Ленд-лиз ҳақида: СССР АҚШ ёрдамисиз немисларни енга олармиди?
2022 йил 9 май куни АҚШ президенти Жо Байден Украинага енгиллаштирилган тартибда қурол-яроғ юбориш имконини берадиган ленд-лиз тўғрисида қонунни имзолади. Бундай қонун аввал бир марта — Иккинчи жаҳон уруши чоғида АҚШ ўз иттифоқчиларига ёрдам юбориши учун Франклин Рузвелт томонидан имзоланганди.
Инглизча lеnd ва lease сўзларидан олинган атама қарзга ва ижарага бериш, деган маънони англатади. Бу қонун одатда қурол сотишда учрайдиган бюрократик тўсиқларни чеклаб ўтиш имконини беради. Илк ленд-лиз ҳақидаги қонун Иккинчи жаҳон уруши бошлангач қабул қилинган. Унга кўра АҚШ томонидан немисларга қарши урушаётган давлатларга кенг миқёсда ёрдам кўрсатилган.
1941 йил 11 март куни АҚШ президенти Франклин Рузвелт Ҳитлер Германиясига қарши курашаётган давлатларга ҳарбий ёрдам кўрсатиш дастури – ленд-лиз ҳақидаги актни имзолайди. 1941 йил 22 июнда Германия СССРга ҳужум қилгач, АҚШдан ёрдам олувчи давлатлар қаторига совет иттифоқи ҳам қўшилади. Орадан 81 йил ўтиб АҚШ президенти Жо Байден иккинчи марта бундай қонунни имзолади. Бу сафар Россия босқинидан ўзини ҳимоя қилаётган Украинага ленд-лиз асосида ҳарбий ёрдам кўрсатилади.
Ленд-лиз тарихи
1939 йил 1 сентябр куни Германия Полшага ҳужум қилади. Бунга жавобан Буюк Британия ва Франция Германияга уруш эълон қилади. Шу тариқа инсоният бошига жуда катта кулфатлар солган Иккинчи жаҳон уруши бошланади.
1940 йилда Германия армияси Европанинг катта қисмини эгаллайди ва Лондонни ҳам бомбардимон қила бошлайди. Бу пайтда Буюк Британиянинг асосий иттифоқчиси бўлган Францияни немислар босиб олган, Германияга қарши туриши мумкин бўлган давлатлардан бири СССР Ҳитлер билан «дўстлик ва ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида» шартнома имзолашга улгурганди. Ана шундай оғир пайтда Буюк Британия АҚШдан ёрдам сўрашга мажбур бўлади.
1941 йил 12 август куни Британия бош вазири Уинстон Чёрчил ва АҚШ президенти Франклин Рузвелт ўзаро учрашиб, АҚШнинг ленд-лиз асосида Буюк Британияга кўрсатадиган ёрдами масаласида келишиб олишади.
Унгача 1941 йил 11 март куни АҚШ президенти Франклин Рузвелт Ҳитлер Германиясига қарши курашаётган давлатларга ҳарбий ёрдам кўрсатиш дастури — ленд-лиз ҳақидаги актни имзолайди. Шундан сўнг Германияга қарши урушаётган давлатларда АҚШдан имтиёзли шартлар асосида ҳарбий ёрдам олиш имконияти пайдо бўлади.
1941 йил 22 июнда Германия СССРга ҳужум қилгач, ўша йил кузда АҚШ президенти ленд-лиз асосида советларга ҳам ёрдам беришни кўзда тутувчи актни ҳам имзолайди. Шу тариқа совет иттифоқи ҳам имтиёзли шартлар асосида АҚШдан ҳарбий ёрдам олиш имкониятига эга бўлади.
Ленд-лиз шартлари
Гарчи Иккинчи жаҳон уруши тугаб, АҚШ билан муносабатлар совуқлашгач СССРда ленд-лизни «АҚШ ўз манфаатлари учун амалга оширган», деб талқин қилишган бўлса ҳам аслида ундай эмасди.
Франклин Рузвелт имзолаган қонунга кўра:
- АҚШ томонидан иттифоқчиларга етказиб берилган ва уруш вақтида фойдаланилган, йўқотилган ҳамда душманлар томонидан йўқ қилинган материаллар, машиналар, ҳар хил ҳарбий техникалар, қуроллар, хомашё, бошқа нарсалар учун ҳақ олинмайди.
- Ленд-лиз дастурига биноан берилган ва уруш тугагандан сўнг яроқли ҳолда сақланиб қолган турли техникаларни қарз олган давлат ўзида олиб қолишни хоҳласа, уларнинг ҳақи Америка бюджети ҳисобидан қопланади. Сўнг АҚШ уларнинг пулини узоқ муддатли фоизсиз кредит қилиб расмийлаштиради ва қарздор давлат қарзларини вазиятга қараб тўлиқ ёки қисман тўлаб беради.
- Мабодо АҚШ талаб қилган тақдирда уруш даврида яроқли ҳолда сақланган турли техникалар ва жиҳозлар урушдан кейин Америкага қайтарилиши шарт бўлади.
Юқоридаги шартлардан келиб чиқилса АҚШ ленд-лиз дастури асосида етказиб берган турли техникалар ва жиҳозларнинг ҳамда бошқа маҳсулотларнинг бир қисмига пул олади, холос. Унда ҳам узоқ йиллик фоизсиз кредит асосида. Жаҳон бозорида ҳарбий техникаларнинг жуда қиммат нархланиши инобатга олинса, бу уруш пайтида катта миқдорда ёрдам олган СССР учун жуда ҳам манфаатли келишув бўлган.
Ўшанда АҚШ президенти Франклин Рузвелт ленд-лизни изоҳлаб шундай деганди: Қўшнимнинг уйига ўт кетди. Менда оловни ўчиришда асқотадиган резина шланг бор. Агар қўшним ўтни ўчиришда менинг резина шлангимдан фойдаланишни хоҳласа мен бажонидил бериб тураман.
Россияда Рузвелтнинг бу машҳур сўзларини «Агар қўшнингни уйига ўт тушса, олов сеникига ҳам етиб келмасидан унга резина шлангларингни бериб тур», деб талқин қилишган.
Ленд-лиз — бу беғараз ёрдам эмаслиги, турли ҳарбий техникалар ва бошқа ёрдамлар олаётган давлат бир кун келиб барибир уларнинг пулини тўлаши лозимлиги ҳақида гапирадиганлар етарлича. Бундай гап-сўзларга ўз вақтида Франклин Рузвелт шундай деб жавоб берган:
«Уйига ўт кетган қўшним резина шлангни сўраганда, унга «Резина шланг менга 15 долларга тушган. Марҳамат, уни олиб ишлатаверинг, кейин менга 15 доллар тўланг, демайман. Менга 15 доллар керак эмас, қўшним оловни ўчиргач резина шлангимни қайтариб берса кифоя».
СССРга кўрсатилган ёрдамлар
1941 йил ёзда Германия армияси СССРга бостириб киргач Ҳитлер кузгача Москвани олишини, 1941 йил 7 ноябр куни Қизил майдонда ғалаба парадини ўтказишини эълон қилади. Аввалига барчаси немисларнинг режаси бўйича кетади. Тузукроқ ҳарбий техникалари бўлмаган ва қурол-яроғ таъминотида камчиликлар етарлича бўлган совет армияси жиддий қаршилик кўрсата олмайди ва немислар 1941 йилнинг кузида Москвага етиб келишади.
АҚШдан ёрдам етиб кела бошлагач вазият бироз ўзгаради. Халқнинг душманга қарши жипслашуви ва АҚШдан юборилган ҳарбий самолётлар, танклар, озиқ-овқатлар, ёнилғи ва бошқа ёрдамлар туфайли душман Москва остонасида тўхтатилади.
Уруш тугагунча, АҚШ умумий ҳисобда СССРга ленд-лиз дастури орқали жами 11 миллиард долларга тенг маҳсулотлар етказиб берган (доллар ундан кейин бир неча марта қадрсизланди ва бу маблағ ҳозирги ҳисобда 160 миллиард доллардан ошади).
АҚШдан СССРга 17 ярим миллион тоннага тенг турли хил товарлар, жумладан:
- 11 мингдан ортиқ самолёт,
- 12 мингта бронетехника,
- қарийб 2 мингта паровоз,
- 11 мингдан ошиқ вагон,
- 427 мингта турли русумдаги автомобиллар,
- 318 та турли русумдаги ҳарбий кемалар, машина ва ускуналар, озиқ-овқатлар, рангли ва қора металлар, кийим-кечаклар, материаллар, кимёвий реактивлар ҳамда бошқа нарсалар жўнатилган.
Ёрдам кўлами шу даражада кўп бўлганки, 4 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида жўнатилган аксарият маҳсулотлар, озиқ-овқат ва техниклаар ҳажми СССРнинг ўзида 1941–1945 йилларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажмининг 50 фоизидан ошиқроқни ташкил этган.
Масалан, 1941–1945 йилларда немисларга қарши урушда СССР фойдаланган портловчи моддаларнинг 30 фоизи, миснинг 40 фоизи, алюминий, кобальт, жун, темирйўл рельслари ва яна бошқа кўплаб маҳсулотларнинг 50 фоиздан ошиғи АҚШдан юборилган. Советлар АҚШдан бир неча миллион тонна бензин, керосин, дизел, авиабензин ва бошқа ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари олишган.
Уруш пайтида армия учун энг зарур нарса ҳисобланган порохнинг салмоқли қисми, яна консерва, шакар ва ўсимлик ёғлари тўлиқ АҚШдан юборилган.
Шунингдек, урушда совет армиясига асқотган ўша машҳур «Катюша»лар ҳам АҚШдан юборилган Studebaker Corporation компанияси тайёрлаб берган юк машиналарига ўрнатилган эди. Ўша пайтда СССРда «Катюша»ларни кўтарадиган ва қийин шароитда ҳам ҳаракатлана оладиган бундай юк машиналари бўлмаган.
Бундан ташқари, халқ орасида «Виллис» номи билан танилган енгил машиналар ҳам уруш пайтида ленд-лиз дастури асосида АҚШдан жўнатилганди.
АҚШ томонидан жўнатилган ҳарбий самолётлар немисларга қарши жангларда туб бурилишларга олиб келишдан ташқари, кейинчалик совет ҳарбий ва фуқаро авиация саноатига асос солинишига сабаб бўлади.
Уруш йилларида советлар АҚШнинг ёрдамини тез-тез эътироф этишган. Жумладан, Иосиф Сталин 1943 йилда Теҳрон, 1945 йилда Ялта конференцияларида АҚШнинг ёрдами учун миннатдорчилик билдирган, океан ортидан мисли кўрилмаган ёрдам етказиб берилмаганда урушда устунликка ва ғалабага эришиб бўлмаслигини таъкидлаганди.
Аммо уруш тугагандан кейин Шарқий Европани тасарруф этишда ўзаро келишмовчиликлар, шунингдек, Корея яриморолини бошқариш масаласида СССР ва АҚШнинг ҳарбий аралашуви ҳар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни анча совитиб юборади. Шундан сўнг СССРда немисларга қарши урушда АҚШ кўрсатган ёрдам «унутила» бошланади.
Иккинчи жаҳон урушида АҚШнинг СССРга ёрдами аҳамияти кейинчалик, ҳар икки мамлакат ўртасида «совуқ уруш» авж олганда советлар томонидан тескари тарғибот олиб борилишига ҳам сабаб бўлади. Бир пайтлар шахсан Сталин ва бошқа совет раҳбарлари ҳамда армия қўмондонлари кўрсатилган ёрдам учун АҚШга миннатдорчилик билдирган бўлса, энди ўша ёрдамлар «капиталистик АҚШ томонидан фойда учун қилингани» айтила бошланади.
Аммо бугун аксарият тарихчилар Иккинчи жаҳон урушида АҚШнинг ленд-лиз дастури доирасида СССРга кўрсатган ёрдами Ҳитлер Германияси устидан қозонилган ғалабада муҳим рол ўйнаганини айтишади. Уларга кўра ўшанда АҚШ ёрдамисиз советлар немисларни енга олмаслиги ҳам мумкин эди.
СССР ленд-лиз ҳақини қандай тўлаган?
Ленд-лиз шартига кўра СССР фақат яроқли сақланган ҳарбий техникаларни қайтариб бериши ёки уларни ўзига олиб қолиб, АҚШга пулини тўлаши шарт эди. Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг икки давлат СССР тўлаши лозим бўлган якуний миқдорни муҳокама қилишга киришади.
Ҳисоб-китоблар якуни бўйича СССРга кўрсатилган ёрдам миқдори қарийб 11 миллиард доллар бўлгани маълум бўлади. АҚШ шундан совет иттифоқи тўлаши лозим бўлган маблағни 2,6 миллиард доллар ҳисоблайди. Кейинги муҳокамаларда АҚШ бу маблағнинг ҳам ярмидан кечади ва СССР 1,3 миллиард доллар тўлаши белгиланади.
Аввалига СССР томони бу маблағни тўлашга эътироз билдирмайди. Аммо уруш тугагандан сўнг ҳар икки давлат ўртасида кескинлик ошиб боравергач, советлар бор-йўғи 170 миллион доллар тўлашларини маълум қилишади. Орадан бироз ўтиб ,СССР тўланиши лозим бўлган миқдорни 200 миллионга кўтаришини ва пулларни 50 йил давомида бўлиб тўлашини билдиради.
Табиийки бу АҚШни қаноатлантирмасди. Америкаликлар СССРдан 1 миллиард долларни 30 йилда бўлиб тўлашни талаб қилишади, аммо советлар кўнмайди. Шу тариқа музокаралар боши берк кўчага кириб қолади.
Кейинчалик дунёнинг турли чеккаларида ўз таъсир доирасини ўтказиш масаласида ҳар икки давлат ўртасида келишмовчиликлар баттар кучаяди ва советлар АҚШга умуман пул тўламайди.
Жумладан, 1951 йилда АҚШ қарз миқдорини 800 миллион долларга камайтиради. Аммо СССР уни тўлашдан яна бош тортади.
Фақат 1969-1974 йилларда АҚШ президенти бўлган Ричард Никсон даврида СССР-АҚШ муносабатлари бироз илиқлашади. Ана шу пайтда 1972 йилда ҳар икки давлат ўртасида Иккинчи жаҳон уруши давридан қолиб келаётган қарзларни тўлаш тартиби ҳақида шартнома имзоланади. Унга кўра СССР 30 йил давомида АҚШга 722 миллион доллар тўлаб беришга рози бўлади.
Шундан сўнг СССР америкаликларга уч марта жами 48 миллион доллар тўлайди. 1979 йилда СССРнинг Афғонистонга бостириб кириши туфайли АҚШ билан алоқалар яна ёмонлашади ва пул тўлаш тўхтатиб қўйилади.
1990 йилда СССР ва АҚШ президентлари қарз масаласида янги шартнома имзолашади. Унга кўра доллар анча қадрсизланиб кетгани учун СССР 2030 йилгача 40 йил мобайнида АҚШга 674 миллион доллар тўлаб беради.
СССР тарқаб кетгач унинг вориси бўлган Россия аввалига АҚШнинг қарзини тўлашдан бош тортади ва уни иттифоқдош республикалар барчаси биргаликда тўлаши лозимлигини айтади. Кейинчалик 1993 йилда Борис Елцин қарзни Россия тўлашини маълум қилади ва 2006 йилгача у тўлиқ тўлаб берилади.
Қисқача айтганда, Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳисобланган бир неча миллиард долларлик қарз орадан 50 йил ўтиб, арзимаган пул билан тўланган.
Ҳарбий ёрдам олган бошқа давлатлар
Иккинчи жаҳон уруши даврида АҚШ ленд-лиз доирасида биргина СССРга эмас, балки Ҳитлер Германияси ва Японияга қарши урушаётган бир нечта давлатга ёрдам берган.
