Ўзбекистон | 09:21 / 11.05.2022
60864
2 дақиқада ўқилади

Ангрен шаҳар ҳокими вафот этди

Нуриддин Абдураҳимовнинг вафотига бетоблик сабаб бўлган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Ангрен шаҳар ҳокими Нуриддин Абдураҳимов ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Нуриддин Абдураҳимов 11 май куни ҳаётдан кўз юмган. Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилишича, унинг вафотига бетоблик сабаб бўлган.

Маълумот учун, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида Ангрен шаҳрида янги масжидга илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтганди. Ушбу тадбирда Нуриддин Абдураҳимов ҳам қатнашганди.

Нуриддин Абдураҳимов 1978 йил Тошкент вилоятининг Пискент туманида туғилган, 1999 йилда Тошкент молия институтини молия ва кредит-банк иши мутахассислиги бўйича тамомлаган.

У меҳнат фаолияти давомида Давлат мулк қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази, "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси, Иқтисодиёт вазирлигида ишлаган.

Нуриддин Абдураҳимов 2018 йилда Ўзбекистон президенти ижро этувчи аппарати мамлакатни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш жараёнларини ахборот-таҳлилий таъминлаш шуъбаси етакчи консультанти бўлган. 2018-2022 йилларда президент администрациясининг Ижро этувчи аппарат таҳлилий материаллар тайёрлаш ва Администрация бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш сектори етакчи консультанти сифатида ишлаган.

У 2022 йилнинг январ ойидан буён Ангрен шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид