Иқтисодиёт | 16:06 / 13.05.2022
46718
9 дақиқада ўқилади

Европа учун тиллага айланаётган рус гази: бу «шантаж»ми ёки санкцияларга жавоб?

Россия Украинага ҳужум қилгач, Ғарб давлатлари РФга нисбатан 5 марта кетма-кет иқтисодий санкциялар қўллади. Россия бунга жавобан ўзи ЕИ давлатларига экспорт қилувчи энергия ресурслари билан «шантаж» қилиб келмоқда.

Жумладан, аввалроқ РФ «нодўст давлатлар»дан газ ва нефт учун рублда ҳақ тўлашини талаб қила бошлади. Бундан бўйин товлаган айрим давлатлар (Польша ва Болгария)ни газ таъминотидан тўлиқ узди. Айрим давлатлар ўзлари Россия газини рад эта бошлашди.

11 май куни эса Россия ҳукумати 31 та хорижий компанияга нисбатан санкциялар эълон қилди. Улар қаторида «Газпром»нинг хориждаги шуъба корхоналари ҳам бор. Жумладан, «EuRoPol GAZ» компанияси тасарруфидаги «Ямал – Европа» газ қувурининг Польшадаги участкаси орқали «Газпром» газ ўтказилиши тўхтатилганини ҳам расман эълон қилди.

Варшавадаги «EuRoPol GAZ» компанияси. Фото: wikimedia.org

Маълумки, ҳозирги кунда ЕИ давлатлари санкцияларнинг олтинчи пакетига РФ нефтига нисбатан тўлиқ эмбарго жорий этиш устида бош қотирмоқда. Бу қадамни Россия энергия ресурсларига кўпроқ боғлиқ бўлиб турган Венгрия, Словакия ва Чехия каби давлатлар кўп ҳам хушлашмаяпти.

Чунки маълум бир муддат ўтгач Россия нефтининг ўрнини боса оладиган муқобил топса бўлар, бироқ Россия газига муқобил топиш қийин. Россия ўтган давр ичида ЕИнинг кўплаб давлатларини амалда «газ нинаси»га «ўтқазиб» қўйган. Муқобил йўналиш учун энг аввало зарур инфратузилма йўқ. АҚШ, Канада ва Форс кўрфази давлатларидан суюлтирилган газ ташиш эса каррасига қимматга тушади.

Европа рус газидан узиладими?

Европа давлатларини газдан узиш — гарчи иложи бор бир дақиқалик ишдек кўринса-да, аслида бу ойларни талаб қиладиган ҳодиса. РФ ҳукумати қошидаги Молия университети эксперти Игор Юшковнинг айтишича, экспортни тўхтатган Россия газ қазиб олишни ҳам тўхтатиши керак бўлади.

Игор Юшков. Фото: sputniknewslv.com

«Чунки Россия Европага экспорт қилинаётган газ ҳажмини муқобил йўналишларга йўналтирувчи қувурларга эга эмас. Москва шундай радикал қадам боса оладими, деган бошқа савол ҳам ўртага чиқади. Владимир Путин миллий ишлаб чиқарувчилар жаҳон бозорига энергия ресурсларини ишончли етказиб берувчилар статусини жуда қадрлашини бир неча марта такрорлаган. Кранлар ёпилса, биз йиллар давомида мисқоллаб тўпланган тарихий нуфузнинг устидан чизиқ тортамиз», — деган Юшков. 

Россиянинг газ қувурлари

Россия 2021 йилда узоқ хориж давлатларига 185 млрд куб метр газ экспорт қилган. Уларнинг катта қисми (130 млрд куб метрдан ортиғи) Европа давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Истеъмол ҳажмининг 30 фоизи рус газидан иборат бўлган Европа газдан узилиб, оқим Хитойга йўналтирилса, «Сила Сибири» газ қувури тўлиқ қувват билан ишлаганида ҳам йилига 50 млрд куб метр газ ўтказа олади, холос.

Россиядан Европага тортилган газ қувурлари. Фото: narzur.ru

«Шимолий оқим—2» қувури — Болтиқ денгизидан Германия ва бошқа давлатларга 2021 йил мобайнида 59,2 млрд куб метр газ ўтказилган (қувурнинг лойиҳавий қуввати 55 млрд куб метр). Айни пайтда экспортнинг асосий йўналиши ва суткасига 170 млн (йилига 62 млрд) куб метр газ ўтказилади.

Шу йўналишдаги, қуввати йилига 55 млрд куб метр бўлган «Шимолий оқим–2» қувури қурилиб, ишлатишга тайёр ҳолатга келтирилган, бироқ Германия ҳукумати Россия ДХР ва ЛХРни мустақил давлат сифатида тан олгач, мазкур газ қувурини сертификатлашни тўхтатиб қўйди.

Украина коридори орқали Россия гази асосан Словакияга, сўнгра Австрия ва Чехияга ҳамда Европанинг бошқа давлатларига ўтказилади. 2021 йилда 37 млрд куб метр газ ўтказган. 2022 йил 1 майдан бошлаб транзит суткасига 90 млн куб метрни ташкил этаётганди. Бироқ Украина 11 майдан эътиборан фақат битта кириш нуқтасини қолдирди ва оқим суткасига 65,7 млн (йилига 24 млрд) куб метргача камайди.

