзга ташланмоқда.
Рейтингни ҳамон Норвегия бошқариб бормоқда. Кейинги ўринларни Дания ва Швеция банд этган. Бу йилги индексда собиқ совет республикаларидан Эстония ва Литва юқори ўнликка киргани эътиборга молик.
Рейтингдаги юқори ўнлик:
1. Норвегия (=0)
2. Дания (+2)
3. Швеция (=0)
4. Эстония (+11)
5. Финландия (-3)
6. Ирландия (+6)
7. Португалия (+2)
8. Коста-Рика (-3)
9. Литва (+19)
10. Лихтенштейн (+13)
Собиқ совет республикалари:
4. Эстония (+11)
9. Литва (+19)
22. Латвия (=0)
40. Молдова (+49)
51. Арманистон (+12)
72. Қирғизистон (+7)
89. Грузия (-29)
106. Украина (-9)
122. Қозоғистон (+33)
133. Ўзбекистон (+24)
152. Тожикистон (10)
153. Беларус (+5)
154. Озарбойжон (+13)
155. Россия (-5)
177. Туркманистон (+1)
Рейтингдаги сўнгги ўнликдан Сурия (171-ўрин), Ироқ, Куба, Вьетнам, Хитой, Мянма, Туркманистон, Эрон, Эритрея ва КХДР (180-ўрин) жой олган.
Мавзуга оид
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
19:55 / 06.08.2024
Ёш журналистлар жамият учун нега муҳим? Америкалик мактаб ўқувчисининг мулоҳазалари
20:01 / 26.06.2024
Шавкат Мирзиёев: “Танқидий материаллар мудраб ўтирган мутасаддиларни уйқудан уйғотмоқда”
14:46 / 09.06.2024