Иқтисодиёт | 17:39 / 07.05.2022
24727
2 дақиқада ўқилади

Солиқ тушумлари 17 фоизга ошди — ДСҚ

Фойда солиғи тўловчилар сони 22,8 мингтага, ҚҚС тўловчилар 19 мингтага, айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари сони 16,7 мингтага кўпайган.

Фото: Fotolia

Давлат солиқ қўмитаси 2022 йилнинг I чораги юзасидан солиқ тушумларига оид маълумотларни тақдим этди.

Йилнинг биринчи чорагида бюджетга солиқ даромадлари 34, 495,1 млрд сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 17 фоиз ўсиш қайд этилган.

Қўшилган қиймат солиғи бўйича тушум – 7,5 трлн сўмни ташкил этиб, умумий ўсиш 27 фоизга етди. Бу солиқ тури бўйича тушумлар ўсишида Навоий вилояти (93 фоиз), Тошкент шаҳри (86 фоиз) ва Фарғона вилояти (83 фоиз) етакчилик қилди.

Солиқ қўмитаси ҚҚС тушумларининг ошишини солиқ маъмурчилигининг рақамлаштирилиши орқали қўшилган қиймат занжиридаги узилишларнинг олдини олиш имконияти кенгайтирилгани билан изоҳлаган.

“Бундан ташқари, харид чеклари тақдим этилишини рағбатлантириш институтининг жорий этилиши кенг жамоатчилик фаоллигини ошириб, айланмадан олинадиган солиқ тушуми 1,3 баравар ўсди”, – дейилади хабарда.

Шунингдек, деярли барча солиқ турлари бўйича солиқ тўловчилар сони ошган. Хусусан, фойда солиғи тўловчилари 22,8 мингтага, ҚҚС 19 минг, айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари сони 16,7 мингтага кўпайган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Давлат бюджети даромадларининг салкам учдан бир қисми ОКМК ва НКМК ҳиссасига тўғри келиши кутилмоқда. Мазкур икки комбинатнинг бюджет шаклланишидаги ўрни 31,33 фоизга етиши прогноз қилинган.

Аввалроқ, гўшт, ўсимлик ёғи ва картошка импорти 2022 йилнинг охиригача қўшилган қиймат солиғидан озод этилгани эълон қилинган эди.

Жорий йилнинг апрел ойи охирида Давлат солиқ қўмитаси самарасиз ва алоҳида шахсларга берилган солиқ имтиёзларини бекор қилиш устида иш олиб бораётганини маълум қилганди.

Мавзуга оид