Жумладан, Буюк Британия, Эрон, Франция, Хитой Республикаси (Тайван) каби давлатлар АҚШдан ёрдам олишган.
Буюк Британиянинг ленд-лиз дастурига биноан АҚШдан олинган ёрдам бўйича қарзи 4,3 миллиард долларни ташкил этган. Буюк Британия ҳудудида уруш ҳаракатлари бўлмаган. Бу давлат қуруқликдаги жангларга немислар анча кучсизланиб қолган 1943 йилдан қўшилгани учун аксарият ҳарбий техникалар соз ҳолда сақланиб қолган. Шу сабабли Буюк Британия АҚШга тўлаши лозим бўлган маблағ СССРга ҳисобланган қарздан кўпроқ эди.
Буюк Британия уруш даврида Канададан ҳам қарзга қурол-яроғ олиб, катта миқдорда қарз бўлганди. Расмий Лондон ҳар икки давлатга охирги пулларни 2006 йилда тўлаб берди ва қарзларни ёпди.
1946 йил 28 май куни Франция ва АҚШ ўртасида ленд-лиз дастурига биноан етказиб берилган қарзларни тўлаш масаласи муҳокама қилинади. Муҳокама сўнгида Франция АҚШ маҳсулотлари учун божларни камайтириши ҳисобига америкаликлар қарздан воз кечишади.
Ленд-лиз дастури бўйича Украинага ёрдам берилади
«2022 йилда Украинадаги демократияни ҳимоя қилишга қаратилган ленд-лиз» деб номланувчи қонун Конгрессга ҳали Россия Украинага бостириб киришидан аввал, январ ойида киритилган. 3 май куни Вакиллар палатаси катта устунлик билан (417 киши рози, 10 киши қарши бўлган) қонунни маъқуллади. Унгача ҳужжат АҚШ сенати томонидан ҳам маъқулланганди. Вакиллар палатасида қонун лойиҳаси кўпчилик томонидан маъқулланишига 24 феврал куни Россиянинг Украинага бостириб киргани ҳам сабаб бўлди дейиш мумкин.
Имзоланган қонунга кўра, эндиликда АҚШ президенти тўғридан тўғри Украинага ёки Россиянинг Украинага босқинидан жабр кўрган Шарқий Европа давлатларига қарз ёки ҳарбий қуролларни ижарага юбориш бўйича ҳукуматга топшириқ бериши мумкин. Қонун ўртадаги катта вақт оладиган бюрократик тўсиқларни чеклаб ўтишга имкон беради.
АҚШ уруш бошлангандан буён Украинага уч марта ҳарбий ёрдам юборди. Уларнинг ҳар бири 800 миллион долларни ташкил этган. Шунингдек, пул ва бошқа кўринишда ҳам ёрдам юборилган. 28 апрел куни Жо Байден Украинага ёрдам кўрсатиш учун Конгрессдан қўшимча 33 миллиард доллар сўраганди. 10 май куни АҚШ конгресси вакиллар палатаси Украинага 40 миллиард долларлик ёрдам кўрсатишни маъқуллади.
Оддий ҳолатда Украина АҚШдан ижарага олган қуролларини 5 йил ичида қайтиб бериши ва етказилган зарарни ўша вақтнинг ўзида тўлаши шарт бўларди. Энди бундай бўлмайди ва ленд-лиз дастури бўйича АҚШ ўз ихтиёридаги қуролларни Украинага узоқ муддатга ижарага бериши мумкин.
Шунингдек, бу қонун Байден администрациясидан Конгрессга Украинага юбориладиган ҳар қандай қурол ҳақида ҳисоб бериш мажбуриятини вақтинча олиб ташлайди. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, эндиликда АҚШ Украинага катта миқдорда оғир қуроллар юбориши мумкин. Бу эса ҳозир Россия билан тўхтаб қолган музокараларда тикланадиган бўлса, Украинага устунлик беради.
Ғайрат Йўлдош тайёради.
Мавзуга оид
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
16:25 / 09.11.2024