Беларус коридори (шу жумладан, Польша орқали Германияга борадиган «Ямал – Европа») — 2021 йилда 33 млрд куб метр газ ўтказган. Айни пайтда бу қувурда оқим тескари йўналишда — Германиядан Польшага оқмоқда. Россия томонидан қўлланган санкциялар туфайли «Газпром»га Польша участкасини ишлатиш тақиқланган.

Қора денгиз орқали ўтадиган «Турк оқими» ҳамда Туркиянинг ўзига борадиган «Зангори оқим» орқали 2021 йилда 15,98 млрд куб метр газ ўтказилган. Туркия ва Жанубий Европа давлатларига борадиган «Турк оқими» қувури орқали 2021 йилда 12 млрд куб метр газ ўтказилган бўлиши мумкин, деб ёзади РИАН. Газнинг 9 миллиарди Европа давлатларига етказилган. 

«Россия ўйинда дов миқдорини оширмоқда»

Миллий энергетик хавфсизлик фонди ва РФ ҳукумати қошидаги молия университети етакчи эксперти Станислав Митраховичнинг ҳисоблашича, «Газпром»нинг Европадаги шуъба корхоналари санкция рўйхатига тиркалиши уларнинг национализация қилинишига ўзига хос жавоб бўлган.

Станислав Митрахович. Фото: cdni.vm.ru

Афтидан, «Газпром» Ғарбнинг санкцияларига жавобан айнан шу компанияларга газ етказиб бермоқчи эмас. «Газпром»-ку, газни етказиб берган бўларди, бироқ формал жиҳатдан унда бундай имконият йўқ, чунки Россия ҳукумати бу чеклов чораларини жорий этган, дея экспертнинг сўзларини келтирмоқда RTVI.

«Менимча, бу йўл билан Россия ўйиндаги дов миқдорини оширмоқда — Европада газ танқислигини вужудга келтириб, уларни рублда ҳисоб-китоб қилишга мажбурламоқчи, шунингдек, мавжуд газ қувурлари орқали газ ўтказиш ҳажмини кўпайтирмоқчи. Ўйиндаги дов миқдори ошиши Россия томонидан «Ямал – Европа» қувуридан фойдаланишни бас қилгани бўлди», — деган Митрахович.

«Шимолий оқим–2» газ қувури. Фото: rusgosnews.com

Экспертнинг қайд этишича, бу келажакни — ойларни, йилларни олдиндан ўйлаб ташланган қадам. Мавжуд сиёсий конъюнктурада бу ҳақда гап очиш ўринсиздир, лекин ойлар ва йиллар истиқболи ҳисобга олинадиган бўлса, «Европаликлар, сизлар унутманглар, ҳали ишлатишга шай ҳолатда турган «Шимолий оқим–2» қувури ҳам бор, истак бўлса уни ҳам ишлатиш мумкин», қабилидаги шама ҳам бор. Бу — қарама-қаршиликнинг мантиқий давоми ва у Россия ҳам ўйинда дов миқдорини ошира олишини намойиш этади», деб ҳисоблайди Митрахович. 

Украина ҳам вентилни буради

Украина газ транспортировка тизими оператори Луганск областидаги «Сохрановка» газ ўлчаш станцияси ва «Новопсков» компрессор станцияси Россия қўшинлари томонидан эгаллангани учун форс-мажор ҳолати эълон қилди. Россиядан Европага ўтадиган газ транзитининг учдан бир қисми тўхтатиладиган бўлди.

«Сохрановка» газ ўлчаш станцияси. Фото: minfin.com.ua

Украина ГТТ операторининг маълум қилишича, «Новопсков» КС Луганск областидаги биринчи компрессор станция бўлиб, у ердан Россиянинг Европага етказиладиган газининг учдан бир қисми (суткасига 36 млн куб метр) ўтади.

«Газпром» расмий вакили Сергей Куприянов гарчи компрессор станцияси россияликлар қўлига ўтган бўлса-да, форс-мажор ҳолати жорий этиш учун сабаб йўқлиги, украиналик мутахассислар станцияда ишлашда давом этишаётганини билдирган. «Нафтогаз-Украина» томонининг тўхтатилган газ ҳажми транзитини «Суджа» газ ўлчаш станциясига ўтказиш тўғрисидаги таклифи эса технологик жиҳатдан имконсиз деб баҳоланган.

Сергей Куприянов. Фото: gazprom.ru

Айни пайтда Европага газ экспорт қилиш билан боғлиқ турли рисклар вужудга келаётгани ортидан жаҳон бозорларида табиий газ нархи кўтарилиши кузатилмоқда. Қолаверса, «газ урушлари» туфайли «Газпром»нинг апрел ойидаги экспорти ҳажми 24 фоизга қисқарган.

Кўриниб турибдики, вазият ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эмас. Европага газ етказиш тўхтатиладиган бўлса, Россиядаги газ конлари ҳам тўхтайди. Бунча ҳажмни сақлаш, етказиш учун имкониятлар йўқ. Европа давлатлари газ учун рублда ҳақ тўлашни рад этиб, рус газидан воз кечадиган бўлса, бир неча карра қимматроқ газ топишга мажбур бўлади. Улар истеъмол қиладиган ҳажмни зудтар етказиб бера оладиган бошқа давлатнинг ўзи йўқ.

Кундан кунга мураккаблашиб бораётган вазият Европада энергетика инқирози ва унинг кетидан иқтисодий бўҳронларни келтириб чиқариши тайин. Буларнинг барчасига Украинада тезроқ тинчлик қарор топиши нуқта қўйиши мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид